1892 йилнинг 28 октябрида француз рассоми ва ихтирочиси Эмиль Рейно Париж шаҳридаги Гревен музейида ҳаракатланувчи суратлар кетма-кетлигини — илк мультфильм намунасини йиғилганларга намойиш этади. Орадан 110 йил ўтиб, Халқаро анимацион фильмлар ассосиацияси (АSIFА) ушбу санани «Халқаро анимация куни» деб эълон қилади.
«Дарё» мухбири байрам баҳона йиғилиб бораётган (кўпинча жавобсиз) саволлар: Ўзбекистонда анимацион фильмлар нимага ривожланмаётгани, болалар хоҳлаётган мультфильмлар нега яратилмаётгани, нима учун миллий эмас, хориж маҳсулотлари билан фарзандлар овутилаётгани ҳақида мутахассисларга юзланди, ота-оналар, руҳиятшуносларнинг фикр-истагини эшитди.
Асосий масаладан олдин...
Мультфильм — бугунги замон боласининг дўсти. Интернет, телевизион каналларда ҳар қандай ёшдаги болага мўлжалланган миллионлаб анимацион фильмлар бор ва уларнинг сони, қамрови йил сайин ортса ортяптики, камаяётгани йўқ. Тан олиш керак, аксаримиз бола тарбиясини ўзимиздан соқит қилиб, турли-туман мультфильмларга «топшириб», хотиржам бўлиб қолганмиз. Бари йиғилса, бир кунда 3-4 соатини мультфильм кўриб ўтказадиган болалар кўп. Ота-онанинг муттасил бандлиги (хоҳ рўзғор, хоҳ ишхонадаги юмушлар) гўдакликданоқ ҳаракатлантирувчи томошага мубталоликка йўл очди дегани.Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияси бор: 2,5 ёшгача ҳар қандай рақамли контент кони зарар. Айрим мутахассислар буни 3 ёшгача чўзади. Тақиқнинг боиси — мия ривожланишида ортда қолиш эҳтимоли юқори. Телеканалларда ёш чегарасини кўрсатадиган сонлар (0+, 3+, 5+...) эса бефойда. Россиялик шифокор, психология фанлари доктори Надежда Мазурова: «Бутун дунёда мультипликациянинг аниқ мезонлари йўқ. Ота-оналар ўзларига ёққанини болага танлаб беради», — дейди. Мультфильмларни мутлақо ёмон, тақиқланиши шарт маҳсулот дейиш ҳам нотўғри. Кўпгина таълимий, болага теварак-атроф, мулоқот, катталар дунёси қонуниятларини ўргатадиганлари уйда берилмайдиган билимдан афзал. Лекин муайян халқ болалари ўз маданияти, миллийлиги, дунёқараши акс эттирилмаган мультфильмларга боғланиб қолиши чиндан хавотирланарли.
Айрим ота-оналардан фарзанди бир кунда неча соат мультфильм томоша қилишини сўраганимда:
«Икки нафар фарзандим бор. Тўнғичим 2-синф бўлишига қарамай, дарсларидан бўшабоқ мультфильмга ёпишади. 5 соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақтини телевизор олдида ўтказади. Кичкинам 5 ёш. Боғчаси ишламаган, тайёрлов курслари ёпиқ вақти 8-9 соат ва ундан ҳам кўпроқ вақтини турли мавзудаги мультфильм кўришга сарфлайди», — дейди икки ўғилнинг онаси Муножот Одилова.
Мультфильмлар боланинг асаб тизимига ҳеч қандай воситасиз таъсир қилиши очиқ ҳақиқат. 1997 йили Японияда 653 нафар бола эпилептик тутқаноқ туфайли касалхонага ётқизилган. Вазият ўрганилганда «Покемон» мультфильмининг 38-қисмидаги эпизод бунга сабаб бўлган. Шу куни барча болалар ўша саҳнани қайта-қайта томоша қилган. Кейинчалик Япония ҳукумати бу мультфильмни қатъий тақиқлаган ва ҳеч қачон қайта суратга олинмаган. Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университетида ўқиб қайтган Шавкат Холдоров Япониядаги бугунги вазият, анимацион фильмларни халққа етказишдаги қизиқ усулни айтиб берди:
«Японияда болани экранга ‘михламаслик’ учун қизиқ одат бор. Янги ишлаб чиқарилган фильмларни намойиш этиб, ҳамманинг диққатини ўшанга қаратгач, телеканалда узатиш шартта тўхтатилади-да, қолгани китоб ҳолида босиб чиқарилади. Ёши катталар ҳам бирдек мириқиб кўрадиган мультфильмларнинг давомини китоб ҳолида оилавий ўқиб, билиб олаверади. Севимли мультқаҳрамонларининг тақдирига қизиққанлар асарнинг кейинги нашрларини интиқ кутади. Бунда ҳам китобхонлик, ҳам анимацион фильмлар яратиш санъати бақамти ривожланаверади», — дейди Шавкат Холдоров.
