Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

21 декабрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон республика парламентига йиллик мурожаатини йўллади. Президент нутқи мамлакатнинг барча давлат телерадиоканаллари орқали эфирга узатилди. Asia-Plus ундан асосий маълумотларни хабар қилди.

Фото: Эфирдан скриншот

Фото: Эфирдан скриншот

Эмомали Раҳмон сўнгги 20 йилда Тожикистонда ўртача йиллик иқтисодий ўсиш 7,5 фоиз даражасида таъминлангани, давлат бюджети даромадлари 252 миллион сомони (22,3 млн доллар)дан 28 миллиард сомони (2,4 млрд доллар)гача етгани ҳақида гапирди

Унга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2000 йилдаги 1,8 миллиард сомони (159,4 млн доллар)дан 2021 йилда 95 миллиард сомони (8,4 млрд доллар)га етган.

«Бошқача айтганда, ЯИМ қарийб 53 баробар, давлат бюджети 111 баробар, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 30 баробардан кўпроққа ошди», — деди давлат раҳбари.

Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, Тожикистон мустақиллиги даврида 1,4 миллион оилага турар жой бинолари қуриш учун 138 минг гектар ер майдони ажратилган.

«8 миллион 800 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз ўз турмуш шароитини яхшилаш имкониятига эга бўлди. Эслатиб ўтаман, мустақиллик давридан олдинги 70 йилда аҳолига атиги 77 минг гектар ер ажратилган эди», — деди президент.

Шунингдек, у 1991 йилда Тожикистонда 216 минг шахсий автомобиль рўйхатга олингани, ҳозир эса бу кўрсаткич 2 миллиондан ошганини таъкидлади.

Иш ўринлари ҳақида

Эмомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, Тожикистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда 3,3 миллион иш ўрни яратилган.

Давлат раҳбари 2022—2026 йилларни саноатни ривожлантиришнинг беш йиллик даври деб эълон қилди ҳамда 500 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, аҳоли даромадларини икки баравар ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Тожикистон аҳолиси 2022 йилда 10 миллион, 2026 йилга бориб 11 миллион кишига етади, деди президент.

Қишлоқ хўжалиги ҳақида

Тожикистон президенти 2021 йилда сабзавот ва мева экспорти ўтган йилга нисбатан 70 минг тоннага кўпайгани, «лекин бу етарли эмаслигини» айтди.

«Йилига 1 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишимиз керак», – деди давлат раҳбари.

Шунингдек, у банкларга кредит бериш ҳажмини 2026 йилгача 30 миллиард сомонига (2,6 млрд доллар) етказиш бўйича топшириқ берди.

Фото: Эфирдан скриншот

Фото: Эфирдан скриншот

Таълим ҳақида

Эмомали Раҳмон ўз мурожаатида таълим тизимини, жумладан, мактаб ва олий ўқув юртларида хорижий тилларни ўқитиш усулларини қаттиқ танқид қилди.

«Биз ўзимизни алдаяпмиз. Биз учун таълим сифатидан кўра рақамлар муҳимроқ. Фақат диплом — бир варақ қоғоз бериш билан шуғулланамиз. Мияда эса ҳеч вақо йўқ. Биз таълим тизимини қайта кўриб чиқишимиз керак», — деди президент.

Шунингдек, Эмомали Раҳмон 2030 йилгача аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни буюрди.

Asia-Plus қайд этишича, Тожикистонда айни пайтда тиббиёт ходимларининг 68 фоизи, таълим соҳаси ходимларининг 73 фоизи, фан ходимларининг 27 фоизи аёллардир.

Мамлакат раҳбари 2030 йилгача давлат органларида ишлайдиган аёллар сонини 30 фоизга, раҳбар аёллар сонини эса камида 25 фоизга етказиш учун шарт-шароит яратиш тўғрисида топшириқ берди.

Фото: Эфирдан скриншот

Фото: Эфирдан скриншот

Коронавирус ҳақида

«Дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавируснинг янги тўлқини кузатилмоқда. Гарчи бизда янги тўлқин бўлмаса-да, аҳоли хотиржам бўлмаслиги керак. Бу касаллик билан ҳазиллашмаслик, унга бефарқ қарамаслик лозим», — деди Эмомали Раҳмон ўз нутқида.

Давлат раҳбари аҳолини шифокор ва мутахассисларнинг тавсияларига амал қилишга чақирди.

«Хориждан қайтган фуқаролар шифокорлар назоратида бўлиши керак. Биринчи навбатда бу уларнинг оила аъзолари саломатлиги учун муҳим. Бугунги кунда мамлакатимизнинг катта ёшли аҳолисининг 60 фоизи эмланган, эмлаш суръатини ошириш зарур», — деди Тожикистон президенти.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Виртуал карталар нима ва улардан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?
Дунё
Twitter офисида ходимлар учун каравотлар пайдо бўлди, Илон Маск аввалроқ меъёридан ортиқча иш бўлиши ҳақида огоҳлантирганди
Маҳаллий
Хоразмда икки киши ис газидан вафот этди