Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Навоийдаги оҳак ишлаб чиқариш цехида газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.С.» МЧЖнинг газ таъминотидан қарздорлиги мавжудлиги сабабли тармоқдан узиб қуйилган бўлсада, МЧЖ масъул шахслари махсус тамғага шикаст етказиш орқали газ ҳисоблагич ускунасига қасддан ташқи таъсир кўрсатиб табиий газдан фойдалангани аниқланган.

Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 295 миллион сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал Урганчдаги оҳак ишлаб чиқариш цехи 1,4 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани, Намангандаги корхона 10 минг хонадоннинг 1 кунлик истеъмолига тенг газдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шунингдек, Жиззахда газ тармоғидан ноқонуний фойдаланган автомобилларга газ қуйиш шохобчасининг фаолияти фош этилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар