Коронавирус пандемияси нафақат руҳиятимиз, соғлиғимиз, яна жисмимиз ўзгаришига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Айнан шу оралиқда ташқи кўринишни ўзгартириш бўйича операцияларга талаб кескин ошди. Масофадан ишлаётганларнинг кўпчилиги видеоқўнғироқ, онлайн мажлис, видеосуҳбатлар сабаб пластик жарроҳларнинг мижозига айланиб, Lockdown Face атамасини ҳам истеъмолга киритишга улгурди. «Пешонамда ажинлар кўп, бурним қийшиқ», «Лабларимни тузатиш керак», «Бодомқовоғимни йўқотиб, кўзларимни дум-думалоқ қилиб беринг» деган мурожаатлар шу даврда беҳад ошганини рақамлар ҳам акс эттирмоқда. «Дарё» мухбири пластик операциянинг Ўзбекистонда ҳам нечоғлик ўзгараётгани, ўтган карантин даврида қандай янгиликлар рўй берганини ўрганди.
Бугун Ўзбекистонда пластик жарроҳлик иккита: реконструктив ва эстетик йўналиш бўйича амалга оширилади.
Реконструктив пластик жарроҳлик амалиёти туғма ва орттирилган нуқсонлар — бош суяги аномалияси, юқори ва пастки жағларнинг туғма ва орттирилган деформациялари, куйиш, автоҳалокат, оғир касаллик сабабли орттирилган нуқсон ва деформациялар оқибатларини бартараф этиш, тўғрилаш, тана аъзоларига маълум вазифаларини қайтариш мақсадида амалга оширилади.
Эстетик пластик жарроҳлик амалиёти эса, асосан, юз ва тананинг йиллар ўтиши мобайнида ривожланган эстетик етишмовчиликларини бартараф қилишга ёрдам беради.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Бобур Тоировнинг қайд этишича, айни пайтда пешона ва бўйин терисини торттириш, бурун, ияк ва қулоқларни коррексия қилиш, қорин ва бел соҳасида липосакция, блефаропластика, қошлар пластикаси, қўлларни ёшартириш каби пластик жарроҳлик амалиётлари нисбатан кўп ўтказилади.
«Яратиш Ҳаққа хос, биз фақат сайқаллаймиз»
Ўн йиллик тажрибага эга биринчи тоифали пластик жарроҳ Султонхўжа Камалов турмушга чиқмаган қизларнинг ташқи кўринишидан қониқмаслиги кўпроқ учрайди, дейди.
«Аёллар табиатан тез қарийди, ўзига нисбатан талабчан бўлиб, атрофдагиларга гўзал кўрингиси келади. Шунинг учун ҳам хотин-қизлар ўртасида эстетик жарроҳлик амалиётига қизиқиш юқори.
Мижозларим орасида 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган аёлларни учратиш мумкин. Битта қулоғи қийшиқ туғилган ёки ўсган, бир қовоғи чала ривожланган ва шу каби муаммоси борларнинг аксари 17–20 ёшли қизлардир. 18–25 ёш оралиғидаги қизларда эса ташқи кўринишидан қониқмаслик ҳисси кучли бўлади. Уларга бу ёшида ва нормал ҳолатида операция қилдириш шарт эмаслигини тушунтиришга уринамиз.
25 ёшгача бўлган аёллар орасида туғма ёки ҳаёт давомида орттирилган ҳар қандай нуқсондан қутулишни хоҳловчилар ҳам бор. 26–35 ёшлилар фарзандли бўлгач, туғуруқ таъсирида танасидаги ўзгаришларни бартараф этиш ёки секинлаштириш, 36–45 ёшдаги аёллар ёш ўтиши даврида юзага келган қарилик аломатлари, қовоқнинг осилиб қолиши ва катталашиши каби муаммоларни йўқотиш учун мурожаат қилади.
Пластик жарроҳлар мижоз саралашга ҳам ҳақли, ҳам мажбурмиз. Эшик тақиллатиб келган ҳар қандай одамни операция қилавермаймиз. Аввало, мижознинг психологик ҳолати чуқур ўрганилади, индивидуал суҳбат ўтказилади. Бундан ташқари, қатор касалликлар бўйича текширувлардан ўтади, қон таҳлили топширади. Уларнинг натижасига қараб, қарор қабул қиламиз.
