Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 4 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани тўғрисида хабар берилганди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, 5 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, маросимдан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказган.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Туркманистон етакчисини самимий қутлаб, 27 сентябрь куни нишонланган байрам – ушбу мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этган ҳамда биродар туркман халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги ‘ўсиш нуқталарини’ белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркманистон президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этган.

«Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», — дейди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳолаган. Етакчилар Ўзбекистон—Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган.

Маълумот учун, кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошган. 2021 йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортган.

2021 йил 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилиши ҳамда 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон—Туркманистон иқтисодий форуми натижалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Икки мамлакатнинг, айниқса, чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти улкан экани алоҳида қайд этилган. Туркманистоннинг Лебап ва Дошоғуз вилоятлари раҳбарларининг 2021 йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига дўстлик ташрифлари бунга мисолдир. Президентлар бундай мунтазам учрашувлар икки мамлакат ва халқ ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар», — дейилади хабарда.

Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берилган. Томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилган. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда 2021 йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон президенти сўнгги марта Ўзбекистонга 2019 йил ноябрь ойида ташриф буюрган. 2021 йилнинг август ойида икки давлат раҳбари Каспий денгизи соҳилидаги Аваза миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари президентларининг учинчи Маслаҳат учрашуви доирасида учрашганди.