Ўзбекистон терма жамоаси ноябрь ойида Тошкент ва Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: ЎФА

ОФК календарига мувофиқ 8—16 ноябрь Осиёда миллий терма жамоалар учун ФИФА кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу муддат мобайнида дастлаб Тошкент шаҳрида, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида йиғин ўтказади.

Ушбу йиғин давомида Сречко Катанец шогирдлари Грузия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Мазкур баҳс 15 ноябрь куни 19:00 да Тбилиси шаҳридаги «Борис Паичадзе» стадионида бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сентябрь ойида Швецияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Октябрь ойидаги ўртоқлик учрашувларида эса Малайзия (5:1) устидан ғалаба қозониб, Иорданияга қарши ўйинда (0:3) мағлубиятга учраганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!