Масалан, кунига 15 нафар одам мурожаат қилса, шундан 70 фоизига рад жавоби берилади. Чунки кўпчилиги Instagram’да кимнингдир суратини кўриб, «Менинг ҳам бурним, қовоғим ёки кўкрагимни шундай шаклга келтириб беринг», — дейди. Одам лой эмаски, уни қайтадан ясашнинг иложи бўлса. Яратиш фақат Ҳаққа хос, биз сайқаллаймиз. Уларга вазиятни тўғри тушунтириб, ҳар бир инсон ўзига хос шакл-шамойилда яратилгани, биздан мўъжиза кутмаслигини қатъий таъкидлаймиз, тўғри маслаҳат бериб, операция қилдирмасликка кўндирамиз. Афсунгар бўлсакки, ҳаммаси улар хоҳлагандек ўзгарса... Гапимизни фаросатлироғи тушунади, аммо бошқа жарроҳ ё косметологга учраб, юзига тиғ теккизаётганлар ҳам йўқ эмас.
Агар кишидаги ҳолат чегарадан ўтиб кетса, операция қилишга кўрсатма берилсагина, пластик операция қиламиз. Эшикдан кириб келганнинг ҳар бирига қулоқ солиш, қизиқишига қараб, бу амалиётни ўтказиш катта хато», — дейди Камалов.
Одам кўнгли ҳечам тўлмайди...
«18–20 ёш — инсон мириқиб яшайдиган, келажагига пойдевор қўядиган давр. Пластик жарроҳга мурожаат қилиб, ташқи қиёфага ўзгартириш киритадиган пайт ҳам келади. Масалан, 92 ёшли мижозим юз кўринишидан қониқмай, операцияга мурожаат қилган. Одам 30 ёшидан кейин гўзал кўриниш учун пластик операция қилдириши керак. Агар қандайдир муаммолар ёки нуқсонларни йўқотиш истаги бўлса, унда 17 ёшдан сўнг тана аъзосига тиғ теккизиши мумкин.Хотин-қизларга нисбатан кам бўлса-да, эркаклар ҳам пластик жарроҳларга мурожаат қилмоқда. Улар, асосан, қариш жараёнида юз соҳасида пайдо бўлган муаммолар, чандиқлар ва камчиликларни тўғрилатиш учун келади. Эркаклар орасида катта вазнга эга бўлган ёки жуда катта вазн йўқотиб, ортиқча теридан халос бўлиш, семизлик сабаб катталашган кўкрак қисмининг шаклини ўзгартириш ниятидагилар кўп», — дейди Султонхўжа Камалов.
«Мутахассис ваъдасига эътибор беринг»
Пластик жарроҳнинг қайд этишича, жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган одамларнинг айримларида йиллар ўтиб, яна пластик операция қилдиришга эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин.«Одам темир эмаски, уни битта шаклга келтириб, яхши жойда сақласангиз. Операция жараёнидан кейин йиллар давомида инсоннинг айнан ўша аъзосида ўсиш ёки камайиш, семириш ё озиш ҳолатлари кузатилса, яна қайта операция қилдириш эҳтиёжи туғилиши мумкин. Бу ҳаммадаям кузатиладиган ҳолат эмас.
Пластик операция қилдирмоқчи бўлганлар мутахассис ваъдасига эътибор беришсин. Операция қандай ва қанча вақт кечиши, жарроҳлик амалиётидан кейин қанақа муаммолар туғилиши, тузалиб, оёққа туриш учун қандай муолажалар қилиш лозимлигини яхшилаб сўраши зарур», — дейди у.
«Юз-кўзидан норози ёшлар кўпаймоқда»
Пластик жарроҳ Нигора Ғайбуллаеванинг таъкидлашича, Ўзбекистонда интернет тармоқлари ривожлангани сайин пластик операция ҳам оммалашмоқда.«Бу амалиёт юртимизга кеча ёки бугун кириб келгани йўқ. Аммо интернет ривожлангани сари пластик операцияга нисбатан аҳолининг қизиқиши ҳам ортиб боряпти. Аслида пластик жарроҳлар 30–35 ёшдан юқори бўлган мижозлар билан ишлаши керак. Чунки айни шу ёшдан инсонда табиий қариш жараёни, яъни кўз устида оғриқ ҳиссини сезиш, туғуруқдан кейин жисмоний жиҳатдан ўзидан қониқмаслик ва шу каби ҳолатлар бошланади.
Лекин бугун чиройли кўриниш ниятида ташқи қиёфасини ўзгартирмоқчи бўлган ёшлар, айниқса, оила қурмаган қизлар кўпайиб кетяпти. Олдимга 18–25 ёшдаги қизлар жуда кўп келади. Аммо 20 ёшга тўлмаганларни қабул қилмасликка уринаман. Бу даврда одам руҳияти, дунёқараши тўла-тўкис шаклланмаган бўлади: унга бугун бир нарса ёқса, эртага маъқул келмаслиги аниқ. Пластик операция натижасини эса ўзгартириб бўлмайди.
