Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Январь ойининг аввалида Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида (Манғистов вилоятидаги шаҳар) суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши митинглар бошланди. Кейинроқ Олмаотада намойишчиларнинг хавфсизлик ходимлари билан тўқнашуви кузатилди. 6 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучларини Қозоғистонга жўнатди. 7 январда Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланганини эълон қилди.

10 январь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозоғистондаги тартибсизликларга бағишланган онлайн йиғилишида Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши кераклини айтиб ўтди. 11 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент мажлисида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучларининг Қозоғистондаги асосий миссияси якунланганини маълум қилди.

«Дарё» мазкур масалалар юзасидан экспертлар билан суҳбатлашди.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев

Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев
Фото: «Дарё»

Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев: «Авваламбор шуни айтиш керакки, президентимизнинг ташаббуси билан, бевосита ҳаракати билан Марказий Осиё руҳи деган макон пайдо бўлди. Бунда ҳудуддаги барча давлатлар бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан, савдо-гуманитар ва маданий алоқалар нуқтаи назаридан жуда яқинлик ва шу ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда янги бир сиёсий реаллик пайдо бўлди. Бу ерда давлатлар ўртасидаги дўстлик жуда мустаҳкам ривожланиб боряпти, бошқача айтадиган бўлсак, бу бир тизим сифатида шаклланиб бормоқда. Демак, шу тизимнинг ичидаги бирор-бир давлатда салбий ҳодиса ва жараёнлар юз берадиган бўлса, албатта, бошқаларга ҳам таъсир қилади. Шу нуқтаи назардан, масалан, дейлик, Қозоғистондаги бўлиб ўтаётган воқеаларнинг акс-садоси, унга нисбатан воқеаларнинг бориши Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатларга ҳам таъсир қилади. Биринчи таъсири, албатта, савдо-иқтисодий нуқтаи назардан, биз биламизки, оддий бир можародан бошланган, яъни, газнинг нархи кўтарилишидан бошланган талаблар сиёсийлаштириб юборилди. Бу ерда бундан бошқа кучлар фойдаланиб мамлакат миқёсида хаосни келтириб чиқарди. Ҳамма жой тўхтаб қолди. Жумладан, иқтисодий соҳадаги, завод, фабрика ва кичик ишлаб чиқариш субъектлари тўхтаб қолди. Яъни тадбиркорларнинг иши тўхтаб қолди. Маълумки, бу тадбиркор ва заводларнинг Ўзбекистон ва минтақанинг қолган давлатлари билан алоқалари мавжуд. Албатта, уларда маҳсулотлар етиб келиши ёки биздан уларга маҳсулот етиб бориши ҳам пасайиб кетди. Табиий равишда, одамларнинг турмуш даражасига, кундалик харажатларини қоплаш имконияти пасайиб кетди. Бундан ташқари, ҳудуддаги аҳоли тарихий, маданий жиҳатдан, бир-бири билан қон-қариндошлик жиҳатидан жуда яқин боғланган. Сўнгги беш йил ичида булар янада ривожланган эди. Албатта, Қозоғистондаги бу ҳолат, масалан, дейлик, чегараларнинг ёпилиши, қаттиқ назоратнинг ўрнатилиши яна шу одамлар ўртасидаги борди-келдининг, қариндошлар ўртасидаги алоқаларнинг ҳам тўхтаб қолишига олиб келди. Демак, кўриниб турибдики, бу ҳолатлар ҳудуддаги ижтимоий-маданий ҳаётдаги муҳитнинг ҳам бузилишига олиб келмоқда. Албатта, биз ўйлаймизки, бу муаммоларнинг ечилиши аниқ ва келажакда бу нарсалар ҳал бўлади, деган фикрдамиз».

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов
Фото: «Дарё»

