Футбол бўйича Европа Конференциялар Лигасининг 3-туридан ўрин олган «Будё Глимпт» ва «Рома» ўртасидаги баҳсда Жозе Моуриньо жамоаси 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фото: Getty Images

Жозе Моуриньо фаолиятидаги 1008-ўйинда йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Бунгача португалиялик мутахассис устозлик қилган жамоалар 6 та гол ўтказиб юбормаган эди. Шу пайтга қадар унинг фаолиятидаги энг йирик ҳисоб 2010 йилда қайд этилганди: унинг қўл остидаги «Реал» «Барселона»га 0:5 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Жозе Моуриньо ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди:

Бу менинг айбим. Айнан шундай таркибда ўйнашни хоҳладим. Баъзи футболчиларга ўйин амалиёти беришга қарор қилгандим. «Рома»даги бир гуруҳ футболчилар ва бошқа ўйинчилар орасида даражадаги фарқ жуда катта. Агар бир таркибни мавсум давомида тушириш имкони бўлганда, шундай қилардим. Футболчиларга дам олиши учун имкон ҳам яратиб бериш керак.

Фаолиятимда илк бор 6 та гол ўтказиб юбордим? Ҳа, буни биламан, лекин бу муаммо эмас. Йирик ҳисобдаги мағлубият нафақат менга, балки футболчиларга ҳам таъсир кўрсатади.

Кийим алмаштириш хонасида йигитлар билан гаплашиб олдим. Нима деганимни сир тутишга ҳаракат қиламан, буни оммага айтиш шарт эмас.

«Будё Глимпт» — биздан кўра яхшироқ жамоа. Айнан бугун шунақа кўринди. Улар сафида илк дақиқалардан майдонга тушган футболчилар, бизда асосий таркибда тушган ўйинчилардан сифат борасида юқори эди.

Жозе Моуриньо, «Рома» жамоаси бош мураббийи

Учрашувдан сўнг «Рома» Конференциялар Лигаси C гуруҳида 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. «Будё Глимпт»га қарши жавоб учрашуви 4 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Жозе Моуриньо шогирдлари А Серияда ортда қолган 8 турдан сўнг 15 очко билан 4-ўринда бормоқда. 24 октябрь куни римликлар мусобақа етакчиси «Наполи» билан баҳс олиб боради.