Ўзига хос овоз эгаси ва ижодда янгиликлар яратишдан чарчамайдиган хонанда Муниса Ризаева бугун, 21 октябрь куни ўзининг 35 ёшини қаршиламоқда. Қуйида таниқли қўшиқчининг ҳаёти ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ҳуқуқшунос ва шифокорлар авлоди

Хонанда Муниса Ризаева 1986 йили Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Бобоси, яъни онасининг отаси ҳуқуқшунос бўлиб, республика бош прокуратурасида юқори лавозимларда фаолият юритган. Бувиси эса шифокор бўлган. Тоға ва холалари ҳам ота-онасининг изидан бориб, ҳуқуқшунос ва соғлиқни сақлаш ходими сифатида меҳнат қилади. Мунисанинг волидаси Дилором Бўрижўраева ҳам шифокор, дадаси эса тадбиркор.

Муниса Ризаеванинг болалиги

Фото: Instagram

Муниса кичкиналигидан қўшиқ айтиб, рақс тушишни яхши кўргани боис келажакда юлдуз бўлишни орзу қилади. Қизидаги истеъдод ва қизиқишни кўрган онаси уни таниқли раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедовага шогирдликка беради. Қизалоқ маълум вақт рақс тўгарагига қатнайди. Кейинроқ фортепиано бўйича малакали педагогдан таълим ҳам олади.

Муниса Ризаева онаси Дилором Бўрижўраева билан

Фото: Instagram

Аммо Мунисанинг дадаси аждодлари орасида умуман санъат вакили йўқлигини рўкач қилиб, фарзандининг бу танловига қарши чиқади.

Шунга қарамай, Дилором Бўрижўраева қизини қўллаб-қувватлашда давом этади. Она-бола беш-олти йил давомида бўлажак машҳур қўшиқчининг хатти-ҳаракатларини оила бошига турли баҳоналарни айтиб, яшириб юришади.

Англиядаги иккита ОТМ талабаси

Мунисанинг волидаси қизи қачонлардир таниқли ва севимли санъаткор бўлишига ишониб, уни студияларга, телерадиоканаллар ва турли танловларга олиб боради.

Фото: Instagram

Мактабда ўқиб юрган пайтлари Муниса оиласи билан Лондонга кўчиб кетади. Унинг мусиқага бўлган муҳаббатини кўрган дадаси охири санъат йўналишида билим олишига рози бўлади. Муниса Европада ўрта таълимни олгач, Англия давлат консерваториясида ўқийди. Кейинроқ меҳмонхона тижорати ва туризм йўналиши бўйича ҳам таҳсил олиб, олий маълумот дипломини қўлга киритади.

«Менинг муваффақиятим — бу шунчаки омад эмас, бу меҳнатим меваси.

Таниқли хонанда бўлиш ва халқнинг ҳурматига сазовор бўлиш истаги мени қамраб олган эди. Мен орзум йўлида ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга тайёр эдим. Ота-онам мусиқага бўлган қарашим жиддийлигини, ўз қароримдан қайтмаслигимни кўргач, мусиқа мактабига, сўнгра олий ўқув юртига боришимни маслаҳат беришди.

«Ким бўлишингдан қатъий назар, ўз соҳангнинг мутахассиси бўл, — деб отам айтган эди, — аввало, хоҳишинг шунчаки инжиқлик ва хомхаёл эмаслигини исботла.

Бу сўзлар мен учун туртки бўлди. Лондон консерваториясига қабул қилиндим, сизга айтаман, бу осон бўлмаган. Ўқиш давомида мен эътиборимни тўлиқ илм олишга, кўникмаларни ўзлаштиришга қаратдим. Устозларимнинг кўзларида ижодимга нисбатан ҳайратни кўриш — бу менинг мукофотим эди. Университетни муваффақиятли тугатгач, ўзимни бутунлай мусиқага бағишладим.

2011 йилда мен қайта туғилдим, чунки айнан шу йили халқ Муниса Ризаевани хонанда сифатида тан олди. Бир зумда хитга айланган биринчи рэпертуарим рейтингимни оширишга ва қўшиқчилик фаолиятимни бошлашга сабабчи бўлди. Кўплаб концертлар, янги қўшиқлар, спектакллар, шоу-бизнесга кириш — буларнинг барчаси қисқа вақт ичида содир бўлди», — дейди Муниса Ризаева муваффақиятга эришиш учун тинимсиз меҳнат қилиш кераклигини таъкидлаб.