Ҳаммаси кадр, сценарий ва маблағга боғлиқми?
Бугун дунёда элликдан ортиқ, миллионлаб томошабинига эга анимацион студиялар бор. Pixar, Walt Disney Animation Studios, DreamWorks Animation, Industrial Light & Magic, Studio Ghibli, Framestore, Blue Sky Studios, Warner Bros Animation, Sony Pictures Imageworks кабиларнинг маҳсулоти Ўзбекистонгача кириб келган. «Болажон», «Ақлвой» телеканалларида хориж мультфильмларига ажратилган соатлар ҳам салмоқли.
Болалигимиздан таниш «Қирол Шер», «Пакахонтас», «Оппоғой ва етти гном», «Бемби», «Соҳибжамол ва маҳлуқ», «Дамбо», «Мулан», «Тарзан» каби фильмлар ҳамон эсимизда. Ҳатто кўп кўрилаверганидан диалоглари ҳам тил учида туради. Лекин ўзбек мультфильмлари деганда кўз олдимизда муайян анимацион маҳсулотлар эмас, қолипга солинган тасвирлар — бой ва камбағал, Зумрад ва Қиммат саргузаштлари, лақма ва айёр, яхши ва ёмон кишилар атрофида кечадиган воқеалар гавдаланади, холос. Ўзимизники, деб кўз-кўзлайдиганимиз деярли йўқ. Балки, ноҳақдирман, аммо сиз ўзбек мультфильмларидан қайсиларини эслай оласиз, охирги пайтлари ишланган қайси асарларга кўзингиз тушди, болаларга қандай фильмлар бера оляпмиз?
Нима сабабдан Ўзбекистонда мультипликацион соҳа ўрнидан силжимаётганига шу соҳанинг эгалари яхши сценарий, маблағ ва кадр муаммосини санаб ўтади. Лекин 2016 йили хусусий анимацион студиясига асос солган аниматор, режиссёр Абдулатиф Ҳайдаров бошқача фикрдалигини айтди.
«Тўғри, бизда сиз санаётган уч омил асосий камчилигимиз. Аммо барчаси ҳар доим ҳам бунга боғлиқ эмас. Пул ажратилади. Мисол учун, 1 миллион бўлсин. Шундан олтмиш фоизигина асосий ишга сарфланади. Қирқ фоизини давлат солиқ қилиб, яна қайтариб олади. Агар шу сумма тўлиғича берилсин-чи, ким ёниб ишламас экан! Сценарийнавислар ҳам бор. Ҳақиқатан яхши ёзадиганлари кўп. Ҳафсалангизни ўлдириб, ёзган нарсангизни қайтараверсин, кенгашдан ўтказмасин-чи!
Арзимаган ҳақ эвазига ҳар қандай одам ҳам ‘Бор-э!’ деворади. Кадрларга келсак, буям катта муаммо эмас. Хорижий компаниялар учун ишлайдиган ўзбекларни биламан. Сониясига пул олади. Бу соҳанинг афзал томони — уйда ўтириб бемалол ишлаш мумкин. Ўз ишининг шундай усталарини биламан, керак бўлса, улар сўраган ҳақни тўлолмайман. Чунки профессионаллигини билади, шунга яраша ҳақ олишни истайди. Тўғри қилади. Ҳар ким меҳнатига яраша олиши керак», — дейди Абдулатиф Ҳайдаров.
