Фарғона вилоятининг Сўх туманида аэродром қурилиши якунланди, яқин кунларда синов учишлари амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг туманга ташрифи давомида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Маълум қилинишича, туманга кичик авиация транспорти қатновини йўлга қўйиш мақсадида «Навобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаси ташкил этилмоқда.
Мазкур аэродром қурилиши учун қарийб 7 гектар ер майдони ажратилган. Учиш-қўниш майдончасининг узунлиги 650 метрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.
Қурилиш ишлари учун 6,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, кутиш зали, овқатланиш шохобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб олган замонавий мажмуа бунёд этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари ташкил этилиши белгиланган эди. Парвозлар учун Ан самолётлари ва Ми-8 вертолётларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)