«Такси ҳайдовчиси», «Ғазабнок буқа», «Лаънатланган орол» ҳамда «Уолт стритлик бўри» каби йигирмадан ортиқ киношедеврлар ва ўндан ортиқ ҳужжатли фильмларга муаллифлик қилган, афсонавий режиссёр Мартин Скорсезенинг ҳаёт ва ижод йўлига «Дарё» назар ташлайди.
Гангстерлар макони
Мартин Скорсезе 1942 йилнинг 17 ноябрида Нью-Йоркнинг Куинс туманида туғилган. Ота-онаси — италиялик муҳожирлар иккинчи жаҳон уруши арафасида Қўшма Штатларга кўчиб келганди. Мартин нимжон ва касалманд бола эди. Болалигидан астманинг оғир туридан азият чекар, мунтазам дори ичиб юргани учун болалар уни калака қиларди. Шу сабабли у бошқа болаларга қўшилиб, кўча чангита олмасди. Лекин уни ота-онаси ёки акаси баъзан кинотеатрга олиб бориб турган.У яшаган туман жиноятчилар уяси эди — кунора отишмалар содир этиб, туманни бошига кўтарган сицилияликларга тўлиб кетганди. Мартин бошига ўқ узилган одам жасадини илк бор беш ёшида кўради. У ерда қотиллик одатий иш саналарди. Режиссёр кейинчалик берган интервьюларида ҳазиллашиб, қачонлардир гангстер (босқинчи) бўлишни ҳам орзу қилгани ҳақида айтиб ўтган. Бироқ ота-онаси диндор католик кишилар бўлиб, унинг руҳоний бўлиб етишишини истарди. Бир руҳоний, бир гангстер бўлишни хаёллаб юрган Мартинда эса бу вақтда кинога муҳаббат уйғонади.
У ўша даврдаги барча фильмларни катта қизиқиш билан томоша қилар, ва айниқса, тарихий киноларни жуда севарди. Жумладан, Говард Ҳоукснинг «Фиръавнлар маскани» (Land of the Pharaohs, 1955) ҳамда Энтони Маннинг «Эл Сид» (El Cid, 1961) фильмларини ўзгача иштиёқ билан томоша қилган. Бўлажак режиссёрда ўша вақтлари неореалистик кинога ҳам муҳаббат уйғонади. У итальян тилидаги ҳужжатли фильмлардан таъсирлангани, шунингдек, Витторио де Сиканинг «Велосипед ўғрилари» (Bicycle thieves, 1948) ҳамда Роберто Росселлинининг «Рим — очиқ шаҳар» (Rome, open city, 1945) фильмларидан илҳом олганини айтади. Режиссёр «Италияга сафарим» (My voyage to Italy) номли ҳужжатли фильмда Роберто Росселлинининг итальян неореализми услубида суратга олинган «Пайза» фильмини (Paisa, 1946) Сицилиядан кўчиб келган муҳожир қариндошлари билан бирга кўрганини айтади. У, шунингдек, француз янги тўлқинидан таъсирланганини айтиб, бу ҳақида шундай дейди:
Француз янги тўлқини ўша вақтдаги барча режиссёрлар фаолиятига таъсир қилган — фильмларни кўргани ё кўрмаганидан қатъи назар.Скорсезе, шунингдек, Ингмар Бергман, Федерико Феллини, Рай Сатжит, Микеланжело Антониони каби кино усталарини ўз карьерасига сезиларли таъсир кўрсатган кишилар сифатида тилга олади. Бўлажак режиссёр кўрган фильмлардаги севимли қаҳрамонларини қоғозга чизар, кейин эса ўз персонажларини ўйлаб топарди. Дастлаб, ота-онасининг истагига кўра, Бронксдаги руҳонийлар тайёрловчи Кардинал Ҳайз ўрта мактабида ўқий бошлаган бўлса ҳам, кейин Нью-Йоркдаги санъат ва фан коллежига ҳужжат топширади ва 1964 йилда у ердан санъат бўйича бакалавр даражасини олади.