Ота-оналар эса мультфильмларнинг савияси, динамикаси, мавзусини асосий камчилик ҳисоблайди, жумладан, Муножот Одилова шундай дейди:
«Ўзимизнинг мультфильмларни кўрсин деб, болаларимни жуда кўп марта мажбурлаганман. Машиналар ҳақидаги ‘Пойга’нинг ғояси ёқди, лекин мультфильмдаги тасвирлар — дарахт ва биноларнинг аралашиб кетгани ўғилларимнинг ғашига тегди. Масалан, пойгада доимо тенг кучлардаги машиналар ўйнаши керак. Бу ерда ‘камаз’, ‘кран’ ҳам бирдек қатнашяпти, улар юк машиналари-ку, пойгада кучлар нотенг дея мультфильмни ‘таҳлил’ қилишган.
Ҳар куни нонушта маҳали мультфильм танлови узоқ чўзилади. Ойим хафа бўлмасин деб, ўзбек мультфильмларини тилларига ҳам олишмайди. Чунки савияси ҳаминқадар, эфир сеткаси ёш кетма-кетлигида тузилмагандек. Дубльяжи мутлақо болага мос эмас, овоз эффектининг сюжетга тушмаган жойлари жуда кўп».
«Бу соҳа ўгай болага ўхшайди»
Сценарий, маблағ ва кадр муаммо бўлмаса, унда муаммо нимада, деган иккинчи савол туғилади. Лекин бунга аниқ жавобни шу чоққача юрак ютиб айтадиган топилмаган. Ўзбек мультипликацияси тарихида илк бор мойбўёқ услубида ишланган «Қиз ва булут» анимацион фильми режиссёри, қисқа метражли кинофильмлари билан танилган Шокир Холиқов ҳам мультипликациядаги муаммолар илдизи қайси нуқтадалигини айтиб ўтади.Ёш ўзбек томошабинига анимация керакмикан, деб жиддий ўйлайдиган ташкилот борми? Шу соҳа билан алоҳида шуғулланадиган ташкилот ёки масъул борми, деган савол кўндаланг туради. Анимацион фильмлар мавзуси, кўриниши, шакли, ғоясини тизимли ишлаб чиқадиган ва бу ҳақда бош қотирадиган ташкилот борми, дегим келади. Агар шундай ташкилот бўлса, уларнинг иши деярли кўринмаяпти. Режиссура ва сценарийлардан ташқари, албатта. Ўгай болага ўхшатиш мумкин бу соҳани.Сценарий, режиссура, маблағсиз на фильм олиш мумкин, на мультфильм. Ҳаракат ва талаб бор жойда маҳсулот бўлади. Демак, шуни яхшилаб ўйлаб, талаб қилувчи, ишлаб чиқарувчининг йўқлиги, назаримда, энг катта сабаб.
«Ўзбекмультфильм» яқинда ёпилди. Балки, бу ҳам тўғридир. Эҳтимол, биров кўрмайдиган мультфильмнинг бўлганидан бўлмагани яхши, деб ёпишгандир.
Кадрлар масаласи деяпмиз. Бор гап. Лекин қанчадан қанча истеъдод бор. Бугун «Ўзбекмультфильм»дан кўра хусусий студияларнинг даражаси анча баланд. Айрим студиялар хорижий буюртмаларни тайёрлаётганини биламан. Иши жуда мукаммал. Айбини тополмайсиз.
Ўзбек мультипликацияси кимга керак? Ким қизиқади бу билан? Тайинли жавобнинг йўқлиги — биринчи сабаб. Агар астойдил хоҳласак, эгаси чиқади. Керагидан ортиқ аниматорларимиз бор. Айтяпман-ку, чет элдан буюртма олиб, уларга маҳсулот етказиш ҳазилакам гап эмас. «Қиз ва булут»дан хабарингиз бор экан. Постерлари чиққач, менга 3D’да ишлайдиган анимацион студия таклиф билан чиқди. Бизга ҳам худди шундай яхши сценарий бўлса, бирга ишласак, биз ҳам шу чет эл мультфильмлари даражасидаги мультфильмлар қилишга қурбимиз етади, деб таклиф билдиришди. Улар билан ишлаш ниятим йўқ эмас.
Шокир Холиқов, режиссёр
Пул, вақт ва меҳнат ҳавога совурилса...
Салкам 50 йиллик тарихга эга ўзбек мультипликация санъати асарларини, майли, ўта оддий, содда ишланган бўлса-да, ҳамон яхши кўрамиз. Аммо ўтган 30 йил ичида болаларни ҳайратлантирадиган (хорижий фильмлар диққатни тортиши ва ҳайратлантириши билан доим олдинда), тузукроқ сценарий асосида ишланган маҳсулот ва қаҳрамонни кўрмадик ҳисоб. Ҳеч бўлмаганда, шу чоққача болаларнинг севимли қаҳрамони, орзусидаги образни гавдалантириш мумкинмиди...
