Ижтимоий тармоқларда уюшган гуруҳ Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара постида талон-торожлик қилаётгани ҳақида хабар тарқалди.
Унда айтилишича, постдан чиқишда ташкил этилган таксилар тураргоҳида гуруҳ вакиллари фуқароларни борар манзилига элтиб қўйиш учун одатдагидан 6-7 баравар қиммат нархга келишади. Таксининг ҳақиқий эгаси эса бу келишувга аралашмайди, унда танлов ҳам йўқ. Айтилган пул олдиндан олиниб, таксичига хизмат ҳақи берилади ва қолгани гуруҳ вакили чўнтагига тушади. Бу қоидага бўйсунмаган таксичи ёки фуқаролар бўлса, уюшган ҳолда калтакланади.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан муносабат билдириб, «Ғишткўприк» чегара пости атрофида бўлаётган эҳтимолий ҳуқуқбузарликлар бўйича текширув ўтказилаётганини маълум қилди. Шунингдек, фаол фуқаролик позициясини намойиш этиб, турли ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органларига хабар бераётган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик билдирди.
«Шу ўринда фуқароларимизга эслатиб ўтмоқчимиз, агар сиз ёки яқинларингизнинг ҳуқуқлари поймол қилинса ёки шундай бўлган деб ҳисобласангиз, дарҳол 102 қисқа рақамига ёки энг яқин ички ишлар органларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг бошларида Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона пости орқали ўтиш жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди. 2019 йилда ҳам «Яллама» постида ҳайдовчилар ва тадбиркорлардан пора олиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинганди.
Изоҳ (0)