«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
11:47, 24.10.2021 30376

Машҳур фильмларнинг суратга олиш жараёнида содир бўлган кўнгилсиз ҳодисалар (фото)

Фильмларнинг суратга олиниши ҳамиша мароқли бўлган. Унинг муваффақиятли чиқиши эса нафақат актёр, балки бутун жамоанинг меҳнатига боғлиқ бўлади. Омадли чиққан картина ортида турли воқеалар, баъзида эса фожиалар ҳам бўлиши мумкин.

«Устаси фаранглар» (2013)

Фото: People Talk

Сув тўла камерада суратга олинаётган вақт Айла Фишернинг ҳалок бўлишига сал қолган. Актрисанинг қўлидаги кишан занжири чалкашиб кетиб, нимагадир илиниб қолган. Оқибатда у 3 дақиқага яқин вақтни сувда ўтказишга мажбур бўлган.

«Тулки овчиси» (2014)

Фото: People Talk

Ченнинг Татумнинг карьерасидаги энг қийин роли у учун омад келтирган. Актёр бошини кўзгуга урган саҳнада жароҳат орттириб олган. Дубль шунчалик таъсирли чиққанки, уни фильмга киритмаслик мумкин эмас эди.

«Озод этилган Жанго» (2013)

Фото: People Talk

Ушбу фильмдаги бош суягини кўриш мумкин бўлган саҳна Леонардо ДиКаприонинг барча мухлисларини ҳайратда қолдирган. Аммо ундан ўрин олган ажойиб дубль Леога қимматга тушган. «Эсингизда бўлса, ушбу саҳнада Лео столга қўлини зарб билан урган саҳна бор, шундай дубллардан бирида у ёнида турган бокални синдириб юборган», — деган фильм продюсери Стейси Шер. Унинг қўшимча қилишича, шундан кейин қон сизиб чиққанига қарамай, Лео образдан чиқмасдан монологини давом эттирган. Кейин эса жароҳатини тиктиришга тўғри келган.

«Узуклар ҳукмдори. Икки қалъа» (2002)

Фото: People Talk

Шлем тепиладиган саҳнанинг бешинчи дублида Вигго Мортенсен оёғининг иккита бармоғини синдириб олган. Аммо айнан мазкур дубль энг яхши деб топилган. Умуман олганда фильмда нафақат Мортенсен, балки Орландо Блум ҳам жароҳатланган.

«Мулен Руж» (2001)

Фото: People Talk

Гўзаллик қурбонлик талаб қилади. Актрисаларнинг эса нафақат гўзаллик, балки роли учун ҳам қурбонлик қилишига тўғри келиши мумкин. Интервьюларидан бирида Николь Кидман «Мулен Руж»нинг суратга олиш жараёнида дуч келган қийинчиликлари, икки марта қовурғасини синдириб олганини айтиб берган. Маълум бўлишича, бунга актёр Юэн Макгрегор сабабчи бўлган. «Юэн мени тушириб юборган ва мен қовурғамни синдириб олганман. Энди битишни бошлаганида корсет кийсам, қовурға барқарорлашади ва яхшироқ бўлади. деб ўйлаганман. Аксинча бўлиб чиққан: корсет янада зўриқтириб юборган. Мен тик турганча уни иккинчи марта ҳам синдириб олдимов деб ўйлаганимни яхши эслайман», — деган актриса.

«Готик» (2003)

Фото: People Talk

Кичик Роберт Дауни ва Хэлли Берри қаҳрамонларининг ўртасидаги кураш вақтида, актёр кучини тўғри сарфламагани ҳисобига актрисанинг қўлини синдириб юборган. Берри ўша саҳнани шундай эслайди: «У мени қўлимни қайирганидан кейин иккимиз ҳам қарсиллаган овозни эшитдик». Ушбу воқеадан кейин суратга олиш ишлари актрисани қўли битгунига қадар — икки ойга тўхтатилган.

«Қузғун» (1994)

Фото: People Talk

Ушбу фильмнинг суратга олиш майдончасида содир бўлган ҳодиса нафақат Голливуд, балки бутун дунёни ҳайратда қолдирган. Кутилмаган тасодиф даҳшатли фожиа билан якун топган. Брюс Лининг ўғли «Қузғун» комикс-фильмининг сўнгги саҳнасини суратга олиш жараёнида ўлдирилган. Сценарийга кўра, душманлардан бири уни отиб ташлаши керак бўлган. Аммо ўша вақтда пистолетдан бўш ўқ билан бирга темир тиқин учиб чиқиб, унинг ошқозонини тешганини ҳеч ким сезмай қолган. 28 ёшли актёр орадан 12 соат вақт ўтиб жуда кўп қон йўқотишдан вафот этган.

«Етти» (1995)

Фото: People Talk

Кечки ёмғирдаги қувиш саҳнасини суратга олиш жараёнида Брэд Питтнинг қўлидаги пай узилган. Жароҳатнинг шунчалик жиддийлигидан сценарийга ўзгартириш киритишга мажбур бўлинган.

«Гарри Поттер ва ажал туҳфаси: биринчи қисм» (2010)

Фото: People Talk

Дэниэл Рэдклиффнинг дублёри Дэвид Холмс қаҳрамонларнинг учиш саҳнасини суратга олиш вақтида деворга бориб урилган. Оқибатда елкаси шикастланган ва танасининг юқори қисми фалаж бўлиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Американинг Нью-Мексико шаҳрида бўлиб ўтаётган фильмни суратга олиш жараёнида фожиа юз берди. Актёр Алек Болдуин «Занг» (Rust) фильмини суратга олиш майдончасида оператор Галин Хатчинс ва режиссёр Жоэл Соусга тасодифан ўқ узди. Ҳодиса оқибатида оператор аёл вафот этганди.