Агар гап маблағга тақалса, 2019 йили «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси (ҳозир ёпилиб кетган) томонидан 10 та мультфильм ишланиши режалаштирилган ва қуйидаги 5 та картина якунига етказилган:
«Чархпалак», бюджети — 526 434 189 сўм;
«Менинг гўзал яшил рангим», бюджети — 230 925 569 сўм;
«Сеҳрли танбур», бюджети — 782 184 560 сўм;
«Пар ёстиқ», бюджети — 472 789 045 сўм;
«Қўзичоқ, най ва қароқчилар», бюджети — 291 531 078 сўм.
Болаларга тақдим этилиши кутилган фильмлар:
«Самарқанд нони», бюджети — 281 585 145 сўм;
«Зағча», бюджети — 275 296 667 сўм;
«Чархпалак-2», бюджети — 272 502 889 сўм;
«Қалдирғоч билан майна», бюджети — 266 298 669 сўмни ташкил этган.
Мазкур мультфильмлар учун умумий миқдорда 3 399 547 811 сўм сарфланган.
Хусусий студиялар эса ўша йили:
«Кенжа ботир», бюджети — 338 627 819 сўм;
«Сайёҳ» 3D, бюджети — 499 822 263 сўм;
«Автосаргузаштлар», бюджети — 499 782 916 сўм каби фильмларни ишлаб чиққан.
Тўғри, бу суммаларни хорижники билан солиштириш ноўрин (масалан, «Довюрак» мультфильмига 185 миллион доллар, «Машиналар 2»га 200 миллион доллар, «Рапунзел»га 260 миллион доллар сарфланган ва харажат тўлалигича ўзини оқлаб, ўртача 500 миллион доллардан 1 миллиард долларгача фойда келтирган). Бироқ 2019 йили Ўзбекистонда 3 миллиарддан ортиқ маблағ 10 та мультфильм учун ажратилган бўлса-ю, бирортасини болаларимиз ҳалигача севиб томоша қилмаса... шунча меҳнат, пул ва вақт ҳавога совурилган бўладими?
Тўрт йиллик таълим бефойда(ми?)
Кадрлар муаммосига давлат бундан тўрт аввал ечим топгандек эди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳар йили ўнга яқин талаба мультипликация санъати бўйича махсус йўналишни тамомлайди. Режиссёр Абдулатиф Ҳайдаров эса кадрларни бу зайл тайёрлашга бироз қарши:
Майли, буям ўзини оқлар. Лекин ўша ўналовидан жуда камчилиги шу соҳа ортидан кетади. Қолганлари ё истеъдодсиз, ё кириш баллари пастлигидан шу факультетни танлаган бўлади. Тўрт йил беҳуда вақт кетказиб, аниматорликка ўқиш шарт эмас. 4 ёки 6 ойлик курс етади. Ўзим ҳам ўқишни битиргач, энди нима қилсам экан, деганман. Соҳага қизиққанидан дипломни ҳам ўйламай, бор куч-қувватини ўз юмушига сарфлаётганларни танийман.Шокир Холиқов ҳам ўхшаш манзара ҳақида гапиради:
Миллий рассомлик ва дизайн институтида анимация йўналиши бор. Камида 10-15 мутахассис бир йилда битиради. Майли, ўқимаган дейлик, у-буни баҳона қилайлик, лекин йилига ўн нафаридан олти нафари бошқа соҳага ўтиб кетса ҳам, қолганлари қаерда ҳозир? Анимацияда қолишнинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблашгани аниқ. Эътибор қаратадиган жой бўлмагандан кейин, бошқа чораси ҳам йўқ-да.
Сийқаси чиққан мавзудан ўртамиёна сценарийгача
Ўзбек мультфильмларида мавзулар якранг: қарийб барчасида дидактика ҳукмрон. Болага нима тўғрилиги, нима ёмонлиги ипидан игнасигача кўрсатилади. Болани мантиқий фикрлашга эмас, панд-насиҳат орқали тарбиялашга уриниш кўп. Аслида, дидактикасиз ҳам оқ-қора, эзгулик-ёвузлик, яхши-ёмон, баланд-пастни ўргатиш мумкин.Маблағ ва кадр масаласини ташқаридан кузатадиганлар асосий муаммо деб билар. Аммо соҳа ичидагилар бунинг аксини айтади. Гап пул билан мутахассисга боғлиқ бўлмаса, бориб-бориб сценарийга тақалмай қўймайди.