Илк изланишлар
Мартин Скорсезе режиссёр сифатидаги илк изланишларини Нью-Йорк коллежида таълим олиб юрган вақтлари «Сендай жононга бу ерда нима бор?» (What’s a nice girl like you doing in a place like this?) ва «Гап фақат сенда эмас, Мюррей!» (It’s not just you, Murray!) каби қисқа метражли фильмлари билан бошлайди. Режиссёрнинг 1967 йилда суратга олинган «Катта қириш» (The big shave) номли қисқа метражли картинаси алоҳида эътирофга сазовор бўлган. Мазкур фильмда АҚШ ҳукуматининг Вьетнамдаги можарога аралашиши танқид қилинган, шу сабабли унинг иккинчи номи «Vet’67» эди.«Катта қириш»дан сўнг Скорсезе «Аввал мен қўнғироқ қиламан» (I call first, 1967) ишчи номи остидаги илк тўлиқ метражли фильмини суратга олади. Унда бош ролни ўша вақтлардаги ёш актёр Ҳарви Кейтел ўйнаган. Картинада ню-ёрклик Жей исмли йигит ва унинг севгилиси ҳақида ҳикоя қилинади. Суратга олиш ишлари якунланаётган вақтда номи «Эшигимни қоққан ким?»га (Who’s That Knocking at My Door) ўзгартирилади.
Режиссёрнинг нисбатан жиддийроқ иши 1973 йилда катта экранларга чиққан «Золим кўчалар» (Mean Streets) фильми бўлиб, актёрлар таркибига Ҳарви Кейтелдан ташқари, ўша вақтлар танилиб улгурмаган Роберт де Ниро ҳам киритилганди. Картина танқидчилар ва томошабинлар томонидан яхши баҳоланиб, АҚШ прокатида 3 миллион доллар йиғишга эришган.
Келаси йили Скорсезенинг ўзи ҳам кичик эпизодни ўйнаган «Алиса энди бу ерда яшамайди» (Alice Doesn't Live Here Anymore) номли трагикомедия дунё юзини кўради. Фильмда турмуш ўртоғи вафот этиб, қўлида бола билан ишсиз қолиб кетган Алиса исмли аёл тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Бош ролни ижро этган актриса Эллeн Бёрстин энг яхши аёл роли учун «Оскар» мукофотини қўлга киритган ва киноасар энг яхши фильм ҳамда энг яхши аёл роли учун «BAFTA» мукофотига ҳам лойиқ кўрилган.
Шуҳрат пиллапояси
1976 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган «Такси ҳайдовчиси» (Taxi Driver) фильми Мартин Скорсезенинг кино режиссёри сифатидаги истеъдодини тўла очиб берган дейиш мумкин. Танқидчилар режиссёрлик маҳоратини эътироф этиш баробарида бош рол ижрочиси Роберт де Нирога ҳам ижобий баҳо берган.Қонли саҳналарга бой бўлган ушбу фильмда ўтмишда денгиз пиёдалари сафида хизмат қилиб, Вьетнам жангида омон қолган такси ҳайдовчиси Тревис Бикл ҳақида сўз боради. Ён-верида рўй бераётган хунрезликлардан безган Тревис шаҳарни «тозалаш» керак деган қарорга келади. У тўртта тўппонча сотиб олиб, қаллоблик, босқинчилик, қўшмачилик қилиб юрганлардан бирма-бир ўч олади.
Отишмаларда ўзи ҳам яраланиб, омон қолган йигитнинг машинасига охирги саҳнада Беци исмли қиз ўтиради. Улар асли аввалдан таниш бўлган — йигитнинг айби билан қиз ундан юз ўгирганди. Аммо кейин унинг қаҳрамонлиги ҳақида эшитиб, у билан алоқани яна тикламоқчи бўлганди. Бикл қизни уйигача элтиб қўяди, лекин йўл ҳақини олмайди ва йўлида давом этади. Қотиллик саҳнасидан кейинги воқеалар қаҳрамоннинг сўниб бораётган тасаввурида содир бўлган деган қараш кенг тарқалган.
