Ижтимоий тармоқда «Тошкентда уйқудаги ГАИ» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Ҳолат юзасидан ЙҲХББ текширув ўтказиб, натижасини эълон қилди.

Кадр: Видеодан скриншот

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Жўрақулов хизмат фаолияти давомида интизомий жазолангани, якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилганига қарамасдан ўзига тегишли хулоса чиқармаган.

Ўтказилган хизмат текширувига кўра, у хизмат давомида турли номақбул ҳаракатлари, масъулиятсизлиги сабаб Ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруғи талабларини бузгани учун Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом»нинг 144-банди, «к» кичик бандига (ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этиши) мувофиқ ички ишлар органларидан бўшатилган.

Шунингдек, ушбу ходимнинг бевосита командирлари интизомий жазоланиши бўйича хулоса қилинган.