Келинг, хорижники билан таққослай. Уларда сценарийнавис катта-катта компанияларга ишини яхши ҳақ эвазига сотгач, бўлди, жараёнга бошқа аралашмайди. Компания сотиб олган сценарийсининг ғояси, асос-мағзини қолдиради-да, ўндан ортиқ (аслида, юзлаб) кучли, соҳада етакчи ссенаристларни бир ерга йиғиб, бутунлай бошқа асарни тайёрлаб беришларини сўрайди. Ҳар кимга хизматига яраша тўланади. Пишиқ-пухта сценарий яратилгач, кейин ишнинг қораламасига ўтилади. Бизда, ўтган йилги ҳолат бўйича, бир сценарийга 2 миллион 850 минг қалам ҳақи берилган. Лекин бу бир мартада бадиий кенгаш назаридан ўтса қани! Қайтарилавериб, бечора ссенаристнинг ҳафсаласи ўлади, ёзганларига минг пушаймон бўлади. Охири, ҳаммасига қўл силтайди.Дуруст сценарий бўлмагач, кўрса арзигулик фильм ҳам туғилмай ўлади.Абдулатиф Ҳайдаров, аниматор
«Ўзимизнинг мультфильмларни ўғилларим жуда зерикарли, ўта содда дейишади. Тўнғичим Корея, Хитой, Вьетнам аниме ва комиксларини яхши кўради. Баъзан Pixar ва Disney маҳсулотларини менга ҳам тавсия қилади, кўринг деб. Кичкинам машиналар, инструкторлар, кашфиётлар, шифокорлар ҳақидаги мультфильмларни қайталаб томоша қилаверади. Мавзуси, ишланиши, динамикаси талаб даражасида-да. ‘Фиксики’, ‘Пин-код’, ‘Доктор плюшева’, ‘Бумажки’ни кўришдан чарчамайди», — дейди Муножот Одилова.
Яна бир онадан болаларингиз ўзбек мультфильмларидан қайсиларини яхши кўради, деб сўрасам:
«Болаларим қолиб, ўзим зерикаман ‘Ўзбеккинў чиқарадиган мультфильмлардан. Воқеаларга бой, ранг-баранг, ўткир сюжетли, расмлари чиройли, сифатли бўлиши керак, менимча. Кўпроқ тарихий, фантастик фильмлар яратилса, айни муддао. Панд-насиҳатни эса тарихий мультфильмлар орқали бериш мумкин. Ўғлим япон, ўртанча қизим ғарб мультфильмларини севиб томоша қилади. Ўзимизникини сифатсиз, қаҳрамонлари сунъий, ‘одамга ўхшамайди’, деб умуман кўришмайди», — деди тўрт фарзанднинг онаси Марҳабо Жўраева.
Биринчи нуқта сценарийдан бошланса-ю, пойдевор мустаҳкам қўйилмаса, қурилган иморат қулаши тайин. Ота-она ва болалар кўп ҳолларда режиссураси кучли, воқеаларга бой, ранг-баранг, томошабинга энг аввал таълим берадиган фильмларни афзал билишади-ю, шу соҳага дахлдор масъуллар негадир бунга парво қилишмайди.
Мультфильм яратишдаги даражамиз 2D’да эди. Яна эски сценарийлардаги бўшликлар, қайтариқлар... Бой камбағал бўлади, камбағал бойни охирида мот қилади. Шоҳ довдир қилиб тасвирланади. Хуллас, чайналган, бир хил мавзу. Фикрда ўзгариш йўқ. Ҳаммаси эски гап. Ишланиш усули, чизилиши, ранглари бир-биридан деярли фарқланмайдиган маҳсулотлар эди.Танланган мавзу боланинг онг остига бевосита таъсир қилади. Бўлаверади, деб чет элникини кўрсатяпмиз-у, ўзимизникини яхшилаш пайида бўлмаймиз. Бола яратаётган мультфильмларимизни ҳали тушунмайди, деймиз. Лекин бола миясининг имконияти жуда юқори. Катта одам бўлиб эмас, боладек ўйлайлик. Унинг нима хоҳлаётганига эътибор берайлик.
