Донар, кофте, мезе, борек, баклава — буларнинг барчаси Туркиянинг миллий таомлари ҳисобланади. Қуйида уйда осонгина пишириш мумкин бўлган машҳур ва мазали турк таомлари рецепти билан бўлишамиз.
Шўрва
Туркияда уч юздан ошиқ шўрва тури бор. Шўрва нафақат тушликка, балки нонушта ва кечки овқатга ҳам тайёрланиши мумкин. Истанбулда меҳмонлар дастурхонига ҳам аввал шўрва тортилади.
Керакли маҳсулотлар:
- қизил ясмиқ — 450 гр;
- сабзи — 1 дона;
- пиёз — 1 дона;
- мол гўшти қовурғалари — 350 гр;
- помидор — 3 дона;
- қалампир, туз;
- лавр барги, қизил қалампир — ҳар бири 2/3 ош қошиқ;
- ўсимлик мойи.
- Қовурғаларни қайнатишга қўйинг, туз ва лавр баргини солинг.
- Гўшт суяклардан осон ажралгунча қовурғаларни пиширинг.
- Пиёзни майдаланган сабзи билан товада қовуринг. Бўлакланган помидорларни ҳам қўшиб қовуринг. Помидорлар қуюқ ҳолга келгунча пиширинг.
- Қовурғаларни сувдан олинг. Ясмиқларни ювиб, бульонга солинг. Қизил қалампирни ҳам қўшинг.
- Ясмиқ қайнаб чиққач, яна 15 дақиқа давомида пиширинг.
- Қовурилган маҳсулотларни қозондаги бульонга қўшиб, қайнатинг.
- Гўштни қовурғалардан ажратиб, майдалаб олинг. Шўрвага солинг ва аралаштиринг. Яна 10 дақиқа пиширинг.
Туркиядаги ҳар қандай кафе ёки ресторанда мазкур паловдан еб кўриш мумкин. Агар гуручни ёқтирмасангиз, бу таомни татиб кўргач, албатта, «гуручхўр»га айланасиз.
Керакли маҳсулотлар:
- гуруч — 1 стакан;
- сув;
- вермишел — 6 ош қошиқ;
- туз;
- сариёғ.
- Сариёғни чуқур идишда эритиб, вермишелни қовуринг, вақти-вақти билан аралаштириб, жигарранг бўлгунча пиширинг.
- Сўнгра ювилган гуруч қўшиб, аралаштиринг ва 3-4 дақиқа давомида қовуринг.
- Гуруч устидан қайнаб турган сув қуйинг, гуручни қоплар-қопламас даражада бўлсин.
- Гуручнинг суви тортилгач, аралаштиринг ва туз қўшинг. Гуруч устини текисланг.
- Кейин гуручга фольга қўйиб, устига қопқоқ ёпинг. Гуручни яна 15 дақиқага қолдиринг.
- Паловни дастурхонга тортишдан аввал пиёлага солиб, шакл бериш мумкин.
Ҳамма кабоб нима эканлигини яхши билади, аммо кўпчилик «тепси» сўзи нимани англатишини билмайди. «Тепси» туркчадан «товоқ» деган маънони англатади. Тахмин қилганингиздек, ушбу кабоб товоқ ёки чуқур идишда пиширилади. Таом мазали, аччиқ, иштаҳа очадиган, жуда кам меҳнат сарфини талаб қилади — шунчаки ҳамма нарсани идишга солиш керак, қолгани оловнинг иши.
Керакли маҳсулотлар:
- мол гўштидан қийма — 500 гр;
- ширин қизил паприка — 1 дона;
- чили қалампири — 2 дона;
- шалот пиёзи — 50 гр;
- саримсоқ — 3 бўлак;
- петрушка — 1/2 боғ;
- туз — 1 ош қошиқ;
- майдаланган мурч.
- томат пастаси — 2 ош қошиқ;
- зайтун мойи — 1,5 ош қошиқ;
- сув — 1 ош қошиқ.
- ширин сариқ паприка — 1/2 дона;
- черри помидорлари — 10 дона;
- петрушка.
- Пиёз, саримсоқ, чили ва булғор қалампирини тозалаб, барчасини блендерда майдалаймиз. Ҳаммасини пичоқда ҳам майдалаш мумкин, лекин блендерда тезроқ ва қулайроқ.
- Майдаланган сабзавотларни қиймага қўшиб, туз, мурч ва қалампир солиб, яхшилаб аралаштиринг.
- 1 ош қошиқ томат пастасини зайтун мойи билан аралаштириб, аралашма билан таом пишириладиган идишни ёғланг.
- Қиймани қолипга солиб, юзасини текисланг. Унинг баландлиги тахминан 2 см бўлиши керак.
- Қолган томат пастасини сув билан аралаштиринг, устига суртинг ва таомни пичоқ билан 8 та тенг бўлакка бўлинг.
- Ҳар бир бўлакка сариқ қалампир суртиб, черри помидорларини қўйинг ва 200 даражали қиздирилган печга 45 дақиқага қўйинг.
- Тайёр бўлишидан 5 дақиқа олдин кабобни озгина қизартиришингиз мумкин, яъни уни печдан чиқариб, ўзидан чиққан шарбатини тўкиб ташланг ва панжара остига қўйинг.
- Тайёр бўлган таомни печдан чиқариб, бўлакларга бўлинг, устини майдаланган петрушка билан безанг ва дастурхонга тортинг.