Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 226 445 291 кишига етди, шуларнинг 4 661 153 нафари вафот этган. Шунингдек, бутун дунё бўйича қўлланилган вакциналар дозаси 5,7 миллиарддан ошди.

Касалланганлар сони бўйича АҚШ (41,5 миллион), Ҳиндистон (33,3 миллион), Бразилия (21 миллион), Буюк Британия (7,3 миллион) ва Россия (7,1 миллион) энг олдинда бормоқда.

Непал
Фото: «ТАСС»

Тожикистонда тез орада болаларни коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг санитария-эпидемиология хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Наврўз Жафаров ушбу маълумотни тасдиқлади.

Жафаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни коронавирусга қарши эмлаш масаласини фаол муҳокама қилмоқда. Аммо у вакцинация айнан қачон бошланишини айтмади. Шунингдек, неча ёшли болаларнинг эмланиши ва жараёнда қайси турдаги вакцинадан фойдаланиш режалаштирилганига ҳам аниқлик киритилмаган.

Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) болалар ва ўсмирларни коронавирусга қарши эмлаш мумкинлигини эълон қилганди.

Аввалроқ, «аҳолининг мазкур гуруҳи учун COVID-19 га қарши вакциналарни қўллаш тўғрисида ҳали етарли маълумотлар йўқлиги» хабар берилган, лекин ЖССТнинг янгиланган тавсияларида қуйидагилар қайд этилган: «Болалар ва ўсмирлар катталарга қараганда COVID-19 ни осонроқ ениб ўтади. Шунинг учун, агар хавф гуруҳига киритилмаган бўлса, уларни эмлаш кексалар ва тиббиёт ходимларига қараганда тезроқ олиб борилади. Юқори хавф гуруҳига киритилган 12—15 ёшли болалар эса шундай гуруҳдаги бошқа фуқаролар қаторида Pfizer ва BionТеch билан эмланиши мумкин».

ЖССТ Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатди. Бу ҳақда Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти (PAHО) раҳбарининг ўринбосари Жарбас Барбоза маълум қилди.

Барбозанинг таъкидлашича, ЖССТнинг коронавирусга қарши вакциналарни фавқулодда фойдаланиш учун тасдиқлаш тартибига кўра, ишлаб чиқарувчи компания вакцина ишлаб чиқариладиган объектлар зарур стандартларга жавоб беришини исботлаши керак.

«Спутник V» ни фавқулодда ҳолатларда ишлатишга рухсат бериш жараёнига келсак, жараён тўхтатилди, чунки вакцина ишлаб чиқариладиган заводлардан бирида текширув ўтказилганда, бу завод талабдаги ишлаб чиқариш амалиётига риоя қилмаслиги аниқланди», — деди Барбоза. Унинг қўшимча қилишича, энди ЖССТ заводнинг қоидабузарликларни тузатгани ҳақида хабар кутмоқда. Шундан сўнг у ерда янги текширув ўтказилади.

Июнь ойида ЖССТ комиссияси Уфада «Спутник V» ишлаб чиқарадиган Россиянинг «Фармстандард –УфаВИТА» корхонасида қонунбузарликларни аниқлаган. Вакциналарни идишга қуйиш линияларидаги асептик шароитлар устидан назорат бўйича ҳам мутахассислар танқидга учраган.

Европа Иттифоқи бўлажак пандемияларга яхшироқ жавоб қайтариш учун янги орган тузишга қарор қилди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, янги агентлик соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва жавоб қайтариш бошқармаси (HERА) деб номланган. Қайд этилишича, агентлик шу тариқа COVID-19 га қарши курашни эртароқ бошлашга тўсқинлик қилган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилади.

Янги орган АҚШ Илғор биотиббиёт тадқиқот ва ривожланиш агентлигининг ёки вакциналарни ишлаб чиқарувчи ва пандемияга тайёргарликни таъминлайдиган федерал соғлиқни сақлаш агентлиги BARDA’нинг Европадаги эквивалентига айланиши керак. 2027 йилгача агентлик 50 миллиард евро миқдорида маблағ олади ва Европа Иттифоқининг мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари, Касалликларни назорат қилиш бўйича Европа маркази ва Европа дори агентлиги билан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек:
  • COVID-19 га қарши Moderna вакцинаси синовидан олинган янги маълумотларга кўра, препаратнинг ҳимоя қобилияти вақт ўтиши билан камаяди. Бу эса такрорий дозаларга эҳтиёж туғилишини тасдиқлайди. «Бу бир тахмин холос, лекин куз ва қиш яқинлашганда, иммунитетнинг заифлашиши туфайли яна камида 600 минг кишининг COVID-19 билан касалланиши кутилмоқда», — деди Moderna компанияси раҳбари Стивен Хоге. Хоге касалланиш ҳолатларининг қанчаси оғир бўлиши ҳақидаги прогнозларни айтмади, лекин айрим беморларни касалхонага ётқизишга тўғри келишини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, Moderna компанияси 1 сентябрь куни АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идорасига қайта эмлаш бўйича рухсат сўраб ариза берган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар