Якунланаётган ҳафтада Европанинг топ-5 чемпионатларида бўлиб ўтадиган ўйинлар анонси билан танишинг.

АПЛ. «Манчестер Юнайтед» — «Ливерпуль»: Криштиану Роналду ва Муҳаммад Салоҳ қарама-қаршилиги

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» — «Ливерпуль», 24 октябрь, 20:30

Манкунианлар мавсумни чемпионлик амбицияси билан бошлади. Жамоа Криштиану Роналдуни олиб келди. Португалиялик футболчи бир нечта муҳим ўйинларда камбэкни амалга ошириб, керакли очколарни олиб берди. Ҳозирда «Манчестер Юнайтед» АПЛнинг ортда қолган 8 туридан сўнг 14 очко билан 6-ўринни банд этиб турибди. Бундан аввалги турда «Манчестер Юнайтед» «Лестер»га қарши баҳс олиб борди ва 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Сульшер қўл остида жамоа барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти.

Ўтган мавсумдаги омадсизликлардан сўнг «Ливерпуль» ушбу мавсумда ишончлироқ ҳаракат қиляпти. Англия Премьер Лигасида 18 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Етакчидан атиги бир очко кам жамғарган Клопп шогирдлари чемпионликни мақсад қилган. Чемпионлар Лигасида ҳам 3 та ўйинда максимал очкони жамғара олди. Охирги ўйинда жамоа Диего Симеоне устозлик қилаётган «Атлетико»ни таслим этди. Сўнгги ўйинларда Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане ва Роберто Фирмино учлиги бир-бирини тушуниб ҳаракат қилмоқда. Бу эса рақиблар учун хавфли.

Қолган учрашувлар:

22 октябрь, жума

«Арсенал» — «Астон Вилла», 00:00

23 октябрь, шанба

«Челси» — «Норвич», 16:30

«Кристал Пэлас» — «Ньюкасл», 19:00

«Эвертон» — «Уотфорд», 19:00

«Лидс» — «Вулверҳэмптон», 19:00

«Саутҳэмптон» — «Бёрнли», 19:00

«Брайтон» — «Манчестер Сити», 21:30

24 октябрь, якшанба

«Брентфорд» — «Лестер», 18:00

«Вест Ҳэм» — «Тоттенҳэм», 18:00

Ла Лига. Бутун дунёни иккига бўлиб юборадиган тўқнашув — «Эль-Класико», «Атлетико» мусобақа етакчисига қарши

Коллаж: Marca

«Барселона» — «Реал Мадрид», 24 октябрь, 19:15

«Барселона» инқирозни бошидан ўтказмоқда. Охирги икки ўйинда ғалаба қозонган бўлса ҳам Рональд Куман танқидлар нишонига айланиб қолди. «Барселона» илк бор Мессисиз «Реал»га қарши ўйнайди. Жамоа президенти Хоан Лапорта класикода ғалаба қозонишига ишонаётганини айтиб ўтди. Рональд Куман ва унинг шогирдлари ҳам ушбу гапга қўшилиши тайин. Каталонияликлар Ла Лигада 15 очко билан 7-ўринга жойлашган. Мусобақа етакчиси эса 20 очко билан бораётган «Реал Сосьедад» ҳисобланади.

Чемпионлар Лигасида «Шахтёр» устидан йирик ҳисобда (5:0) ғалаба қозонган «Реал» «Шериф»га қарши сенсацион мағлубият тасодиф эканлигини исботлади. Ла Лигадаги сўнгги ўйинда эса Карло Анчелотти шогирдлари «Эспаньол»га қарши ўйинда мағлуб бўлди. Бу мадридликларнинг Примера ушбу мавсумидаги илк мағлубияти эди. Дон Карло жамоаси яна Каталонияга ташриф буюрмоқда. Бу сафар шаҳарнинг асосий жамоаси — «Барселона» билан ҳисоб-китоб қилади.

«Атлетико» — «Реал Сосьедад», 24 октябрь, 00:00

Диего Симеоне устозлик қиладиган «Атлетико» 8 турдан сўнг 17 очко билан 4-ўринда бормоқда. «Алавес»га қарши учрашувда мусобақадаги ягона мағлубиятини қабул қилиб олди. Чемпионлар Лигасида эса «Ливерпуль»га қарши ўйинда имкониятни бой берди. Ғазаб ўтидаги «Атлетико» энди мусобақа етакчиси билан баҳс олиб боради.

