«Локомотив» бош мураббийи Микаэл Секейра Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган «Қўқон-1912»га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг УЕФАга кириши кераклигини айтди.

Фото: «Локомотив»

Ўйин ҳақида

Ўйин қийин ўтди. Илк 20 дақиқаликда «Қўқон-1912» жамоаси агрессив ўйин намойиш этди. Ҳакамлар ҳам ўйинни шундай давом эттиришга қўйиб берди. Бизнинг фикримизча, рақиб биринчи голни қўл билан урди. Иккинчи бўлимда «Локомотив» ўйин услубини ўзгартирди ва биринчи бўлимга қараганда анча яхши ўйнадик. 2:1 бўлишидан олдин Диёр Туроповда гол уриш учун имконият бўлганди. Ҳакам бу вазиятга ҳам эътибор бермади. Кўпчиликнинг айтишича, Диёрнинг либосидан тортиб қолишибди.

«Локомотив»нинг олдинда турган «Сўғдиёна», «Пахтакор» ва «Насаф»га қарши ўйинлардаги имкониятини қандай баҳолаши ҳақида

Авваламбор ҳаракат қиламиз. Бугун мағлубиятга учрашимиз керак эмасди. Футболчилар кийим алмаштириш хонасида хафа бўлиб ўтирибди. Бу ҳакам бизнинг иштирокимиздаги учта ўйинни бошқарган бўлса, ҳар учала ўйинда мағлубиятга учраганмиз. «Бунёдкор» билан баҳсда оддий вазиятда пенальти қўйиб берганди. Якунда улар 3:2 ҳисобида ютиб кетган. Бугунги ҳакамликдан ўзим ҳам жуда хафаман. Португалиядаги ҳаётим давомида бундай ҳакамликни бирор марта ҳам кўрмаганман.

Мен ўзимнинг фикримни айтмоқчиман, Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши учун битта йўл бор, академиялар очилмоқда тўғри, лекин бу нарса ҳал қилиб бермайди. Ўзбек футболи УЕФАга аъзо бўлганидан сўнг кўтарилади. Осиёда қолар экан, бундай тизим билан ҳеч қачон мундиалга чиқа олмайди. Бу тизим ўзбек футболига якун ясаб беради. УЕФАда ҳакамлар бошқача бўлади, футболчиларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати ўзгаради, чемпионат ўзгаради. Майдонда бир-бирини уриб синдирмайди. Муносабат бошқа томонга бурилади. Агар бу нарсалар бўлмаса, келажак йўқ.

Ҳозир керакли сўзларни топа олмаяпман, бир кун кетадиган бўлсам, жуда хафа бўлиб кетаман. Чемпионат якунлангач, уйимга кетаман. Хафа бўладиган томоним, бу ерда яхши футболчилар бор. Бироқ бу тизим, чемпионат, ҳакамлар... Академиялар кўпаймаса, УЕФАга аъзо бўлмаса, ҳеч қачон Жаҳон Чемпионатига бормайди, ҳеч қачон. Нол бўлиб қолади. Мен омад тилайман Ўзбекистонга. Юртингизда яхши инсонларни кўрдим. Аммо шу тизим бўлса, ўзбек футболи чўкишда давом этади. Ҳақиқатни айтаман, тамом.

Микаэл Секейра, «Локомотив» бош мураббийи

Қўқонда ўтган ўйин мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. «Локомотив» матбуот хизмати учрашувдан кейин мағлубият ҳақида клубнинг Telegram каналида «Қўқонда оффсайд ва қўл билан урилган гол сабабли мағлуб бўлдик», — деб ёзиб қолдирди.

Шунингдек, «Қўқон-1912» устози Бахтиёр Ашурматов ҳакамлик борасидаги фикрлари билан бўлишди.

«Ҳакамлар иккала томонга ҳам хато қилди, қайсидир жамоага ён босди деб айта олмайман. Афсуски, бугун VAR ишлатилмади. Ғалабадан кейин ҳакамлик ҳақида гапиришим нотўғри бўлса керак. Якуба Бамбадан гол урилган вақтда тўп қўлинга тегдими деб сўрадим, у тўп юзига тегиб, дарвозага кирганини айтди», — деб Ашурматовнинг сўзларини келтирмоқда «Championat.asia»

«Локомотив» 23-турдан кейин 33 очко билан 7-ўринда бормоқда. Ҳисобида 32 очко бўлган «Қўқон-1912» эса 8-поғонани банд этган.