Фото: Instagram

«Ўн саккиз ёшимдан то йигирма икки ёшимгача учга бўлиниб ҳаракат қилганман, десам ҳам бўлади. Ўшанда роса қийналганман. Икки йўналиш бўйича ўқиш билан бир қаторда, ишлаганман ҳам. Гарчи отам ишлашимга рухсат бермасалар-да, ўз аҳдимдан қайтмаганман, ишлаб пул топишга иштиёқманд эдим. Бу одатим ҳалигача сақланиб қолган», — деган эди у интервьюларининг бирида.

Фото: Instagram

Умрининг ўн йилча даврини, аниқроғи, ёшлигини Англияда ўтказган Муниса Ризаева ҳар гал Ўзбекистонга келган пайтида қўшиқлар ёзиб, танловларда иштирок этади.

2004 йили Тошкентда ўтказилган «Умид юлдузлари» кўрик-танловида «Нега-нега» қўшиғи билан қатнашиб, ғолиблар сафидан жой олади. Шундан кейин у жиддий ижод қилишга бел боғлайди.

Машҳурлик олиб келган «Аҳа-оҳо»

Хонанданинг 2008 йили «Кўзларим яна» қўшиғи ва унга денгиз бўйида суратга олинган клип омадли чиқиб, тингловчилар эътиборига тушади. У 2012 йили «Аҳа-оҳо» таронаси билан ўзбек шоу-бизнесида шуҳрат қозонади. Фолклор ва замонавий йўналиш уйғунлашган мазкур тарона ва унинг видеоклипи ёш-у кексанинг тилидан тушмайди.

Шундан сўнг хонанда «Ҳолливуд», «Секин-аста», «Эй само» сингари ижод маҳсулларини бирин-кетин тингловчиларга ҳавола қилади ва барчаси хит даражасига кўтарилади.

Фото: «Дарё»

Муниса Ризаева илк бор 2010 йилда режиссёр Ёдгор Носировнинг «Ҳижрон» фильмида рол ижро этади. «Фирибгар», «Ҳай-ҳай қизалоқ», «Ақл ва юрак», «Салом, Наташа», «Нафс» сингари кинолардаги турли характердаги роллари орқали актриса сифатида томошабинлар эътиборини қозонади.

Ҳамкасблари – Ботир Қодиров, «Шод» ва «Уммон» гуруҳлари йигитлари билан куйлаган дуэтлари ҳам ҳалигача тўй-у тадбирларда талабгир.

Операция...

Омма назарига тушган Муниса Ризаева ташқи кўринишига эътибор бера бошлайди ва 2014 йили бурнини операция қилдиради. У ўз интервьюсида бу ҳақда шундай дейди:

Фото: «Дарё»

«Бурнимнинг устки қисмидаги бўртиб чиққан суяк экранда ва суратларда бироз хунук кўринар эди. Илгари клип ва концертларни тасвирга олиш ишларида тасвирчиларимиз, монтаж усталари керакли ракурсда ишлай олмай жуда қийналишарди. Қолаверса, ўзим ҳам баъзида бундан бироз уялардим. Бу ноқулайликдан бирйўла қутилиш учун пластик жарроҳлик қилишга аҳд қилдим. Болалигимдан орзу қилган ишимни амалга оширдим. Менимча, энди бурнимнинг кўриниши чакки эмас».

Тўртта тилда эркин гаплашади

Ўзбек эстрадасидаги ёрқин ижодкор ўзбек тилидан ташқари, рус, инглиз, француз ва испан тилларида ҳам эркин мулоқот қилади. Тожик тилида сўзлашишга бироз қийналади.

«Вақт топиб, араб ва хитой тилларини ҳам ўрганиш режамда бор. Бу икки тил ҳар доим оммавий мулоқот воситаси ҳисобланган. Шунингдек, Қуръони Каримни ҳам, албатта, ўрганмоқчиман», — деган қўшиқчи.

