Германиядаги парламент сайловларида амалдаги молия вазири Олаф Шольц раҳбарлигидаги Социал-демократик партия (ГСДП) ғалаба қозонди, деб ёзади Meduza.

Социал-демократлардан канцлер лавозимига номзод Олаф Шольц рафиқаси Бритта Эрнст (ўртада) ва партия раисдоши Саския Эскен (чапда) билан сайловлардан кейинги партия йиғилишида. Берлин, 2021 йил 26 сентябрь

Фото: PhotoThech / Imago Images / Scanpix / LETA

Унга сайловчиларнинг 25,7 фоизи овоз берди, ушбу натижага мувофиқ, у янги бундестагда 206 та ўринга эга бўлади. Таъкидлаш жоиз, парламентда бу сафар 735 нафар — ўтган сафаргидан 26 кишига кўпроқ депутат ишлайди. (1) Сайловда сайловчиларнинг 76,6 фоизи иштирок этди, бу тўрт йил аввалги сайловдагидан 0,4 фоизга кўпроқдир. Август бошидагина социал-демократларни сайловчиларнинг бор-йўғи 16 фоизи қўллаб-қувватлаган эди, якунда эса уларнинг натижаси 2017 йилги сайловдагидан 5,2 фоизга юқорироқ бўлди.

Иккинчи ўринни тарихдаги энг ёмон натижа билан Христиан-демократик иттифоқ ва Бавария Христиан-социал иттифоқи блоки (ХДИ/ХСИ) эгаллади, унга 16 йил давомида Ангела Меркель раҳбарлик қилган эди. ХДИ/ХСИ овозларнинг 24,1 фоизини тўплади, таққослаш учун, ўтган сайловда натижа қарийб 33 фоиз бўлган эди. Сайлов куни канцлер лавозимига партиядан номзод, Шимолий Рейн штати бош вазири Вестфалия Армин Лашет ноқулай вазиятга тушиб қолди (бу ушбу кампания мобайнидаги биринчиси эмас): у сайлов бюллетенини шундай букладики, у кимга овоз берганини кўриш мумкин эди — бу билан у овоз бериш тартибини қўполлик билан бузди. Ангела Меркелнинг ўзи ушбу сайлов якунларига кўра истеъфога чиқиши ҳақида уч йил аввалданоқ эълон қилган эди; ХДИ/ХСИ етакчиси лавозимини ўшандаёқ тарк этган бўлса-да, барибир партиянинг асосий юзи бўлиб қолган эди.

Бундестагга сайловларнинг илк натижалари эълон қилинганидан кейин Армин Лашет нутқ сўзламоқда. Берлин, 2021 йил 26 сентябрь

Фото: Political-Moments / Imago Images / Scanpix / LETA

Меркель ўрнига ким Германиянинг янги канцлерига айланиши ҳозирча тушунарсиз. Шольц ҳам, Лашет ҳам (яққол шахсий мағлубиятга қарамасдан) коалиция тузишга уриниб кўради. Қоида бўйича Германия ҳукумати раҳбари ғолиб бўлган партия етакчиси бўлади — яъни, ҳозирги ҳолатда Олаф Шольц Аммо мамлакат тарихида коалицияни сайловда иккинчи ўринни олган партия шакллантириши билан боғлиқ учта ҳолат бўлган. Айнан шундай қилиш нияти ҳақида Армин Лашет аллақачон эълон қилиб қўйган.

Германиянинг сиёсий келажаги энди «Яшиллар» ва Эркин демократик партия (ЭДП)га боғлиқ. Бир неча ойгина аввал «Яшиллар» ғалаба қозонмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда иккинчи ўринга даъвогар деб ҳисобланарди. Амалда эса улар атиги учинчи ўринни эгаллади (уларнинг етакчиси Анналена Бербокнинг муваффақиятсиз кампанияси ҳам сабаб бўлди), аммо тарихдаги энг яхши натижани кўрсатиб, 14,8 фоиз овоз йиғди (2017 йилги натижадан 5,9 фоизга кўпроқ ҳамда парламентда 118 та мандат). Эркин демократлар бизнес манфаатларини ҳимоя қилиб, немис сиёсатининг либерал қанотига вакиллик қилади. У 11,5 фоиз овоз билан сайловда тўртинчи ўринни банд қилди (аввалги сайловдагидан 0,8 фоизга кўпроқ ва бундесатгда 92 та ўрин). Ушбу иккала партия ҳам ёш германияликлар орасида айниқса оммабоп. Ўз раҳбариятига эга янги коалицияни тузиш учун Шольц ва Лашет шу иккита партия билан келишиб олишига тўғри келади.

«Яшиллар» партияси раислари Анналена Бербок ва Роберт Хабек парламент сайловларининг илк натижалари эълон қилинганидан сўнг партия учрашувида. Берлин, 2021 йил 26 сентябрь

Фото: Давид Ганнон / AFP / Scanpix / LETA

«Яшиллар» ва эркин демократлар ўртасида кўплаб зиддиятлар мавжуд. Келишиб олиш қийин бўлиши мумкин. «Яшилларнинг сиёсий кун тартиби иқлим ўзгаришига қарши кураш атрофига тузилган, бунинг учун жавобгарликни давлат ўз зиммасига олиши керак. Бу орада эркин демократлар бизнес учун қўшимча қоидалар ва янги тақиқлар учун қарши чиқади. Бундан ташқари, либераллар солиқлар оширилишига қаршилик кўрсатади, аммо «Яшиллар» янги, зарарсиз технологияларга инвестициялар учун солиқлар оширилиши зарур деб ҳисоблайди. Эркин демократлар етакчиси Кристиан Линднер ХДИ/ХСИ билан мафкуравий жиҳатдан яқинлиги ҳақида очиқчасига гапирса, «Яшиллар» тарихий ва ғоявий нуқтаи назардан сўл кучларга яқинроқ.

Германия эркин демократик партияси етакчиси Кристиан Линднер ўз сурати туширилган сайловолди плакати ёнида. Берлин, 2021 йил 24 сентябрь

Фото: Annegret Hilse / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳаммаси навбатдаги «катта» (2) коалиция билан тугаши истисно қилинмаяпти. Аммо бу жуда маъқулланмайдиган ечим бўлади. Тўрт йил аввал, 2017 йилги сайловлар якунларига кўра, энг мураккаб шериклари билан ҳам келишиб олиш қобилияти билан машҳур бўлган Ангела Меркель «Яшиллар» ва эркин демократлар билан «Ямайка» (3) коалициясини тузмоқчи бўлган. Бироқ музокаралар бошланганидан кейин ярим йил ўтиб, Кристиан Линднер «нотўғри бошқаргандан кўра, умуман бошқармаган маъқулроқ» деб музокаралардан чиқиб кетди. Охир-оқибат Меркель социал-демократлар билан навбатдаги «катта» коалиция ҳақида битимга келди. Умуман олганда, ГСДП ва ХДИ/ХСИ ҳозир ҳам кўпчиликни тузиши мумкин, бироқ бу иккала партия аъзолари томонидан ҳам, бунда ҳукумат алмашинувчанлиги хавфини кўраётган немис экспертлари томонидан ҳам ўта даражада маъқулланмайдиган ғоя. Лекин барибир шунгача етиб борса, энг кўп овоз тўплаган партия етакчиси сифатида Шолс канцлер бўлади.