«Реал Сосьедад» Ла Лиганинг илк турида «Барселона»га 2:4 ҳисобида ютқазгандан сўнг барча мусобақаларда кетма-кет 11 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. 9 ўйинда 20 очко жамғариб, Испания чемпионати етакчилигини қўлга олди. «Атлетико»га қарши баҳсда Начо Монреаль, Микель Ойарсабаль, Карлос Фернандес жароҳат сабаб жамоага ёрдам бера олмайди.

Қолган учрашувлар:

22 октябрь, жума

«Осасуна» — «Гранада», 00:00

23 октябрь, шанба

«Валенсия» — «Мальорка», 17:00

«Кадис» — «Алавес», 19:15

«Элче» — «Эспаньол», 21:30

«Атлетик» — «Вильярреал», 00:00

24 октябрь, якшанба

«Севилья» — «Леванте», 17:00

«Бетис» — «Райо Вальекано», 21:30

25 октябрь, душанба

«Хетафе» — «Сельта», 00:00

А Серия. «Рома» «Наполи»нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйишга уринади, «Интер» «Ювентус»ни синовдан ўтказади

Фото: Getty Images

«Рома» — «Наполи», 24 октябрь, 21:00

«Рома» 21 октябрь куни Конференциялар Лигасида «Будё Глимт»га 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу Жозе Моуриньо фаолиятидаги энг йирик мағлубият. Энди римликлар олдида чемпионатда умуман ютқазмай келаётган «Наполи»ни тўхтатиш вазифаси турибди. «Бўрилар» буни уддалай оладими? «Рома» Италия чемпионатида 15 очко жамғариб, 4-ўриндан жой олган. Ўзаро учрашувларнинг охирги учтасида «Рома» мағлубиятга учраган.

«Наполи» топ-5 чемпионатида умуман очко йўқотмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Лучано Спалетти шогирдлари Европа Лигасида эса битта ғалаба, битта дуранг ва битта мағлубият қайд этди. Аввалги турда «Наполи» «Торино»ни 1:0 ҳисобида таслим этганди.

«Интер» — «Ювентус», 24 октябрь, 23:45

Италиянинг амалдаги чемпиони мавсум аввалида Антонио Контени истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Симоне Инзагини олиб келди. Янги мураббий қўл остида ҳам «Интер» ожизланиб қолмади. Ортда қолган 8 турнинг фақат иккитасида: «Сампдория» ва «Аталанта»га қарши ўйинларда дуранг натижа қайд этди. Ундан ташқари «Лацио»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Қолган барча учрашувларда «нераззурилар» ғалаба қозониб келмоқда. Жамоа ҳозирда 3-ўринда. 17 очко жамғарган ҳолда мусобақа етакчиси «Наполи»дан 7 очко ортда қолмоқда. Ҳозиргача «Интер» 23 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Бу чемпионатдаги энг яхши натижа ҳисобланади.

«Кекса синьора» эса мавсумни омадсиз бошлади. Дастлабки турларда «Ювентус» мусобақа жадвалининг сўнгги ўринларида бораётган эди. Сўнгги турларда туринликлар ҳолатни бироз юмшатишга муваффақ бўлди. А Сериянинг 8-туридан сўнг туринликлар мусобақа жадвалининг 7-ўрнини банд этиб турибди. Аллегри шогирдлари 14 очко жамғарди ва 1-ўриндаги жамоадан 10 очко ортда қолмоқда.

