АҚШнинг аҳоли сони бўйича энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Чикаго йўқолиб кетиш хавфи остида. Олимлар иқлим ўзгариши билан боғлайдиган сўнгги беш йилдаги энг кўп ёғингарчилик аҳоли пунктига хавф солмоқда, деб ёзади CNBC.

Чикаго дарёси

Фото: Pixabay

Таъкидланишича, тез-тез содир бўлаётган ёғингарчилик ва қурғоқчилик Чикагода шу номдаги маҳаллий дарё ҳамда Мичиган кўли сув сатҳининг кескин ўзгаришига олиб келмоқда, бу эса шаҳарга жиддий зарар етказмоқда. Аввалроқ Чикагода сув тошқини юз берган тақдирда қўлланиладиган ёмғир суви системаси яратилганди. Бу кўл ва дарёдаги сув даражасини назорат қилувчи шлюзлардир. Бироқ ёғингарчилик шунчалик кучли бўлганидан, тизим ишламай қолган.

Ўтган қишда кучли ёғингарчилик туфайли Мичиган кўлидаги сув сатҳи рекорд даражада кўтарилганди. Тўлқинлар маҳаллий автомагистрални қоплаб олган, биноларнинг учинчи қаватигача сув босган.

Ўшанда Чикаго дарёси ҳам қирғоқларидан тошиб кетган ва электр энергияси узилишига сабаб бўлганди.

«Энг катта хавф  шундаки, иқлим ўзгариши сув даражасига таъсир қилмоқда, шаҳар инфратузилмаси, қирғоқлари ва бинолари бунга ортиқ дош беролмайди», — дейди Мичиган университети атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш мактаби доценти Дрю Гроунволд.

Унинг сўзларига кўра, кўл атрофидаги бошқа шаҳарлар ҳам хавф остида. Шу билан бирга узоқ давом этган қурғоқчилик Мичиган кўлидаги сув сатҳининг пасайишига олиб келмоқда. Чикаго ва АҚШнинг бутун Ўрта Ғарбий қисмини сув билан таъминлаш ушбу кўлга боғлиқ бўлиб, бу минтақа иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга.

АҚШ армияси муҳандислар корпуси 2020 йилдан бери Чикаго қирғоқ чизиғини мустаҳкамлаш учун 500 миллион доллар сарфлади. Шаҳарда ўн минглаб дарахтлар экилди, чунки барглар кучли ёғингарчиликдан қўшимча ҳимоя қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Чикаго карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга чақирмоқда, чунки бу маҳаллий даражада глобал исишга қарши курашнинг ягона чинакам ечимидир.