1981 йилда Тревис Биклга тақлидан АҚШ президенти Роналд Рейганга суиқасд уюштирган ва бошқа бир қатор телбаликларга қўл урган Жон Ҳинкли қотиллик қилишдан аввал «Такси ҳайдовчиси»ни камида ўн беш марта кўргани айтилади. Таниқли режиссёр Квентин Тарантино 2019 йилда премьераси бўлиб ўтган ва бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлган «Жокер» фильмини танқид қилиб, уни «Такси ҳайдовчиси»га жуда ўхшаб кетишини таъкидлайди.
Ушбу кинокартина тўртта йўналиш бўйича «Оскар» (1977) иккита йўналиш бўйича «Олтин глобус» (1977), Канн кинофестивалининг «Олтин палма япроғи» ва бошқа нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.
Ўша йиллар Скорсезе гиёҳвандликдан азият чекарди. 1978 йилда кокаин миқдорини ошириб юбориш оқибатида бир ўлимдан қолади. Роберт де Ниро уни касалхонага ётқизиб, бошқа ҳеч қачон гиёҳванд модда қабул қилмасликка кўндиришга уриниб кўради ва режиссёрдан боксчи ҳақида фильм суратга олишни илтимос қилади. Аввалига Скорсезе буни рад этади, бироқ де Ниро уни барибир кўндиради. Кўпчилик режиссёрни айнан де Ниро ишга қайтишга кўндириб, ҳаётини сақлаб қолганини таъкидлайди.
Келиб чиқиши италиялик бўлган америкалик боксчи Жейк Ламотта ҳақида ҳикоя қилувчи «Ғазабнок буқа» (Raging Bull) фильми Скорсезенинг навбатдаги муваффақиятли ишларидан бирига айланади. Картина 1980 йилда суратга олинган бўлиб, бош ролларни Роберт де Ниро, Жо Пеши ҳамда Кети Мориарти ижро этган.
Фильм АFI версиясига кўра Американинг 100 та энг яхши триллерлари рўйхатида 51-ўринни банд қилган ва «Энг яхши эркак роли» ҳамда «Энг яхши монтаж» йўналишларида «Оскар»ни қўлга киритган.
Скорсезени шуҳрат пиллапоясида юқорироқ поғонага олиб чиққан шедеврларидан яна бири 1990 йилда экранга чиққан «Донгдор йигитлар» (Goodfellas) фильми эди. У ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, гангстерлар тўғрисидаги энг шов-шувли асарлар сирасига киради. Унда бош ролларни Рей Лиотта, Роберт де Ниро, Жо Пеши, Лоррейн Бракко ва Пол Сорвино каби актёрлар ижро этган.
Фильмда Генри Ҳилл исмли ўсмир гангстерларга қўшилиш мақсадида маҳаллий зўравонларга «югурдак» бўлиб ишга ёлланади. Йигит аста-секин, бироқ ишончли қадамлар билан иерархик зинапоядан кўтарила бошлайди. Унга тобора масъулиятлироқ ва имтиёзи ҳам шунга яраша кўпроқ вазифаларни ишониб топшира бошлашади.
Вақт ўтиши билан Генри маҳаллий тўда бошилардан бири Пол Сисеро эътиборини ҳам ўзига тортади. У ёш йигитни иқтидорли ўғри ва талончи Жимми Конвей билан таништиради. Жимми, ўз навбатида, уни Томми Девитога рўпара қилади. Ноқонуний тамаки савдоси вақтида қўлга тушган пайтида Генри иш берувчилари ва шерикларини сотиб қўймагани учун улар орасида ҳурмат қозонади.