Қолган учрашувлар:

22 октябрь, жума

«Торино» — «Женоа», 21:30

«Сампдория» — «Специа», 23:45

23 октябрь, шанба

«Салернитана» — «Эмполи», 18:00

«Сассуоло» — «Венеция», 21:00

«Болонья» — «Милан», 23:45

24 октябрь, якшанба

«Аталанта» — «Удинезе», 15:30

«Фиорентина» — «Кальяри», 18:00

«Верона» — «Лацио», 18:00

Бундеслига. «Бавария» «Ҳоффенҳайм»ни меҳмон қилади, «Боруссия Д» эса чемпионат аутсайдерига қарши

Фото: Getty Images

«Бавария» — «Ҳоффенҳайм», 23 октябрь, 18:30

«Бавария» ушбу мавсумда ҳам ҳар доимгидек энг юқори ўрин учун ҳаракат қилади. Мюнхенликлар иккинчи бўлишни ёмон кўради. Юлиан Нагелсманн шогирдлари 19 очко билан Бундеслига етакчиси ҳисобланади. «Бавария» 8 турда 29 та гол урди. Жамоа тўпурари Роберт Левандовски ҳисобида 9 та гол мавжуд.

«Ҳоффенҳайм» мюнхенликлар учун ноқулай рақиб. Ўзаро охирги 5 ўйиннинг 3 тасида «Бавария» ғалаба қозонган бўлса, «Ҳоффенҳайм» эса 2 тасида зафар қучган. «Ҳоффенҳайм»нинг асосий мақсади Еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашиш. Ҳозирча жамоанинг имкониятлари ёмон эмас. 11 очко билан 9-ўринда бораётган жамоа юқорироқ ўрин эгаллашига ишониш мумкин. Ўтган турда жамоа «Кёльн»ни 5:0 ҳисобида таслим этди. «Бавария»га қарши ўйин олдидан ҳимоячи Павел Кадерабек ва ёш ҳужумчи Марко Ён сафга қайтиши кутилмоқда. Улар билан «Ҳоффенҳайм» янада кучлироқ кўриниш олади.

Қолган учрашувлар:

22 октябрь, жума

«Майнц» — «Аугсбург», 23:30

23 октябрь, шанба

«Арминия» — «Боруссия Д», 18:30

«Вольфсбург» — «Фрайбург», 18:30

«Лейпциг» — «Гройтер», 18:30

«Ҳерта» — «Боруссия М», 21:30

24 октябрь, якшанба

«Кёльн» — «Байер», 18:30

«Штутгарт» — «Унион», 20:30

«Бохум» — «Айнтрахт», 22:30

Лига 1. Голга ташна Месси «Марсель» дарвозасини ишғол қилишга уринади, «Ницца» ва «Лион» ўзаро ҳисоб-китоб қилади

Фото: Getty Images

«Марсель» — «ПСЖ», 24 октябрь, 23:45

«Марсель» ушбу мавсумни кучли учликда якунлашни мақсад қилган. Ҳозирча Хорхе Сампаоли жамоаси 17 очко билан 3-ўринда турибди. «ПСЖ»дан 10 очко, иккинчи ўриндаги «Ланс»дан эса 1 очко ортда қолмоқда. Жамоа 18 та гол уриб, 11 та гол ўтказиб юборган. Учрашувда парижликлар фаворит ҳисобланса-да, «Марсель» уларга етарлича қийинчилик туғдира олади.

Париж жамоаси ўтган мавсумда чемпионликни қўлдан чиқарди. Ҳозирча Почеттино шогирдлари чемпионатда фақатгина «Ренн»га қарши ўйинда (0:2) мағлубиятга учради. Шунга қарамасдан, 27 очко билан таъқибчиларидан ўзиб кетган ҳолда, биринчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олган. «ПСЖ» чемпионатда 24 та гол урган. Бу Лига 1 даги энг яхши натижа ҳисобланади. Аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси ҳозирча Франция чемпионатида гол ургани йўқ. «Марсель»га қарши ўйинда Лео ушбу муваффақиятсиз сериясига чек қўйиш истагида.

Қолган учрашувлар:

22 октябрь, жума

«Сент-Этен» — «Анжер», 00:00

23 октябрь, шанба

«Нант» — «Клермон», 20:00

«Лилль» — «Брест», 00:00

24 октябрь, якшанба

«Ницца» — «Лион», 16:00

«Ланс» — «Мец», 18:00

«Лорян» — «Бордо», 18:00

«Реймс» — «Труа», 18:00

«Ренн» — «Страсбур», 18:00

«Монако» — «Монпелье», 20:00

Маъруфжон Очилов тайёрлади