Аксарият мухлислари эътироф этганидек, актёр Мэттью Макконахи ҳақиқатан ҳам орзуларга берилувчан одам. «Эсанкираш», «Вақт ўлдиради», «Амистад», «Тентак» ва «Далласлик харидорлар клуби» каби фильмлари билан танилган Макконахи кўп қиррали актёр бўлиб, карьераси унга кўплаб ролларни синаб кўриш имконини берган. Тўғрироғи, Макконахи дастлаб унчалик жиддий бўлмаган ролларда тажриба ўтказди, лекин йиллар давомида у актёр сифатида ривожланиб, «Далласлик харидорлар клуби» фильмидаги ОИТСга чалинган одам роли каби мураккаброқ ролларни ҳам ижро этишнинг уддасидан чиқди.
Актёр фильмдаги персонажига кўпроқ ўхшаши учун қаттиқ ҳаракат қилди, роли учун 47 килограммга озди. Унинг саъй-ҳаракатлари, меҳнати эътиборсиз қолмади. 2014 йилда у «Оскар»га ва «Энг яхши актёр» номинациясида «Олтин глобус» мукофотига лойиқ кўрилди, бу эса романтик комедиялардан воз кечиб, актёрлик истеъдоди билан ажралиб туриш орқали ўз имижини ўзгартиришга уринган киши учун катта ютуқдир. Мэттью Макконахи болалигида кўплаб фожиали воқеаларни бошдан кечирди. У машҳурликка эришгач ҳам ишониш қийин бўлган воқеаларга дуч келди.
Мэттью Макконахи болалигида зўравонлик қурбони бўлган
Мэттью Макконахи 1969 йил 4 ноябрда Техасда туғилган. Ўқувчилик вақтидаёқ у машҳур эди, ҳатто «Энг чиройли ўқувчи» мукофотига ҳам сазовор бўлган. Бироқ оиласидаги ҳолат ҳавас қиларлик даражада эмасди. Кейинчалик у болалигида ота-онаси томонидан аёвсиз калтакланганини, гарчи бошқалар бу каби ҳаракатларни зўравонлик сифатида қабул қилган бўлса ҳам, лекин у ҳеч қачон ота-онасини зўравон деб ҳисобламагани ҳақида сўзлаб берган.
Ўша пайтда мен чиндан ҳам қўрққанман. Лекин ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам ойим ва дадамнинг бир-бирларига ёки уларнинг бизга бўлган муҳаббатига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман.Унинг қўшимча қилишича, қачонки ўзи ота бўлса, фарзандларининг тарбиясига бўлган ёндашуви ота-онасиникидан фарқ қилади, лекин у ҳали ҳам уларни шафқатсиз деб ҳисобламайди: калтакланганида бунга лойиқ иш қилганини ва ўзида бўлмаганини таъкидлайди. Шунингдек, у болалари билан мулоқот қилишга алоҳида эътибор беришини айтади, чунки болалигида онаси она-бола ўртасидаги мулоқотни бемаънилик деб ҳисоблаган.
Мэттью Макконахи чет элда жуда қийин аҳволда қолган
Мэттью Макконахи ўзининг «Яшил ёғду» (Greenlights) номли мемуар асарида ўрта мактабни битиргач, Австралия алмашинув дастурида қатнашишга қарор қилганида унга осон бўлмаганини ҳам таъкидлайди. Ҳамма нарса у кутганидек бўлиб чиқмади ва у қийинчиликни енгиб ўтиш йўлини топиши керак эди.
Мен олис Австралияда жуда ғалати оилаларнинг бирида яшадим, чиройли пляжлар ва Элле Макферсон ҳақидаги тасаввурларим сароб бўлиб чиқди.Унинг қўшимча қилишича, Австралияда унинг ҳаёти гўёки тўхтаб қолгандек эди. Унинг на дўстлари, на бир тайинли иши бор эди. Ҳатто яқинлари билан гаплашиши учун телефони ҳам бўлмаган, шу боис ҳам фақат ўзигагина таяниши керак эди.
Агар Австралияда бир амаллаб ўтказган ўша қийин даврим бўлмаганида, ҳозирги ҳаётим ҳам бўлмасди.Мэттью Макконахи карьерасининг илк йилларида турли муаммоларга дуч келган
Актёр ҳозир жуда машҳур, лекин ҳар доим ҳам шундай бўлавермаган. Мэттью кино саноатига қадам қўйганида жуда кўп қийинчиликларга дуч келди. Entertainment Weekly хабарига кўра, Макконахи биринчи марта кино мактабида ўқиётганда жуда кўплаб рад этишлардан тушкунликка тушиб, модель сифатида ўзини синаб кўрмоқчи бўлган. Истеъдодлиларни излаб юрувчи агент унинг «чиройли қўллари» борлигини айтади. Шунингдек, унга агар карьерасини давом эттириш нияти бўлса, қўлларини парваришлашни ва тирноқларини тишлашни бас қилишни тавсия қилган.
Бундан ташқари, Макконахи кўпроқ пул ишлаш учун Cаtfish Station номли барда хизмат кўрсатиш ходими сифатида ишга киради. Актёр у ерни «балиқ ва пиво сотиладиган, доимо тер ҳиди анқиб турадиган бар» деб атайди ва у барда хизмат қилувчи ягона оқ танли одам бўлгани учун бошқалардан ажралиб турганини эсга олади. Макконахи бар эгаси билан яхши муносабатда бўлган ва ҳали ҳам яхши дўст эканлигидан мамнун.
Макконахи узоқ йиллар давомида онаси билан гаплашмаган
Кейинги йиллардаги шуҳрат Мэттью Макконахи ва унинг онаси Кай билан давом этган муносабатлари учун жиддий салбий ҳолатга айланди. People нашрига кўра, шоу-бизнес актёр ҳаётини қамраб олганидан сўнг, онаси ўғлининг янги шон-шуҳратидан эсанкираб қолди. Актёрнинг тушунтиришича, у машҳур бўлганидан кейин онаси билан бўладиган ҳар доимги суҳбатлари ҳам аввалгидек самимий бўлмаган.
Қўнғироқларимга онам эмас, машҳурлигимдан эсанкираб қолган мухлисим жавоб берарди.Вазият кундан кунга ёмонлашиб борар, актёр йиллар давомида кутилган бундай машҳурликка кўникиш йўлини қидирар эди.
Мен шон-шуҳрат ва бошқа нарсалар ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилардим. Онам билан кўп нарсаларни баҳам кўрардим ... мен баҳам кўрган нарсаларим уч кундан кейин олти соатлик янгиликларда пайдо бўларди.Шу туфайли она-бола ўртасида тез-тез келишмовчиликлар юзага кела бошлади, натижада Макконахи онасидан узоқлашишга қарор қилди. Аниқроғи, саккиз йилга. Охир-оқибат улар ярашишди ва яна мулоқот қилишни бошладилар, лекин актёрга ҳаммасини ўйлаб олиш учун узоқ вақт керак бўлди.
Ҳеч нарса Мэттью Макконахини бахтли қилолмаган
Мэттью Макконахи сезиларли муваффақиятларга эришганига қарамай, бундан ҳам кўпроғига лойиқ эканини ҳис қиларди. The Guardian 2018 йилда таъкидлаганидек, актёр унинг орзулари ҳақиқатнинг ўзидан яхшироқ эканлигига ишонган.
Мен ҳали ҳам ўзим тасаввур қилганимдек фильмда суратга тушмаганман.Шубҳасиз, Макконахи ўзига нисбатан қаттиққўл бўлишни ёмон деб ҳисобламайди
Шунингдек, у ўзига ёқадиган ва ҳурмат қиладиган кўплаб фильмларда иштирок этганини айтади. Бундан ташқари, у ўзи ижро этган ролларнинг мухлиси эканини ва образни қойиллатиб ўйнаганини тан олади ҳам. У бир кунмас бир кун ўзи орзу қилгандек фильмда рол ижро этишига умид қилади.
Мэттью Макконахи кутилмаган жанжалларга аралашиб қолган
Мэттью Макконахи баъзида баҳсли можароларга ҳам аралашиб қолади. Мисол учун, энг шов-шувли воқеаларидан бири 1999 йилда актёрнинг ҳибсга олиниши эди. Макконахи шов-шувли воқеа ҳақида ўзининг «Яшил ёғду» мемуар асарида батафсил ёзган, деб ёзади The Hollywood Reporter. Яланғоч актёр ярим тунда уйининг деразаларини очиб, «бирозгина чеккан ҳолда Анри Диконгуэнинг гўзал африканча ритмларини тинглашни» хоҳлаб қолади.
Бу ҳолат Остин полициясига ёқмайди ва унинг уйига бостириб кириб, қўлига кишан солишади ва «тинчликни бузгани, марихуана сақлагани ва ҳибсга олишда қаршилик кўрсатгани» учун қамоққа олишади. Актёр норози бўлиб, уларга бақиради ва кийим кийишдан бош тортади. Макконахининг сўзларига кўра, шу йўл билан у полиция унинг уйига киришгани хато эканлигини ва ўз иши билан шуғулланаётганини кўрсатмоқчи бўлган.
Кейинчалик актёр 50 доллар жарима ва қўшимча машҳурлик билан қутулиб қолди.
Мэттью Макконахи ўз стереотипларига эга шахс
Мэттью Макконахи 2000 йилларнинг бошларида ижодий таътил олиши ёки «Макконахининг уйғониши» ҳаммани ҳайратда қолдирди. У 20 ой давомида оммадан узоқлашди, чунки айнан шу даврларда у фақат романтик комедияларда ўйнаган ва бундан жуда чарчаган эди.
Шундай давр бўлдики, мен романтик комедиялардагина бўладиган йигит ролидан бошқа образда кўринмадим, мен пляжда кўйлаксиз юрадиган йигит эдим. Бу нормал ҳолат эди. Ўшанда ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, мен ижро этган кўйлаксиз йигит роли учун ҳам, пляждаги ҳашаматлар учун ҳам яхшигина пул тўланган.Актёрга турли хил ролларда ўзини синаш имконияти берилмади ва у ўз вазияти бўйича нимадир қилишга қарор қилди. У ҳатто романтик комедияларда суратга тушишни истамагани учун унга 14,5 миллион доллар олиб келиши мумкин бўлган ролни рад этди. Ушбу таътил актёрга ўз имижини қайта шакллантиришга ёрдам берди. Унинг саъй-ҳаракатлари муваффақият билан якунланди, чунки унга тез орада янги ва хилма-хил ролларга номзод сифатида қарай бошлашди.
Мэттью Макконахи «Титаник» ва «Халк» фильмларида роль ўйнашни жуда хоҳлаган
Мэттью Макконахи истеъдодли актёр бўлса ҳам, у ҳар доим ҳам ўзи хоҳлаган ролларни ололмаган – бу унинг карьерасига катта ёрдам бериши мумкин бўлган имкониятлар эди. Мисол учун, Today нашри маълумотларига кўра, Макконахи «Титаник» фильмидаги роль учун кўриб чиқилган актёрлардан бири бўлиб, мазкур роль охир-оқибат Леонардо Ди Каприога насиб этди. Кейт Уинслет чиндан ҳам Макконахи билан киносиновдан ўтганини ҳам айтган.
Мен Мэттью билан киносинов топширганман, бу ҳақда илгари ҳеч қачон омма олдида гапирмаганман. Мэттью билан жуфтлик ролини ижро этдик: бу жуда ажойиб эди. Бу шунчаки Жек ва Роуз, Кейт ва Лео эмас эди.Бу ҳали ҳаммаси эмас. Актёр Халк ролини ўйнашни ҳам хоҳлаган, аммо орзусини амалга ошира олмади. Huffington Post хабарига кўра, у Marvel қаҳрамонлари оламига қизиқиш билдирганида рад этилган. Ундан бу ролга қизиқиш билдирганми, деган саволга, у ҳа деб жавоб берган, лекин рад этишганини қўшимча қилган. Эсингизда бўлса, Эдвард Нортон 2008 йилда суратга олинган «Ғаройиб Халк» фильмида Халк ролини ўйнаган, Марк Руффало эса Marvel кино оламидаги бошқа Халк фильмларининг қаҳрамонига айланган.
Отасидан айрилиш у учун ҳақиқий фожиа бўлган
Мэттью Макконахи 1992 йилда отаси Жеймс Дональд Макконахидан айрилганини билганида катта зарба олди. Тим Феррисс билан суҳбатда у бу айрилиқ ҳақида гапиратуриб отасидан айрилиши уни ўз ишига нисбатан таваккал қилишга кўпроқ ундагани ҳақида айтиб ўтган.
Отам менинг суянчим эди, чунки у тирик эди.У мен учун ҳукуматдан ва қонундан юқори бўлган. Энди у йўқ... Мен суянишим мумкин бўлган одам йўқ энди.Отасининг вафоти актёрни ўлим ҳақида кўпроқ ўйлашга мажбур қилди. У актёрлик ва машҳурлик каби севган ва орзу қилган нарсалар вақтинчалик эканлигини, қайсидир маънода қўрқувдан довдираб қолишдан кўра кўпроқ таваккал қилишга ва ўзгаришларни қабул қилишга имкон беришини тушуниб етди.
Бундан ташқари, Vanity Fair’нинг ёзишича, Макконахининг ота-онаси нотинч муносабатларга эга эди, улар биргаликдаги турмуши давомида кўп марта ярашишган ва ажралишган. Аммо якунда улар доимо бир-бирларига қайтиб келишарди. Онасидан ўлими ҳақида эшитганида актёр ўз ҳолатини шундай тасвирлайди:
Тиззам букилиб-букилиб кетди. Ишонмадим. У менинг отам эди. Уни ҳеч ким ва ҳеч нарса ўлдира олмайди, деб ишонардим.Омадсизликка учраган фильм учун актёр ўз танасини стрессга дучор қилган
Мэттью Макконахи аъло даражада уддалаши мумкин бўлган нарса бу — ролга тайёргарлик кўриш ва у қўлидан келганини қилишига ишонч ҳосил қилиш учун бор имкониятини ишга солишдир. Мисол учун, 2016 йилги «Олтин» фильмидаги роли устида ишлаётган актёр 45 килограмм вазн йиғиб, кучли оғриқни бошдан кечирди. У бизнесмен Кенни Уэллс образига мос бўлиши учун шундай қилишига тўғри келди.
Афсуски, фильм катта омадсизликка учради, актёрнинг барча саъй-ҳаракатлари зое кетди. Шундан сўнг танасидаги ортиқча ёғларни йўқотиш учун унга кўп ойлик интенсив машғулотлар керак бўлди. Макконахи 2019 йилда ҳам ўша ортиқча вазнни йўқотишга ҳаракат қилаётганини айтган.Орадан анча вақт ўтди. Мен аввалги формамга келишим керак, ҳозир фақатгина шуни хоҳлайман. Мен «Олтин» фильмида 220 фунт вазн йиғдим, лекин ҳали ҳам ундан тўла қутула олмадим.
Фильмдаги роли учун актёр сочини калга ҳам олдирган, деб ёзади The Guardian. Фильм муваффақият қозонолмади, актёр ҳеч қандай мукофот олмади. Бироқ у 2013 йилда суратга олинган «Далласлик харидорлар клуби» фильмидаги ижроси билан томошабинларни ҳайратда қолдирди, бунинг учун у 50 килограммга яқин вазн ташлади.
Мэттью Макконахи прокат фильмларда унчалик муваффақиятли қозонмади
Мэттью Макконахи ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқа олмади. Rollaри учун бир нечта мукофотларга, жумладан, «Оскар» олганига қарамай, у кассабоп фильмларда муваффақиятга эриша олмади. Актёр «Интерстеллар», «Оқ танли йигит Рик», «Гуноҳ дарёси», «Жентелменлар» ва бошқалар каби кўплаб ажойиб фильмларда роль ўйнаган, аммо тижорат хитларини ярата олмаслигини тушуниб етган.
У ўзининг «Яшил ёғду» китобида «кассабоп фильмларда жуда кам муваффақиятга эришганини» ёзган. «Муаммо мендами? Мавзудами? Фильмлардами? Билмайман», — деган у.
Бундай фильмлардаги омадсзиликлар менинг актёрликка бўлган муҳаббатимни сусайтирмади, аксинча касбимга янада кўпроқ қизиқтирди... Энди мен карьерамда шунчаки артист эмас, балки ҳам актёр, ҳам рассом эдим. Ва бу менга ҳузур бағишларди. Менинг карьерам мазмунан бой бўлди.2017 йилда Guardian’да чиққан мақолада Макконахининг карьерасида сусайиш кузатилгани ва актёрга яна бир мартаба танаффусга муҳтож эканлиги айтилган.
Актёр сўнгги йилларда бир нечта омадсиз фильмларда суратга тушди, бунинг натижасида The Guardian журналисти Ноа Гиттелл 2016 йил актёр учун ҳақиқатан ҳам даҳшатли йил бўлганини, у суратга тушган «Жонс округининг озод одамлари» фильми таассурот қолдира олмагани, устига устак бюджетнинг ярмини ҳам топа олмагани ҳақида тахмин қилишига сабаб бўлди. Яна бир фильм – «Худкушлар ўрмони» ҳам Канн фестивалида томошабинлар томонидан ҳурматсизларча ҳуштакбозлик билан кутиб олинди.
Изоҳ (0)