Голливуд юлдузи Дуэйн Жонсон ўзини мусиқа йўналишида ҳам синаб кўришга қарор қилди. У таниқли мустақил рэпер Tech N9ne’нинг Face Off номли қўшиғи ва клипининг меҳмонига айланган, деб хабар беради «Film.ru».
Маълум қилинишича, мазкур композиция ҳозирда стриминг майдончаларда мавжуд бўлган ASIN9NE альбомидан ўрин олган. Жонсон ва Tech бир неча йил олдин HBO’нинг «Футболчилар» сериалини суратга олиш жараёнида танишиб қолган. Кейинроқ рэпер актёр билан Instagram орқали боғланиб, унга коллабрация таклиф қилган ва Жонсон рози бўлган.
Аввалига Жонсон шунчаки қўшиқ учун айрим сўзларни айтиши кутилганди, бироқ Дуэйн шахсий рэпликасини ёзишни хоҳлаган. Бу Жонсоннинг мусиқа йўналишидаги биринчи иши эмас: 2016 йилда у Disney’нинг «Моана» мультфильмига овоз беришда ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг сентябрида «Форсаж» фильмлари орқали машҳурликка эришган америкалик актёр Вин Дизель «Feel Like I Do» номли ўзининг биринчи қўшиғини тақдим этганди.
Изоҳ (0)