Андижон вилоятининг Асака туманида 2020 йилнинг июнида 9 ёшли қизалоқни ўлдиришда гумонланган қўшни аёл айбдор деб топилиб, унга жазо тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Маълум қилишича, А.Х. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 июнь куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро А.Х. 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган.

Шунингдек, А.Х. ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этгани ўз исботини топган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатмаси бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли экани тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатмалари, хусусан тўрт нафар гувоҳ А.Х. марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўришгани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.

Бундан ташқари, А.Х. ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғирлик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи уни кўриб қолганидан қўрқиб, норасидани пичоқ билан ўлдирганини тан олган.

Бундан ташқари, А.Х.нинг иқрорлик кўрсатмалари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган.

«Судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарза унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги иддаолар билан ҳам келишиб бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда гўёки ‘асос’ қилиб кўрсатилаётган ‘марҳума қизнинг зўрлангани’ ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган», — дейилади хабарда.

2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган. Бироқ тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.

Шу тариқа Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Х. фақатгина фирибгарликда, яъни марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Ўғирлик, босқинчилик ва мудҳиш жиноят – қотиллик юзасидан эса у оқланган.

Шу сабабли 2021 йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест киритилган эди.

Аввалроқ Наманганда эри воз кечгани учун овсинининг қизини каналга чўктириб юборган аёлга суд ҳукми ўқилгани, Фарғонада кундошининг 9 ёшли қизининг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.