Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзолади, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳужжатда қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган.

Маросимда имзоланган яна бир муҳим ҳужжат яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режасидир. Унда икки мамлакат тармоқлари ва ҳудудлари учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланган. Божхона, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан.

Шунингдек, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тегишли ҳужжатларга имзо чекилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Нур-Султон шаҳарлари, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2022—2023 йилларга мўлжалланган «йўл харита»лари қабул қилинган.

Ўзбекистон—Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган жами 22 та ҳужжат имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 5 декабрдан буён давлат ташрифи билан Нур-Султонда бўлиб турибди. 5 декабрь куни икки мамлакат етакчиларининг қисқа суҳбати бўлиб ўтганди.

6 декабрь куни Қозоғистоннинг Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди ва икки давлат раҳбарлари тор доирада музокаралар ўтказди.

Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди ва икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим вазифаларини белгилаб олинди.