Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ираклий Гарибашвили маълум қилди, деб хабар берди Грузиянинг «Первий канал» телеканали.

Фото: «Newsгеоргиа.ге»

Гарибашвилининг сўзларига кўра, Саакашвили айни вақтда Грузиядаги пенитенциар муассасалардан бирида ҳибсда сақланмоқда.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга унинг Украинадан Грузияга ўтаётгани ҳақида бирламчи ахборот келиб тушган ва ушбу жараён улар томонидан тўлиқ назорат остига олинган», — деган Гарибашвили.

Бош вазир Грузия махсус хизмати вакиллари Саакашвилини ҳибсга олиш учун жуда қулай ва халақит қиладиган жиҳатлар ниҳоятда кам бўлган паллани пойлагани ҳақида гапирган, деб ёзмоқда «Новости Грузии» нашри.

Саакашвили Тбилиси яқинидаги Руставской қамоғида сақланмоқда, дея хабар қилган «Спутник Грузия».

Ҳибсга олинишидан аввал Саакашвилининг ўзи ижтимоий тармоқларда видео эълон қилган ва унда «Тбилисида мени ҳибсга олишлари мумкин, лекин мен ҳеч нарсадан қўрқайман», — деб гапирган.

Шунингдек, видеода у мамлакатга одамларга ёрдам бериш учун қайтганини айтган ҳамда Грузияда 2 октябрда бошланадиган муниципиал сайловларда иштирок этишга чақирган.

Михаил Саакашвили 2008—2013 йилларда Грузия президенти бўлган. У президентлик муддати тугашига оз қолган вақтда мамлакатдан чиқиб кетган. Шундан кейин унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, иккиси бўйича 2018 йилда суд ҳукми ҳам ўқилган.

Сентябрь охирида Саакашвили Грузияга қайтишни ваъда қилганди. 1 октябрь куни у мамлакатга келганини билдирди. Саакашвилини ҳибсга олишни ваъда берган Грузия ҳукумати собиқ президентнинг мамлакатга қайтганини расман тасдиқламаганди.