Яна бир қанча жиноий саргузаштларни бошидан кечирган Генри қайта ҳибсга олинади. Тергов вақтида у гаров эвазига озод этилади, лекин энди ундан ҳеч ким мамнун эмасди. Поли унга яшаш учун арзимас чойчақа бериб, ўзидан нари қувади, Жимми эса Генрини ўлдиришга қасд қилганди. Буни сезиб қолган Генри собиқ ҳамтовоқларига қарши кўрсатма беради, сўнгра ўз исмини ўзгартириб, гувоҳларни ҳимоя қилиш дастури остида абадий ғойиб бўлиши керак эди.
Ушбу картина «Энг яхши фильм», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши мослаштирилган сценарий» каби йўналишлар бўйича умумий ҳисобда бешта «BAFTA», Москвада бўлиб ўтган халқаро кинофестиваль мукофоти ҳамда «Энг яхши иккинчи даражали актёр» номинацияси бўйича Жо Пешига топширилган «Оскар»ни қабул қилиб олган. У, шунингдек, 2020 йил август ҳолатига кўра «IMDb версияси бўйича 250 та энг яхши фильм» рўйхатида 17-ўринни эгаллаган.
Мартин Скорсезенинг 2010 йилда катта экранларга узатилган «Лаънатланган орол» (Shutter Island) номли триллери жумбоқларга тўлалиги билан ажралиб туради. Бош ролларда Леонардо Ди Каприо, Марк Руффало, Бен Кингсли, Эмили Мортимер каби актёрлар ўйнаган. Мазкур картина кутилмаган якуни билан томошабинларни лол қолдиради ва алоҳида тайёргарлик билан қайта кўришга ундайди. Уни томоша қилишда майда деталларгача кўздан қочирмаслик керак.
ХХ асрнинг 50 йиллари ўрталарида Эдвард (Тедди) Дениелс ва Чак Оул исмли икки маршал Шаттер оролидаги жиноятчилар сақланувчи руҳий касалликлар шифохонасига йўл олади. Улар ўз боласини ўлдириб, ушбу касалхонага тушган ва қочиб кетган Рейчел Соландо иши бўйича қидирув ишларини олиб бориши керак эди. Фильмнинг илк дақиқаларида томошабин Теддининг шахсий ҳаёти билан боғлиқ фожиани билиб олади: хотини пастки қаватдаги хонадонда ёнғин чиққан пайт бўғилиб ўлганини айтади. Боз устига, Теддининг ўзи денгиз касаллиги туфайли оёқда базўр турарди.
Қидирув ишларини бошлаган Тедди аёлнинг сирли равишда ғойиб бўлиб қолганидан ташқари, бошқа баъзи нарсалардан ҳам таажжубга тушади. Шифокорлар, шифохона ходимлари ва ҳатто шериги Чак ҳам ўзини қандайдир ғалати тутарди. Баъзи беморлар эса айтаётган гапларини аввалдан ёдлаб олгандай, рол ўйнаётгандай эди. Бундан ташқари, соқчилар ҳам қочиб кетган аёлни топишга ҳаракат қилмасди. Воқеалар ривожи тобора қизғин ва сирли тус олиб, охири Тедди асли ўша касалхонадаги беморлардан бири экани ойдинлашади.
Теддининг исми аслида Эндрю Леддис эди. Унинг турмуш ўртоғи ақлдан озган аёл бўлиб, Эндрю уйда йўқ бўлган вақтда уч фарзандини ўз қўллари билан сувга бўктириб ўлдиради. Буни кўрган эр хотинининг жонига қасд қилади ва бир вақтнинг ўзида бутун оиласидан айрилиб қолганига дош бера олмай, у ҳам ақлдан озиб, ўзига бошқа реаллик ўйлаб топган бўлади. Шифохонадагилар эса уни ҳушига келтириш мақсадида рол ўйнаётганди.
Скорсезенинг яна бир шов-шувли лойиҳаларидан бири бу, албатта, «Уол стритлик бўри» (The Wolf of Wall Street) фильмидир. Ундаги бош ролларни Леонардо Ди Каприо, Жонна Ҳилл, Марго Робби, Мэттью Макконахи, Жан Дюжарден каби актёрлар ижро этган. Фильм премьераси эса 2013 йилда бўлиб ўтган.