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов: «Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда Қозоғистон йирик савдо ҳамкорига айланган. Агар буни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирги кунда Қозоғистон халқаро савдо айланмасининг 3-ўрнида турадиган давлат ҳисобланади. Биринчи ўринда Хитой бўлиб, савдо айланмасининг 18 фоизни ташкил қилди, ундан кейинги ўринда Россия 17,4 фоизни ташкил қилса, кейинги ўринда 9,3 фоиз билан Қозоғистон ташкил қилади. Демак, биз қайси йўналишларда кўришимиз мумкин? Биринчи навбатда, Қозоғистон биз учун энг катта миқдордаги нефть импорт қиладиган давлат ҳисобланади. Ёнилғи мойлаш материаллари, пўлат, чўян, дон, гўшт ва гўшт маҳсулотларини Қозоғистондан олиб келамиз. Ва ўз навбатида, Ўзбекистон Қозоғистонга қишлоқ-хўжалик маҳсулотларини, автомобиллар, маиший техникаларни экспорт қилади. президентимиз ҳам бу йўналишда катта ишларни амалга оширмоқда ва ўртадаги савдо айланмасини ошириш бўйича катта чора-тадбирлар қабул қилинган. Масалан, 2021 йилда бизда 4 миллиардга яқин савдо бўлган бўлса, яқин келажакда 10 миллиардга етказиш режалари турибди. Албатта, бу нарсалар, қилинаётган чора-тадбирларнинг муваффақиятли амалга ошиши Қозоғистондаги тинчлик билан боғлиқ ҳисобланади».

Юридик фанлари доктори Хушвақт Ҳайитов

Юридик фанлари доктори Хушвақт Ҳайитов
Фото: «Дарё»

Юридик фанлари доктори Хушвақт Ҳайитов: «Қўшни мамлакатда бўлаётган жараёнларни биз ҳам кузатиб турибмиз. Ҳақиқатан, 2 январь куни бошланган сиёсий ҳаракат ва норозилик кайфияти дастлаб тинч йўл билан бошланган. Бу ҳақиқатан ҳам давлат органларига қонуний мурожаат қилиб, у ечимини топиши ва давлат органлари томонидан мавжуд муаммоларга оптимал ечим топиш нормал ҳолат ҳисобланди. Намойишларга чиққан фуқароларнинг мақсади эзгу бўлганда, одам ўлдирмаган бўларди, тадбиркорларнинг ёки фуқароларнинг ҳаётига хавф солмаган бўлар эди. Лекин афсуски, ижтимоий тармоқларда кўряпмизки, улар тўғридан-тўғри жиноят қилишга ўтиб кетди. Фуқароларнинг мулкини талон-тарож қилди, уйини вайрон қилди, тўғридан-тўғри ўзаро низоли ҳолатларга борилганини кўрдик. Бу ҳолатда мамлакат тақдири жуда ҳам хатарли аҳволга келиб қолганини кўришимиз мумкин. Худо сақлади, деймизки, ҳозирги ҳолат анча изига тушиб, давлат органлари ўз фаолиятини бошлади. Яъни конституциявий тузум ҳозир нормал ишлашни бошлади. Лекин бунақа давлат тўнтаришига, конституциявий тузумга қарши ҳаракат қилиш бирор-бир мамлакат тарихида ўзини оқлаб, халққа ёруғлик олиб келмаган. Фақат халқ йўқотган, бойлигидан айрилган, энг хавфли жойи — мамлакат мустақиллиги ҳам хавф остида қолади. Мамлакатнинг ички ва халқаро имижининг тушиб кетиши, мамлакатнинг ташқи иқтисоди бақувват мамлакатларга қарам бўлиш хавфини барпо қилиш халқнинг манфаатига тўғри келмайди ва халқ ҳар томонлама ютқазади».

Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев: «Ҳозирги ҳолатга эътибор берадиган бўлсак, бундан биринчи навбатда зарар кўрган субъектлар аҳоли бўлиб қолди. Одамларнинг шахсий машиналари ёқиб юборилди ёки давлат биноларига ўт қўйилди, давлат ташкилотлари ходимларига қарши қурол ишлатилди. Бундан ташқари, жуда катта иқтисодий зарар келтирилди. Савол туғилади, буни ким тўлайди? Ниманинг ҳисобидан тўлайди? Бориб-бориб, халқнинг гарданига тушади ва солиқ ҳисобидан тўланади. Одамларнинг ишлаб топаётган пулидан яна шу нарсаларни қайтадан тиклашга ва жой-жойига қўйиш учун қилинади. Биринчи навбатда айтиш керак, халқнинг бу ерда ҳеч қандай манфаати йўқ. Тарих ҳам, замонавий давлатчилик ҳам шуни кўрсатадики, бундай муаммолар кўчага чиқиш, оммавий тартибсизликлар орқали ҳал қилинмайди. Бу муаммолар тўхтовсиз, узоқ давом этадиган ислоҳотлар билан ҳал қилинади».

Мусулмонбек Иброҳимов суҳбатлашди

Изоҳ
Асосий янгиликлар