Афсонавий баскетболчи Коби Брайант авиаҳалокатга учраб вафот этганига икки йил тўлди.

Фото: Getty Images

Бортида 41 ёшли Брайант бўлган вертолёт 2020 йил 26 январь куни Калифорнияда ҳалокатга учраган. Вертолётнинг қулаши натижасида жами беш киши, жумладан, Кобининг қизи Жанна Брайант ҳам вафот этган. 2022 йил 26 январь куни баскетболчининг вафотига икки йил тўлди. Шу муносабат билан «Дарё» спорт оламидаги энг даҳшатли авиаҳалокатларни эслаб ўтади.

Мавзуга доир: «Одамларга чақириқ ташлаш менга ёқарди». Мудҳиш ҳодиса сабаб ҳалок бўлган баскетбол афсонаси Коби Брайантни хотирлаб

«Торино» футбол клуби, 1949 йил 4 май

Фото: Туттоспорт

«Торино» 1940 йилларда Италиянинг энг кучли клуби эди. Миллий кубокни кетма-кет беш маротаба қўлга киритганидан сўнг жамоани «Гранд Торино» деб атай бошлашди. Етти йил ичида клуб беш марта скудеттони қўлга киритганди ва Италия футболи тарихида олтин дубль қайд этган биринчига жамоага айланганди. «Торино»нинг буюк тарихи жамоа аъзолари, раҳбарлар ва бир нечта журналистлар бўлган самолёт 1949 йил 4 май куни Лиссабондан «Бенфика»га қарши ўртоқлик учрашувидан қайтаётганда ўз поёнига етади. Фожиа оқибатида 18 футболчи ва жамоанинг 13 нафар ходими вафот этди.

Барселонада ёнилғи қуйган лайнер Турин томон йўл олади, аммо белгиланган манзилдан 12 километр узоқликда кучли туманга дуч келинади. Учувчи инстинктларига суянган ҳолда қўнишни амалга оширмоқчи бўлади ва самолёт қаноти билан маҳаллий тепаликларнинг бирида қурилган панжараларга тегиб кетади. Шундан сўнг самолёт ерга қулайди, бортдагилардан эса ҳеч ким омон қолмайди. Ўша жамоадан жароҳати туфайли уйда қолган Лауро Томагина бахтли тасодиф туфайли ўлимдан қутулиб қолган. Италия футбол федерацияси фожиадан сўнг жамоага чемпионлик совринини тақдим этди.

«Манчестер Юнайтед» футбол клуби, 1958 йил 6 февраль

Фото: The Sun

1950 йилларда клуб академиясида энг истеъдодли футболчилар авлоди йиғилган эди. Футболчиларининг ёши йигирмага ҳам етмагани учун жамоани «Басби болалари» деб аташарди. 1958 йил 6 февралда содир бўлган авиаҳалокат уларнинг ҳаётини барбод қилди. Англияликлар Белграддан, «Црвена Звезда»га қарши ўйиндан қайтаётган эди, самолёт Мюнхенда ёнилғи қуйишга тўхтайди. Шундан сўнг учоқ чап двигателидаги носозликлар туфайли икки марта ҳавога кўтарила олмайди, аммо экипаж командири учинчи бор ҳам уринишга қарор қилади.

Бунинг устига ўша куни кучли қор ёғаётганди, самолёт учиш-қўниш йўлаги охирида тезликни йўқотади. Аэропорт тўсиғини ёриб ўтган самолёт турар-жой биносига бориб урилади. Ўша пайтда бортда 44 киши бўлиб, улардан йигирма нафари вафот этади. Улар орасида уч мураббий ва «Манчестер Юнайтед»нинг саккиз футболчиси ҳам бор эди.

Ҳалокат миллий фожиага айланди. Воқеадан сўнг Англия қироличаси нафақат вафот этган футболчиларнинг қариндошлари ва дўстларига, балки, бутун халққа ҳамдардлик билдирди.

Фигурали учиш бўйича АҚШ терма жамоаси, 1961 йил 15 февраль

Фото: Twitter

Америкалик фигурали учувчиларнинг иқтидорли галактикаси бутун дунё спорт мухлислари қалбини забт этганди. Миллий терма жамоа етакчиси Лоуренс Оуэн Прагада бўлиб ўтган фигурали учиш бўйича Жаҳон чемпионатидан олдин Sports Illustrated журнали юзига айланган эди. 15 февраль куни АҚШ терма жамоаси Прагадаги мусобақага бориш учун Брюсселга учиб кетади. Бортида спортчилари бўлган самолёт қўнаётган вақтда портлаб кетади. 72 нафар йўловчи вафот этди. Фақатгина юкхона бўлимида бўлган ит тирик қолади.