Жорий сайловлар — радикал (ва россияпараст) кучлар — «Германия учун альтернатива» (ГуА) ва «Сўллар»нинг мағлубияти. Миграцияни чеклаш ва «анъанавий қадриятлар»ни ҳимоялаш тарафдори бўлган ўнг популист ГуА 10,3 фоиз овоз тўплади (ўтган сайловдагидан 2,3 фоизга кам ва парламентда 83 та мандат). Ушбу партиянинг бундестагга ўтишининг ўзи ҳам у учун ғалаба бўлиб, унинг ғоялари немис жамиятида мустаҳкам ўрнашганини исботлайди. Аммо 2017 йилги сайловлардан кейин кўпчилик унинг ғоялари бундан кейин ҳам тарқалишда давом этишини тахмин қилганди, лекин бундай бўлмади. Шу жумладан, Германия ташқи сиёсатида америкапараст йўналишдан воз кечиш тарафдори бўлган «Сўллар» эса беш фоизлик тўсиқдан ҳам ўта олмади, бироқ Германия сайлов тизимининг ўзи хос жиҳатлари (4) туфайли бундестагда фракция шакллантира олади. Иккала партия ҳам, хусусан, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш тарафдори, аммо уларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига таъсири шундоқ ҳам ўта чекланган эди.

Кремль учун сайловларнинг асосий натижаси — Германияда «Яшиллар» партиясидан канцлер бўлмайди. Бу нафақат шунчаки санкцияларни сақлаб қолиш ва кенгайтириш, балки, хусусан, «Шимолий оқим — 2» лойиҳасининг тўхтатилиши тарафдори бўлган йирик немис сиёсий кучларидан бўлган ягона партиядир. «Яшиллар» келажакда ҳукуматда ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаши эҳтимолдан холи эмас, лекин ҳатто у ҳолатда ҳам уларнинг ташқи сиёсатга таъсири партиянинг барча эҳтимолий шериклари: ҳам христиан демократлар, ҳам социал-демократлар, ҳам эркин демократлар томонидан Россияга нисбий содиқлик билан чекланади. Ушбу партияларнинг ҳеч бири Кремль билан алоқаларни кескин узишни истамайди.

Изоҳлар:

  1. Депутатлар сони нима учун ўзгаради? Бу Германия сайлов тизимининг ўзига хосликлари билан боғлиқ. Бюллетенда иккита устун бўлади. Сайловчи биринчи овозини ўз сайлов округидаги номзодга, иккинчисини эса партиялардан бирига бериши керак. Ўз округларида энг кўп овоз тўплаган номзодлар депутатларга айланади. Аммо у ёки бу штатдан якуний мандатлар тақсимланиши у ерда нечта партия «иккинчи овоз»га эга бўлганига мувофиқ бўлиши керак. Натижада баъзи партиялар «керагидан ортиқ» мандатларни қўлга киритса, бошқалари жойларнинг тақсимланиши «иккинчи овозлар» билан белгиланадиган пропорцияларга мос келиши учун «компенсация қилувчи» мандатларга эга бўлади.
  2. Германияда ХДИ/ХСИ ва ГСДП коалицияси «катта» коалиция деб аталади, улар урушдан кейинги йиллар давомида мамлакатнинг энг йирик партиялари бўлиб қолмоқда. Меркель давригача улар узоқ муддатли коалицияга бирлашмасдан, балки деярли ҳар доим ўзаро рақобатлашиб келган.
  3. Нима учун «Ямайка» коалицияси дейилади? Германия партиялари ранглари Ямайка байроғидаги рангларни эслатгани учун: яшил («Яшиллар» партияси), қора (ХДИ/ХСИ) ва сариқ (Эркин демократик партия).
  4. Айнан қандай жиҳатлари? Партия бундестагда фракция шакллантириш учун партия рўйхатлари бўйича беш фоизлик тўсиқдан ўтиши ёки камида учта бир мандатли округларда сайловларда ғолиб бўлиши керак. «Сўллар» парламентга учта бир мандатлиларни олиб келди ва энди унда уларнинг партиялар рўйхатлари бўйича натижаларига пропорсионал миқдорда жойларга эга бўлади — 4,9 фоиз. Бу 39 та ўрин демакдир.