Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Аҳмад Масъуд Европарламентга таклиф қилинди

Европарламент Афғонистон бўйича резолюция қабул қилди, у Панжшердаги «Толибон»га қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъудни Европарламент ва Евроиттифоқ Кенгаши сессияларига таклиф қилишни кўзда тутади.

Фото: Asia Plus

«Келинглар, афғон қаршилик фронтининг баҳодир етакчисини бундан 20 йил аввал афсонавий отасини таклиф қилганимиз каби Европа парламентига чақирамиз. Афғонистон учун яхшироқ келажак умиди ҳали ўлгани йўқ», — деди Европарламентнинг Нидерландиядан депутати Барт Грутхейс.

Панжшер халқ лашкари етакчиси Европарламент таклифини қабул қилиш-қилмаслиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Аҳмад Масъуднинг ўзи Европарламент резолюцияси юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Футбол бўйича Афғонистон аёллар термаси Покистонга кўчиб кетди

Футбол бўйича Афғонистон аёллар терма жамоаси Покистонга жўнаб кетди, бу ҳақда Покистон ахборот вазири Фавад Чаудри маълум қилган.

«Биз Афғонистоннинг аёллар футбол жамоасига хуш келибсиз деймиз, улар ‘Торхам’ назорат-ўтказиш пунктига етиб келди», — деган вазир.

Аввалроқ «Толибон» маданият комиссияси раҳбари ўринбосари Аҳмадулла Восиқ Австралиянинг SБS News телеканалига берган интервьюсида Афғонистонда аёллар, шу жумладан, миллий терма жамоалари спортчилари спорт билан шуғуллана олмаслигини айтганди. «Ислом ва Ислом амирлиги аёлларга уларнинг юзи ва қомати кўринадиган ҳар қандай спорт тури билан шуғулланишни тақиқлайди», — деганди Восиқ. Шунингдек, унинг қайд этишича, ислом аёлларга фақат зарурат юзасидан кўчага чиқишга рухсат беради, спорт эса зарурат ҳисобланмайди.

Восиқнинг айтишича, «Толибон» бу масалада муросага бормайди ва бу ҳатто мусобақаларни ташкиллаштириш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарса ҳам, «ислом қадриятларига хиёнат қилмайди».

«Толибон» Афғонистонда тинчлик вазирлигининг барча идораларини ёпди

«Толибон» ҳаракати Афғонистон Тинчлик вазирлигининг барча ҳудудий идораларини ёпди. Марказий идорадаги иш тўхтатилди, дея маълум қилди Бомиён вилоятидаги муассаса раҳбари Нажибулла ал-Козай. Тинчлик вазирлиги 2020 йилда «Толибон» билан ярашув бўйича музокараларни тезлаштириш учун тузилган эди.

Барча ҳудудий идоралар ёпилди. Вилоятлардаги вазирлик ходимлари Кобулга кетди, марказий офисдаги иш тўхтатилди», — деди Козай. Унинг сўзларига кўра, толиблар ҳокимият тепасига келганидан буён қарийб минг киши маош олмаяпти. Бомиёнда «Толибон» бинони эгаллаб олган ва барча ускуналарни мусодара қилган.

Тинчлик вазирлиги 2020 йил январида собиқ президент Ашраф Ғани фармони билан ташкил этилган эди. Муассасанинг ҳудудий идоралари еттита вилоятда фаолият олиб борган. Ҳукумат алмашгач, вазирлик толиблар ва маҳаллий жамоалар оқсоқоллари ва етакчилари ўртасида учрашувлар ўтказган.

«Толибон» Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари собиқ офицерини қатл қилди

«Толибон» ҳаракати аъзолари афғон ҳарбийларига амнистия эълон қилиш ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан, Ҳирот вилоятида Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари собиқ офицери Залмай Ачакзайни ўлдирди.

Шунингдек, баъзи хабарларга кўра, Нангарҳор вилоятида бир бола ва бир аёл толиблар томонидан ўлдирилган, улар жангарилар отишмалари оқибатида ҳалок бўлган.

«Толибон» ҳозирча бу маълумотни тасдиқлагани йўқ, аммо уларнинг баъзилари аҳоли томонидан қўлга олиниб, маҳаллий ҳукуматга топширилган. Нангарҳор вилояти губернатори бола ва аёлнинг ўлими юзасидан текширув бошланганини эълон қилди.

«Толибон» собиқ амалдорларнинг пул ва олтинларини мусодара қилиш бўйича рейд ўтказди

Толиблар Афғонистон собиқ амалдорларидан нақд пул ва олтин кўринишида 12 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилди.

Мамлакат Марказий банки баёнотида айтилишича, Афғонистон жиддий нақд пул етишмовчилигига дуч келгани туфайли афғон ҳукуматининг собиқ аъзоларига нисбатан рейдлар чоғида пул маблағлари мусодара қилинган.

Пуллар Миллий хавфсизлик бошқармасидаги юқори мансабли амалдорлардан келиб тушган. Толибларнинг ўзлари банкка нақд пулларни етказаётиб, улар ҳар бир соҳада шаффофлик тарафдори бўлгани учун маблағни банк ғазнасига топширганини таъкидлаган.

Таъкидланишича, «Толибон» истилосидан кейин мамлакат банклари доллар танқислигини бошдан кечирмоқда ва уларнинг баъзилари ёпилиш арафасида турибди. Қийинчиликка дуч келган банклар нақд пул етишмовчилиги ҳақида толибларга маълум қилганидан кейин улар собиқ ҳукумат амалдорлари активларини текширишни бошлаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар