Самарқанд вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрининг «Хўжасоат» МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилиб, 1955 йилда туғилган А.Т. таниши Б.Б. исмли шахсга олти дона селофан бўлагига қадоқланган, опий гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ушланди. Бу ҳақида «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

Қайд этилишича, А.Т. кўздан кечирилганида чўнтагидан қоғозга қадоқланган марихуана гиёҳвандлик воситаси ва бир дона «Регапин» психотроп воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинди.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу шахс опий гиёҳвандлик воситасини таниши Т.Ш.дан олганлиги аниқланиб, ушбу шахснинг автомашинаси Самарқанд шаҳри ҳудудида тўхтатилиб текширилганида, автомашинанинг олд ўриндиқлари тагидан тадбирда ишлатилган пуллар борлиги аниқланди ва ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.