Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этиш учун 11 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, саммитда Кенгаш доирасидаги кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Мулоқот якунида кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган. Давлат раҳбари, шунингдек, ташриф доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Маълумот учун, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган бўлиб, дастлаб унга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган. 2019 йилнинг октябрида эса Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этганди.
2021 йилнинг 31 мартида Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммитида иштирок этиб, ўз нутқида мустаҳкам тарихий ришталар, муштарак тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаганди.