Netflix стриминг сервиси режиссёр Хван Дон-Хёкнинг «Калмар ўйини» сериалини платформа тарихидаги энг муваффақиятли лойиҳа деб атади, деб хабар беради «Korrespondent.net».
Бутун дунёда шов-шувга сабаб бўлган драма томоша қилишлар бўйича мутлақ рекордни ўрнатган — 17 кун ичида (17 сентябрдан бошлаб) уни сервиснинг 111 миллион обуначиси томоша қилган.
Шунингдек, «Калмар ўйини» платформадаги премьерасининг дастлабки 28 кунида томоша қилишлар бўйича 100 миллионлик маррани босиб ўтган биринчи шоуга айланган. Бундан олдинги рекорд «Брижертонлар» сериалига тегишли эди — 82 миллион марта кўрилган.
Маълумот учун, Жанубий Кореянинг «Калмар ўйини» сериали стриминг платформада 17 сентябрь куни старт олган ва ўшандан буён дунёнинг 90 давлатида энг машҳур лойиҳалар рўйхатига етакчилик қилмоқда.
Аввалроқ Netflix «Калмар ўйини» сериалида кўрсатилган телефон рақамни ўзгартириши, унинг ҳақиқий эгасига ҳар куни минглаб қўнғироқлар бўлаётгани, Жанубий Корея провайдери «Калмар ўйини» сабаб томошабинлар оқими ортгани учун Netflix’ни судга бергани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)