Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2021 йилнинг январь—август ойларида 25 миллиард долларга тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Ташқи савдо айланмаси 2020 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 383,1 миллион АҚШ долларига ёки 1,6 фоизга ошди.

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 9 миллиард 277 миллион 900 минг АҚШ долларига (20,1 фоизга камайди) ва импорт ҳажми 15 миллиард 685 миллион 800 минг АҚШ долларига (20,9 фоизга кўпайди) етди. Ҳисобот даврида 6 миллиард 407 миллион 900 минг АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон жаҳоннинг 174 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (19,2 фоиз), Россия (17,9 фоиз), Қозоғистон (9,9 фоиз), Туркия (8,6 фоиз), Корея (4,8 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Германияда (1,9 фоиз) қайд этилган.