Инсон қайси тана аъзосини пластик операция қилдиришидан қатъи назар, аввало, у психологик жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Кимнингдир фикри билан ўзгармоқчи бўлганлар хато қилади. Кўплаб хориж давлатларида жарроҳлар операциядан олдин мижозлардан руҳан соғломлиги ҳақида маълумотнома сўрайди. Мурожаат қилувчилар унгача психиатр, психологлар билан суҳбатлашади. Бизда бу тартиб ҳали тўлиқ йўлга қўйилмаган ва ривожланмаган», — дейди пластик жарроҳ.
«Косметолог кўп-у, шифокор-косметолог кам»
«Ҳозир Ўзбекистонда кўкрак шаклини ўзгартириш ҳам оммалашмоқда, — дейди Нигора Ғайбуллаева. — Бу амалиётда одамни ўз ёғи билан тўлдириш ёки силикон имплант қўйиш усули кенг тарқалган. Инсоннинг қорин ва оёқ қисмидаги ортиқча ёғлар олиниб, фильтрланади. Сўнг кўкракнинг пастки соҳасидан 3–5 сантиметрлик кесим ҳосил қилиниб, сут безларига шикаст етказмаган ҳолда тоза ёғ юборилади.Аммо бу ёғлар вақт ўтиб, айрим кишиларда парчаланиб, сўрилиб кетиши мумкин. Шу боис, ҳозир силикон имплант қўйдиришни маъқул кўраётганлар кўпайиб боряпти. Улар бу ҳақда, албатта, интернет орқали тўлиқ ва аниқ маълумот олгач, кейин хоҳиши борлигини айтади. Имплант ҳомиладор бўлиш ва бола эмизишга мутлақо халал бермайди.
Пластик жарроҳ сифатида айтмоқчиманки, одамлар ҳеч қачон косметолог ҳузурига бориб, гел орқали кўкрак шаклини ўзгартирмасин. Кўкрак инсон организмининг муҳим бир қисми ҳисобланади. Кўкракка гел қуйилгач, айрим одамларда шу аъзо ғадир-будур шаклга келади, баъзан турли касалликларни чақириши мумкин.
Юзининг қайсидир қисмини ўзгартирмоқчи бўлганлар кўпинча косметолог қидиради. Уларнинг маълумоти қандайлигига ҳам қизиқмайди. Вақт ўтиб, косметолог хатоси сабаб, соғлиғида ўзгариш бўлса, ёрдам сўраб пластик жарроҳ олдига югуради. Лекин вақт ўтгани учун биз ҳам ёрдам беролмай қоламиз. Кимнингдир хатосини тўғрилаш жуда мураккаб ва масъулиятли иш. Шунинг учун одамлар шифокор-косметологларга мурожаат қилгани яхшироқ. Афсуски, бугунги кунда косметологлар сони кўп, шифокор-косметологлар эса жуда кам.
Қандли диабет, юрак, жигар ва қалқонсимон без касаллиги бор мурожаатчиларнинг ҳолатига қараб, операция қиламиз, баъзан рад жавобини берамиз. Ҳар қандай операцияни ўтказган мижоз икки ва олти ойгача назоратимизда бўлади», — дейди Нигора Ғайбуллаева.
Рақамлар йил сайин ошганда
Таҳлилларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб жарроҳлар томонидан 11 миллиондан ортиқ пластик операциялар амалга оширилади. Халқаро эстетик пластик жарроҳлик жамиятининг сўнгги маълумотларига кўра, 2019 йилда операциялар бўйича Бразилия (1,5 миллион), АҚШ (1,4 миллион) ва Мексика (581 минг) етакчилик қилган. Жамият ҳисоботида қайд этилишича, жаҳонда операциялар сони 2018 йилдан бери 7,1 фоизга, 2015 йилдан буён эса 20,6 фоизга ошган.Муайян давлатда ишлайдиган пластик жарроҳлар сони бўйича АҚШ (6,9 минг) ва Бразилия (6 минг) етакчи ўринларни банд этган. Биринчи бешликка Хитой, Япония ва Жанубий Корея ҳам киради.