Ушбу кинокартина реал воқеаларга асосланган бўлиб, бошланиши 1987 йилга тўғри келади. Муваффақиятли инвестиция банкининг брокерига айланган Жордан Белфортни унинг бошлиғи Марк Ҳанна бемаъни ҳаёт тарзига бошлаб, фаҳш ишлар ва гиёҳванд моддаларга муккасидан кетишига сабабчи бўлади. Тез орада Доу-Жонс индекси тўсатдан қулаб, банк ёпилиб кетгач, Жордан майда акциялар билан шуғулланувчи кичик бир муассасага ишга киради.
Унинг мижозлар билан мулоқот қилиш услуби ва туғма харизмаси тез орада самара бериб, Донни исмли қўшниси билан биргаликда шахсий фирмасини очишга муваффақ бўлади. Фирма жадаллик билан кучайиб кетади. Forbes журнали Жорданни ўз мақоласида «Уол стритлик бўри» деб атайди.
Жордан ва унинг фирмасидаги барча ходимлар ишдан бўш вақтини кайф-сафо билан ўтказарди. Шу орада ФҚБ агенти Патрик Денем унинг жуда тез бойиб кетгани билан қизиқиб қолади. Орадан икки йил ўтиб, агент Жордан Белфортни ҳибсга олади. Эртаси куни Белфорт кийими остига яширилган микрофон билан Доннининг ёнига боради. У ўз ҳамтовоқларини агентга тутиб бериш вазифасини зиммасига олганди. Лекин у ёнида микрофон борлигини Доннига ёзма равишда билдириб қўяди. Денем эса Белфортни шартни бузгани учун ҳибсга олади. Фирмани ФҚБ босади.
Уч йил ўтиб, озодликка чиққан Белфорт савдо-сотиқ ишлари бўйича семинарлар ташкил этиш билан машғул бўлади.
Ютуқ ва мукофотлар
Ҳаётининг 50 йилдан кўпроқ вақтини кинога бағишлаган режиссёр бугунги кунгача 25 та тўлиқ метражли фильм ва ўн олтита ҳужжатли фильмни суратга олган. Меҳнатлар самараси ўлароқ, режиссёр «Оскар» (2007), «Олтин глобус» (2003, 2007, 2010, 2012) «BAFTA» (1991 – уч марта, 2012), «Олтин палма япроғи» (1976), «Олтин айиқ» (1995), энг яхши режиссёрлик иши учун Канн кинофестивали мукофоти (1986), «Кумуш шер» (1990), «Цезарь» (2000), «Эмми» (2011, 2012, – икки марта), «Грэмми» (2006) каби мукофотларни қўлга киритган.Скорсезе фильмлари кўпинча ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, ўзи ҳам тез-тез кичик эпизодик ролларда кўриниб туради. 2018 йилда унинг фамилиясига ишора қилувчи Scorsesean сўзи Оксфорд луғатига киритилган.
Шахсий ҳаёт
Режиссёр бутун умри давомида беш марта турмуш қурган. Биринчи турмуш ўртоғи Ларейн Мари Бреннан билан яшаётган вақтида Кетрин исмли қизи дунёга келган. 1976 йилда Скорсезе ёзувчи Жулия Кемеронга уйланади. Бу турмуши вақтида унинг иккинчи қизи Доменика Кемерон Скорсезе туғилади. У отасининг 1993 йилда суратга олинган «Бокиралик асри» (The Age of Innocence) фильмида иштирок этган.Жулия билан ажрашгач, у актриса Изабелла Росселинига уйланади. Ундан сўнг Барбара де Фина билан оила қуриб, 1991 йилда ажрашади. 1999 йилдан бери Ҳелен Моррис билан яшаб келмоқда ва уларнинг Франческа исмли қизи бор. Ҳозирда 79 ёшни қаршилаган режиссёр ўзи туғилган Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилмоқда.
Изоҳ (0)