Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 10 июнга ўтар кечаси ҳудудий Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари, 41 ёшли Азизбек Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг машинасида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Ички ишлар вазирлигининг 11 июндаги баёнотида Аҳмедов ЙПХ ходимлари томонидан ушланиб, «ўта маст ҳолатда бўлгани гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилинганида фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, фаол қаршилик кўрсата бошлагани, шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтқазилган фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилгани, бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамай, фуқаро Азизбек Аҳмедов вафот этгани» таъкидланади.

ИИВ баёнот билан бирга, ҳолатнинг бодикамерада олинган видеосини ҳам эълон қилганди.

ИИВ икки нафар ЙПХ ходимининг бодикамераси орқали ёзиб олинган видеони улаб (монтаж қилиб), эълон қилган. Видеода ходимлар туман ДСИ бошлиғини ушлаб, Spark машинасининг орқа ўриндиғига ўтқизишга уринаётганини кўриш мумкин.

Икки ходим Азизбек Аҳмедовни олд ва орқа томонидан машинага куч билан ўтқизишга ҳаракат қилган, Азизбек Аҳмедов эса уларга қаршилик қилган. Видеонинг айнан шу жойида кичик узилиш бўлган ҳамда катта сержантнинг ўрнига кичик сержантнинг бодикамераси орқали ёзиб олинган видео қўйилишни бошлаган. Икки нафар ходим эса ҳушини йўқотган Азизбек Аҳмедовни машинадан тушириб, ерга ётқизган. ЙПХ ходимлари тез ёрдам чақирган, улар ўзаро суҳбатда Азизбек Аҳмедов нафас олаётганини бир-бирига айтган. ИИВ Азизбек Аҳмедовни олд томондан тортиб, машинага ўтқизишга уринган ЙПХ ходимининг бодикамерасидаги ёзувларни эълон қилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган ва 3 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди биносида ЙПХ ходимлари устидан суд олиб борилди.

«Дарё» ихтиёрига келиб тушган суд ҳукмида воқеа тафсилотлари келтирилган.

Маълум бўлишича, судланувчи Меҳриддин Кучкаров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган) 2021 йилнинг 9 июнь кунидан 10 июнь кунига ўтар кечаси қўл остида ишловчи ва хизмат юзасидан ўзига бўйсунувчи Каттақўрғон туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари Шаҳбоз Раҳимбердиев (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган),  Н.Исмоилов, ва Ш.Холиқулов билан биргаликда хизматни ўташлари давомида Н.Исмоиловга тегишли бўлган Spark русумли автомашинада Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчаси Алишер Навоий ва Мустақиллик кўчаси кесишмасидаги чорраҳага келишган.

Соат 00:20 ларда чорраҳанинг қарама-қарши йўналиши бўйича ҳаракатланиб келган, фуқаро Азизбек Аҳмедов ўзининг бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинасини чорраҳадаги светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил чироғидан ҳаракатни давом эттириб кетганлигини кўрган. Ушбу автомашина ҳайдовчисини тўхтатиш мақсадида унинг орқасидан ҳаракатни давом эттириб, унга етиб олишгач, ўзларининг бошқарувидаги Spark русумли автомашина билан Азизбек Аҳмедов бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинанинг олд томонига ўтиб, унинг ҳаракатланишини чеклаб, тўхтатган.

Кейинчалик Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси Азизбек Аҳмедовнинг нутқи ва ҳаракатларидан унинг маст ҳолатдалигини билишгач, Каттақўрғон туман ИИБ ЙҲХБ бўлинмаси бошлиғи Меҳриддин Кучкаров ҳайдовчи Азизбек Аҳмедовга тиббий кўрикдан ўтишни таклиф қилган.

Шунда у тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортгач, Меҳриддин Кучкаров ва Шаҳбоз Раҳимбердиев Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомнинг 14-банди, 7-хатбошисида назарда тутилган «ҳайдовчи мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширув ўтказилишидан бўйин товлаган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённома расмийлаштириш чораларини кўрмасдан, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси талабларига зид равишда, мансабдор шахс сифатида ўзига берилган ваколатлар доирасидан четга чиққан.

Улар ҳаракатлари билан ўзига ва атрофдагиларга зиён етказишга ҳаракат қилмаган бўлса-да, ҳайдовчи Азизбек Аҳмедовга асоссиз ҳамда мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда куч ишлатиб, уни ўзлари миниб келган Spark русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига мажбурлаб жойлаштиришга ҳаракат қилган.

Ушбу жараёнда Азизбек Аҳмедов ўзига нисбатан куч ишлатмасликни ва унга нисбатан қилинаётган зўравонликдан азоб чекаётганлигини билдириб, буни тўхтатишни бир-неча марта сўраган бўлишига қарамасдан, Меҳриддин Кучкаров ва Шаҳбоз Раҳимбердиев ушбу ҳолатда Азизбек Аҳмедов ўзида оғриқ ва азоб ҳис қилаётганлигини англаган бўлса-да, шунга кўра унинг оғир ҳолатларга тушиб қолиши, шу жумладан, вафот этиши мумкинлигига жиноий бепарволик билан эътибор қилмасдан, ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттирган.

Меҳриддин Кучкаров ҳайдовчи Азизбек Аҳмедовни қўлларини қайирган ҳолда, Шаҳбоз Раҳимбердиевнинг ёрдами билан танасини эгиб, босиб туришини давом эттиришлари натижасида, Азизбек Аҳмедовда бўлган юрак ишемик касаллиги кучли ҳаяжонланиш негизида хуруж қилиб, воқеа жойида вафот этган.

Марҳум Азизбек Аҳмедов.

Фото: «Дарё»

Олий суднинг маълум қилишича, 3 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди биносида судланувчилар Меҳриддин Кучкаров ва Шаҳбоз Раҳимбердиевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди раиси I.Ғуломов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Меҳриддин Кучкаров ва Шаҳбоз Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик сабаб одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил колонияларда ўташ белгиланди.