Фожиадан сўнг жаҳон биринчилиги бекор қилинди. Қўшма штат аҳолиси шу қадар шокка тушганидан қайғули хотиралар сабаб, бир муддат фигурали учиш ўйинларини кузатмади. Ҳатто президент Жон Кеннеди ҳам чуқур қайғуга ботгани учун халққа ҳамдардлик сўзларини у эмас, укаси, сенатор Роберт етказди.

«Пахтакор» футбол клуби, 1979 йил 11 август

Фото: «Пахтакор»

Ушбу ҳалокат совет спорти тарихидаги энг даҳшатли фожиа ҳисобланади. Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси СССРнинг энг муваффақиятли клубларидан бири эди. 1979 йил 11 август куни жамоа «Динамо»га қарши ўйин учун Минскка қараб учади. Парвоз вақтида ТУ-134 бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Самолётлардан бирининг қаноти бошқасининг фюзеляжини тешиб ўтади. Натижада иккаласи ҳам портлайди. Самолётлардаги 178 нафар йўловчи, шу жумладан, «Пахтакор»нинг 14 нафар футболчиси ва уч нафар ходими ҳалок бўлади.

Шу куни Леонид Брежневнинг парвози туфайли ҳаво йўлларида тартибсизликлар юзага келгани, бу эса фожиага олиб келиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Даҳшатли ҳалокатдан 12 кун ўтиб, «Пахтакор»нинг тирик қолган ўйинчилари майдонга қайтди. Улар ҳалок бўлган дўстлари хотирасига ҳурмат сақлаган ҳолда СССР чемпионатида ўйнашда давом этди.

Уларнинг энг кичиги 19 ёшда эди. «Пахтакор-79» фожиасига 42 йил тўлди

«Локомотив» хоккей клуби (Ярославл), 2011 йил 7 сентябрь

Фото: «Совспорт»

Континентал хоккей лигасида (КХЛ) ҳаракат қиладиган жамоанинг деярли барча аъзоси ҳаётига зомин бўлган фожиа 2011 йил 7 сентябрь куни юз берди. Ўша куни Ярославлнинг «Локомотив» жамоаси мавсумнинг биринчи ўйини учун Минскка учган эди. ЯК-42 самолёти «Туношна» аэропортидаги парвозидан бир неча сония ўтиб, қулади. Ҳалокат оқибатида ўйинчилар, мураббий ва жамоа ходимлари воқеа жойида вафот этди. Ягона тирик қолган инсон Александр Галимов эди. У ҳам беш кундан сўнг шифохонада вафот этди. Фожианинг сабаби экипажнинг хатоси эди.

Хоккей тарихидаги қора кун. «Локомотив» хоккей клубининг фожиали авиаҳалокатига 10 йил тўлди

«Шапекоэнсе» футбол клуби, 2016 йил 28 ноябрь

Фото: The Sun

2016 йилда жамоа фаолиятининг юқори чўққисига эришган, Жанубий Америка Кубоги финалига қадар етиб борганди. Бахтга қарши, «Шапекоэнсе» ўз тарихидаги энг муҳим баҳсда иштирок эта олмади. 2016 йил 28 ноябрь куни ичида футболчилари бўлган самолёт Колумбиянинг Рионегро дарёси яқинидаги Антиокия провинциясига қўнмасдан туриб ҳалокатга учради.

Лайнер бортида 72 нафар йўловчи ва 9 нафар экипаж ходими бор эди. Олти киши омон қолди, улар орасидан уч нафари футболчи эди. Воқеадан сўнг «Атлетико Насьонал» Жанубий Америка футбол конфедерациясидан финалдаги рақиби «Шапекоэнсе»ни мусобақа чемпиони деб эълон қилишни сўради.

«Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Кейин эса қулашни бошладик». «Шапекоэнсе» ҳалокатига уч йил тўлди

Футболчи Эмилиано Сала, 2019 йил 21 январь

Фото: Goal

Эмилиано Сала 28 ёшида фожиали тарзда ҳалок бўлди. «Нант»нинг аргентиналик ҳужумчиси «Кардифф» билан шартнома имзолайди. 2019 йил 21 январь куни у Уэльсга жўнаб кетади. Бироқ Кардифф томон парвоз вақтида у ўтирган самолёт Ла-Манш сутидан ўтаётган вақтда бедарак йўқолади.

Бир неча кундан сўнг футболчининг оиласи ва кўнгиллилар томонидан ёлланган махсус қидирув гуруҳи самолёт қолдиқлари ва Эмилианонинг жасадини топади. Аргентиналик ўз ватанига, Санта Фе шаҳрига дафн этилди. Сала хотирасига бағишлаб, унинг биринчи клуби «Сан Мартин де Прогресо» ўз стадионига футболчининг номини берди.