Навоийдаги ЙПХ масканида қарийб 1 тонна гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария талабларига зид равишда Тошкентдан Хоразмга олиб кетаётган Isuzu ва Ford автотранспорт воситалари тўхтатилди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» ахборот дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳамда Патруль-пост хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 1 тоннага яқин гўшт маҳсулотларини ташиш қоидаларига зид равишда Тошкент шаҳридан Хоразм вилоятига олиб кетаётган, Навоийга келгунига қадар 5 та мунтазам ЙПХ масканидан ўтган машиналар тўхтатилган.

«Мен давлатга пул тўлаб ўтиргандан кейин, нима ортса, шуни ташийман. Сотадими, ёқиб ташлайдими, итга, мушукка берадими, менга унинг қизиғи йўқ», — дейди ҳайдовчилардан бири.

Вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси лабораторияси томонидан амалга оширилган текширув давомида мазкур гўштлар истеъмолга яроқсиз деб топилган. Автотранспорт ҳайдовчиларига нисбатан эса тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ Қашқадарёда Тошкентга олиб кетилаётган истеъмолга яроқсиз 200 кило гўшт аниқлангани, Тошкент вилоятидаги деҳқон бозорида истеъмолга яроқсиз 140 кило гўшт ва 30 литр сут йўқ қилингани, Бухородан Тошкентга келиб чиқиши номаълум бўлган 900 кило гўшт олиб кетилаётгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.