Фото: Instagram

Муниса Ризаева тадбиркорлик фаолиятини ҳам йўлга қўйган бўлиб, пойтахтдаги машҳур меҳмонхоналардан бирини бошқаради. У ҳатто маълум муддат ўз меҳмонхонасининг ўнта хонадан иборат бешинчи қаватида яшаган.

Машиналарга қизиқиш

Фото: Instagram

Муниса Ризаева автомобилларга қизиқади. У онаси, синглисига кўпинча автомобиль совға қилади. Хусусан, яқинда хонанда синглиси Кариманинг туғилган кунига Porsche Taycan автомобилини ҳадя қилди. Унинг ўзи BMW Х7 автомобилини бошқаради. Хонанда бир ой аввал Malibu автомобилини ҳам харид қилди

«Биринчи машина биринчи севгига ўхшайди. Нима бўлган тақдирда ҳам, кейинги машинани биринчисини севганингиз каби яхши кўрмайсиз, албатта, агар у BMW бўлмаса.

Биринчи маротаба рулга ўтирганда бошдан кечирган туйғуларни тасвирлаб бўлмайди.

Мен кичкиналигимдан машина ҳайдаганман, биринчиси ‘Жигули’ бўлган, унда мен 13 ёшда эдим. Кейин менга Matiz, ундан кейин Nexia олиб беришган. Бироз вақт ўтгач, Nissan Qashqai’ни ҳайдашни бошлаганман. Mercedes’ни совға сифатида отамдан олганман. Ушбу машиналар менинг хоҳишимга кўра сотиб олинган деб айта олмайман, чунки уларни мен танламаганман.

Биринчи бор ўзим сотиб олган автомобиль – Mercedes эди. Мен Mercedes’ни жуда узоқ вақт миниб юрганман, турли хил маркаларини, албатта, масалан: Mercedes 222, Mercedes GLE, Mercedes GLS.

Охир-оқибат ўша унутилмас кун келди – жуда иккиланиб, BMW сотиб олган кун. Тўғрисини айтсам, қилган танловимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Чунки BMW шунчаки машина эмас, у ҳар томонлама мукаммал ишланган, катта тезликда ҳаракатлана оладиган замонавий автоуловдир», — дея ҳикоя қилади хонанда.

 

Икки марта тўйи тўхтатилган

Оилада уч фарзанднинг ўртанчаси бўлган хонанданинг опаси Камола оиласи билан Англияда яшайди. Синглиси Карима эса қўшиқчининг яқин ёрдамчиси.

Фото: Instagram

Муниса Ризаева 2014 йилда хонанда Жасур Ғоипов билан турмуш қураётганини маълум қилди. Аммо кўпчилик кутган бу тўй бўлмади. Хонандалар гарчи тақдир йўллари боғланмаган бўлса-да, ҳозиргача дўстона муносабатни сақлаб қолган.

Фото: «Tarona.net»

Муниса Ризаева 2015 йилда теннисчи Важа Узоқов билан учраша бошлаган. Жуфтлик тўйларига бир неча ой қолганида теннисчининг хиёнати туфайли ажрашган. «Қачон турмушга чиқасиз?» хонандага Instagram орқали энг кўп бериладиган савол. Муниса Ризаева ушбу саволдан чарчагани боис баъзан мухлисларига ёлғон гапириб ҳам туради.

Масалан, у йил бошида ҳам мухлисларига турмушга чиқаётганини айтиб, ҳазиллашди.

Фото: Instagram

Бугунги кунда ҳам хит қўшиқлар яратиб, тўй хизматларида рейтинги баланд бўлган Муниса Ризаева кунига 8 тагача тўйга чиқади ва 24 соат ичида 8 минг доллар даромад топади.

Фото: Instagram

Хонанда Instagram саҳифасини 2012 йилнинг май ойида очган бўлиб, ҳозирда унинг фолловерлари 5 миллион нафарни ташкил этади. У ўз саҳифасига тўққиз йил давомида 4 мингдан зиёд суратлар ва видеолар жойлаган.

Фото: «Дарё»

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат вакиллари иштирокидаги давлат тадбирларида ҳам фаол хизмат қилаётган хонанда 2021 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Муаллиф: Миролим Исажонов