Дунёда энг кенг тарқалган операция — кўкракни катталаштиришдир, у умумий операцияларнинг 15,8 фоизини ташкил этади. Липосакция (15 фоиз), кўз қовоқларининг пластик жарроҳлиги (11,1 фоиз) ва қорин бўшлиғининг пластик жарроҳлиги (8,1 фоиз) бироз камроқ. Жинекомастия (сут безларида жарроҳлик) эркаклар орасида энг машҳур пластик жарроҳлик бўлиб, операцияларнинг 17,9 фоизини ташкил этади.
Операциялар нархи қанча?
Жарроҳлик амалиётлари нархи инсон тана аъзоларининг ҳолатига қараб, турлича баҳоланади.Қовоқни «торттириш» амалиёти нархи — 300 доллардан бошланади.
Ринопластика — бурун шаклини ўзгартириш, туғма нуқсонлар ва нафас йўллари билан боғлиқ ўзгаришларни бартараф этиш. Бу амалиёт мураккаб бўлгани учун нархи — 1,5 минг доллардан 7 минг долларгача етади.
Лаб шаклини ўзгартириш амалиётининг ўртача нархи — 300 доллардан белгиланади.
Юз териси билан боғлиқ амалиётнинг ўртача нархи муолажа турига қараб, 2 минг доллар атрофида.
Абдоминопластика — қориндаги ёғлардан халос бўлиш ҳамда маммопластика — кўкрак соҳасида ўтказиладиган амалиётларнинг ўртача нархи — 2,5 минг доллардан бошланади.
Липосакция — бўйин ва энгак, бел, сон соҳаси, сут безлари, тиззадаги ортиқча ёғ қатламларини тузатиш амалиёти. Инсон танасининг бир қанча соҳаларида мавжуд ташқи ўзгаришларни меъёрига келтириш учун бажариладиган бу амалиётнинг ўртача нархи — 300 доллардан бошланади.
Динда бунинг ҳукми қандай?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати пластик операция жараёнига қуйидагича муносабат билдирган:«Пластик жарроҳликнинг жоиз ва ножоиз турлари бор. Жоиз турига туғма ёки ҳаёт давомида орттирилган нуқсонларни кетказиш ва даволаш киради. Ножоиз турига мўътадил, соғлом аъзони янаям чиройли қилиш мақсадида катта ё кичик қилиш ёки бошқа шаклга киритиш киради. Пластик жарроҳликнинг ножоиз тури шариатимизда катта гуноҳ бўлиб, Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу ишни қилган ҳам, қилдирган ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томондан лаънатлангандир.
Зарурат юзасидан қилинадиган пластик жарроҳликка таъна аъзосини ўз вазифасига қайтариш, моддий ёки маънавий зарар бўлса, ортиқча бармоқни олиб ташлаш ёки ёпишиб қолган бармоқларни ажратиш, қийшиқ бурунни тўғрилаш, соч экиш ва шунга ўхшаш амалиётлар киради. Бундай нуқсонлар куйиш, касаллик ва бошқа сабаблар билан пайдо бўлган бўлса ҳам, уни пластик жарроҳлик йўли билан даволаш жоиз. Чунки даволаниш ҳанафий ва моликий мазҳабида мубоҳ иш бўлса, шофеъий ва баъзи ҳанбалийлар наздида мустаҳабдир («Фатҳу бабил иная» китоби ва «Кувайт фиқҳ энциклопедия»си).
Шу каби зарарли ортиқча вазнни камайтиришнинг жарроҳликдан бошқа йўли қолмаса, инсонга безарар бўлиш шарти билан пластик жарроҳлик жоиз бўлади. Аъзоларнинг асли ҳолига келтириш эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тўғри келади: «Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик» («Тин» сураси, 4-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бу мавзуда шундай ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганларини эшитдим» (Имом Аҳмад ривоятлари). Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳадисда зикр қилинган ношаръий ишларни эркаклар ҳам қилиши мумкин эмас. Касаллик бўлмасдан, одатий ҳолатда юзга ажин тушишини пластик жарроҳлик ёки укол билан кетказиш жоиз эмас.
Соғлом аъзоларни ҳой-у ҳавасга берилиб, ўзгаларга тақлид қилиб юз шакли ёки рангини ўзгартириш, бурун, лаб ёки кўкракни катта ёки кичик қилиш каби ишлар шаръан жоиз эмас».
Изоҳ: Ушбу мақола орқали пластик жарроҳлик амалиётини мақташ ёки қоралаш фикридан йироқмиз. Юқорида келтирилган мутахассислар фикри ва маълумотларни ўқиб, ҳар ким хулосани ўзи чиқаради, қарорини мустақил белгилайди, деган умиддамиз.
Изоҳ (0)