Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Италия Молия гвардияси ноқонуний миграция ва фоҳишаликдан пул ишлаб келган Нигерия жиноий гуруҳига аъзо 40 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда гвардия маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Сардиниянинг Кальяри шаҳридаги Молия гвардияси бошқармасининг 600 га яқин ходими ушбу йирик операцияда иштирок этган. Қайд этилишича, ҳибсга олиш ишлари ва тинтувлар Италиянинг бир қатор ҳудудларида ўтказилган.

«Пул ювиш, ноқонуний миграцияга ёрдам бериш, одам савдоси, одамларни қулга айлантириш ҳамда фоҳиша сифатида фойдаланиш билан шуғулланувчи Нигерия жиноий ташкилоти тугатилди», — дейилади хабарда. Ҳибсга олинганлардан ташқари, шахс эркинлигига қарши халқаро миқёсдаги жиноятларга алоқадор бўлган «кенг тармоқ»нинг кўплаб аъзолари устидан ҳам тергов олиб борилмоқда, бундай жиноятлар айбловни оғирлаштирувчи омил ҳисобланади.

Операция тафсилотлари мафия ва терроризм бўйича миллий прокурор Федерико Кафиэро де Рао иштирокида Римда бўлиб ўтадиган махсус матбуот анжуманида маълум қилинади.

Аввалроқ Италияда мафия гуруҳларига қарши сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик суд жараёнида Калабриядаги «Ндрагента» жиноий ташкилотининг 70 нафар аъзосига ҳукм ўқилганди.

6 ноябрь кунги суд мажлисида 91 нафар айбланувчи иштирок этган. Натижада уларнинг 21 нафари айбсиз деб топилган, қолганлари 20 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Шов-шувларга сабаб бўлган мазкур жараён давомида 355 кишига — «Ндрангета» мафия гуруҳининг аъзолари, шунингдек, уларнинг шериклари дея тахмин қилинган шахсларга айблов эълон қилинган. Улар орасида сиёсатчилар ва полиция ходимлари ҳам бор. Гап қотиллик, босқинчилик, гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш ва хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар ҳақида кетмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар