Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Россия 24» телеканали мухбири Роберт Францга берган интервьюсида Афғонистон масаласига тўхталиб ўтди.
Комиловнинг қайд этишича, Афғонистон янги ҳукумати ҳақиқатан ҳам минтақавий ва кенгроқ халқаро ҳамжамиятга қўшилиш ниятида, «Толибон» ҳаракати ижобий ўзгаришларни амалга оширишга тайёрлигини билдирмоқда.
«Аниқ бир мисол келтираман: Ўзбекистон чегарасига туташ Балх вилоятига қилган сафаримизнинг эртасига у ердаги барча қизлар мактабга чиқишди. Бошқа вилоятлар ҳам шунга эргашдилар. Толиблар аёлларни таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда иш билан таъминлашга ваъда бермоқда», — дейди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Комиловнинг сўзларига кўра, мамлакатда барчаси секин-аста ўзгармоқда.
«Албатта, бу Афғонистоннинг ўзига хослиги, бу ўз анъаналари, дини ва маънавий қадриятларига эга мусулмон мамлакат. Шунга қарамай, фикримизча, Афғонистон минтақавий оила ва халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми бўлишга лойиқдир. Аммо бунинг учун улар билан ишлаш керак», — дея таъкидлайди Абдулазиз Комилов.
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов 8 сентябрь куни Афғонистон масаласи бўйича 20 дан ортиқ ТИВ раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратганди. «Толибон» расмийси 7 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини айтганди.
Изоҳ (0)