Оддий ранг, персонаж қиёфасини олайлик. Албатта, бизда ёвуз одам хунук бўлиши керак, яхши одам чиройли бўлиши, ёвуз кимса кўрсатилса, мусиқаси ваҳимали бўлиши керак, деган стереотип бор. Ҳаётда ундай эмас-ку! Мультфильмга мультфильм даражасидан эмас, кино даражасида қараган маъқул ва ҳаммаси обдон ўйланиши керак. Психолог, балки болаларнинг ўзидан фикр сўраган ўринлидир.
Шокир Холиқов, режиссёр
Қўшнимиздан ортдамиз
Қозоғистон анимацион фильмлар ишлаб чиқаришда биздан анча олдинда. Давлат ва хусусий студияларда яратиладиган мультфильмлар савияси, даражаси, қамрови ва контенти анча баланд. Ҳатто айрим фильмлардаги комикслар махсус дастурларда аллақачон сотувга қўйилган. Мультфильмлар қаторида қозоқлар энди мульттерапия билан астойдил шуғулланишмоқчи. Ижодий социаллашувни рағбатлантириш ва ривожланишда нуқсони бор болаларга махсус услубда рассомлик, графика, санъат ва ҳунармандчилик, мусиқа ва адабиётдан сабоқ беришмоқчи. Бунда психология, арт-терапия, анимация синтез қилинади.Бундан 10 йил олдин қозоқлар илк миллий тўлиқ метражли «Ер-Тостик ва Айдахар» мультфильми устида иш бошлайди. Қозоқ халқ эртаклари асосига қурилган фильм 3 йил давомида яратилади. «Казахфильм»нинг маълумот беришича, мультфильм бюджети 1,2 миллион долларни ташкил этган. 2013 йил 21 мартда прокатга чиқарилгач, илк ҳафтадаёқ 31,3 миллион тенге (207 минг доллар) маблағ йиғилган.
Аслида, Қозоғистондаги вазият бундан ўн йиллар аввал бизникидан-да оғирроқ, абгорроқ эди. 2010–2011 йиллари ҳукумат соҳага жиддий эътибор қаратиб, катта маблағ ажратади. Қозоқ аниматорлари эса ҳақиқий мутахассислар, ғоялар, касбининг фидойиларини бир ерга йиғиб, уч йил ичи прокатга чиқаргулик анимацион фильмни халққа тақдим этишади.
Бизда-чи, миллионлаб пул ажратиляпти-ю, дурустроқ фильмдан нишона йўқ.
Ажратилган сумма яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Ўртача даражада. Лекин бир фильм учун етади. Агар тўғри тақсимланса, катта қисми солиқларга ушлаб қолинмаса. Номи бир миллион-у, ишингизга ярмидан кўпинигина харжлайсиз, холос. Ўша бир миллионни тўлиғича ишлатайлик. Шундаям эплолмасак, қўлимни кўтараман.Абдулатиф Ҳайдаров, аниматор
«Ҳеч бўлмаса, YouTube’га жойлаб, интернетда тарғиботини ўзимиз қилсак...»
2018 йили ишланиб, 2019 йили «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмаси билан Astir animation studio’нинг «Автосаргузаштлар» мультсериали телеканалларда намойиш этилди. Ҳозиргача 6 та қисми кўрсатилди. Интернетда ҳам фақат шу қисмларини топиш мумкин. Фильм режиссёри ва аниматор Абдулатиф Ҳайдаровнинг айтишича, «сериалнинг 12 та қисми буюртмачига топширилган. Қолган 3 та қисми ҳам тайёр. Лекин олтитадан бошқаси на телеканалларда давомий кўрсатилди, на оммавий ахборот воситаларида гапирилди». Режиссёрнинг барча ёшдаги томошабинлар учун 3D ўлчамли графикада ишланган «Сайёҳ», «Хасис баққол» мультфильмлари ҳам «Ўзбеккино»га топширилган, аммо намойиши ва тақдимотидан дарак бўлмаган.«Халқаро мультфильмлар даражасига етгулик фильмларимиз халққа кўрсатилмагандан кейин саволлар туғилади-да. Анимация соҳаси ривожланмаяпти, ҳеч ким ишламаяпти, деган гаплар бўлади. Аслида, ишлаяпмиз. Имкон етганича маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Лекин ҳеч қаерда кўрсатолмаяпмиз. Қани энди, онлайн намойишга рухсат беришса... Ҳеч бўлмаса, YouTube’га жойлаб, интернетда тарғиботини ўзимиз қилсак... Меҳнатимиз натижасини интернетдаги кўрувлар сонидан ҳам билиш мумкин кейин», — дейди аниматор Ҳайдаров.
«Мультфильм ишлаб чиқариш фильм яратишдан анча мушкул»
Режиссёрларнинг фикри, муаммога ечим бўлгулик кузатувларини эшитгач, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизматига юқоридаги мулоҳазалар бўйича бир нечта савол билан юзландик.Ўзбекистонда анимация эътибордан қолган эмас. Аввалгидан кўра соҳага кўпроқ эътибор бериляпти, мультфильмлар ишлаб чиқариш учун янада яхши шароитлар яратилмоқда. Ҳозир кўп корхоналар давлат тасарруфидан чиқарилмоқда. Ўз ўрнида эса хусусий секторда сўнгги йилларда кўтарилиш кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда Мультипликацион фильмлар студияси ёпилиб, ўрнида Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси ташкил этилди. Бундан ташқари Тошкентнинг ўзида 10 дан ортиқ хусусий студиялар ишлаб келмоқда. Архаик усулда олинган мультфильмлар уларга рақобат қила олмайди.Хулоса ўрнидаЎтган йили Мультипликацион фильмлар студияси ДУК ва хусусий студиялар томонидан 15 га яқин мультфильмлар ишланган. «Дино ва Завр», «Сеҳрли қаламдон» «Жасур Қутқарбоев», «Бизнинг диёримиз» каби мультсериаллар, «Сеҳрли танбур», мультфильми шулар жумласидан. Шунингдек, хусусий студиялар томонидан «Хасис баққол», «Кичик билағонлар», «Автосаргузаштлар», «Қувноқ заррачалар», «Сайёҳ», «Ибн Сино йўлидан» каби тарбиявий аҳамиятга эга анимацион фильмлар яратилган. Ҳозирда 10 дан ортиқ анимацион лойиҳаларнинг муҳокамаси давом этмоқда.
Охирги пайтлари ишлаб чиқарилаётган анимацион фильмлар ҳар томонлама хориж тажрибаси асосланган ҳолда 3D форматда болалар эътиборига тақдим қилинмоқда. Шунинг учун ҳам 10 дақиқалик қисқа метражли мультфильм учун ўртача 600-800 млн сўм, мультсериалларнинг ҳар бир сериясига 400-600 млн сўмгача маблағ ажратилган. Анимацион фильмлар фақат мазмун ва мавзу жиҳатдан ўзбекона услубда ишлаб чиқарилмоқда. Мультфильм ишлаб чиқариш фильм яратишдан анча мушкул.
Анимацион фильмлар аллақачон хусусий студияларда ривожланган. Улар анчадан бери ташқи бозорда рақобатдош лойиҳаларда ишлаб келишмоқда. Масалан, Ўзбекистонда Dip Animation studio, Futurist Media Group, Astir animation, White line ва бошқа шу каби хусусий студиялар ҳаттоки хорижлик аниматорлар билан тажриба алмашган ҳолда мультфильмлар ишлаб чиқаришмоқда.
Нозим Сафаров, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари
Соҳа ичида юрган ва паст-баландини биздан яхши билгувчи мутахассис ва масъулларнинг соҳа ривожидаги фикрлари турлича. Ваколатли ташкилот жамики шароитни яратиб беришга тайёр, лекин амалда томошабин кутганчалик асар дунёга келмаяпти ва яна хорижнинг «қадрдон», беминнат мультфильмларини мириқиб томоша қилишни давом эттираверамиз. Назаримда, бу соҳанинг локомотиви нафақат яхши сценарий, режиссура ва маблағ, яна ҳалол рақобат ҳамдир. Хусусий секторнинг кўпаяётгани ва маблағнинг тўғри тақсимоти, профессионалларнинг борлиги соҳадаги муаммоларни зора аритса. Қанийди, ўзимизнинг экранга «михлагулик» мультфильмларимиз тезроқ яратилса-ю, бу мавзуда бошқа оғиз оч(ол)масак.
Изоҳ (0)