Тошкентга келган меҳмон иш-юмушини битиргач, вақти қолса, пойтахт кўчалари, диққатга сазовор жойларни айлангиси келади. Агар санъат шинавандаси бўлса, театр, музейга йўл олади. Бир куни Алишер Навоий метро бекатида поезд келишини кутиб ўтирарканман, ёши элликлардан ошган, икки қўлида тўла йўлхалта кўтарган амакининг бекат нозиридан деворлардаги бўртма суратларни ким, қачон чизганини сўраб-суриштираётгани қулоққа чалинди. Нима деркин, деб нозирга тикилдим. «Шу... бир рассом-да. Метро очилган йиллари-да» деди хушламай ё билмаслигини шундай хаспўшлади-қўйди. Амаки яна оғиз жуфтлади-ю, лекин индамади. Бўртма сувратларга тикилганича қотди-қолди... 

Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев чизган Чингиз Аҳмаров портрети

Фото: Ўзбекистон рассомларининг онлайн каталоги

Атрофга қарасам, ҳаммаям метро бекати деворларидаги безакларга аҳамият беравермас, йўналиш поездни кутиш билан «банд» бўларкан. Вақтини топиб, соатлаб томоша қиладиган, монументал сувратлар муаллифи кимлиги билан астойдил қизиқадиган йўловчи кам экан. Бу табиий. Ажабланиш ҳам ноўрин. Ҳар куни қаергадир шошиб кетаётганингда кимнинг нима чизгани, метронинг қандай безатилгани қизиқ эмасдек. Лекин бунинг ортида бутун бошли умр, сермашаққат йиллар ётгани... сал ўқиб-ўрганишга чақиради. Энг қизиғи, Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаровнинг бундай асарлари пойтахт бўйлаб «сочилиб» ётибди. Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат академик катта театри, Адабиёт музейи, Амалий санъат музейи, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Санъатшунослик институти деворларидаги суратлар мисол бунга.

Алишер Навоий метро бекатидаги «Фарҳод ва Ширин» достони асосида ишланган сопол панно

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Алишер Навоий метро бекатидаги «Лайли ва Мажнун» достони асосида ишланган сопол панно

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Алишер Навоий метро бекатидаги «Сабъаи сайёр» достони асосида ишланган сопол панно

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Алишер Навоий метро бекатидаги «Садди Искандарий» достони асосида ишланган сопол панно

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

ХХ асрнинг буюк рассомларидан бири дея эътироф этилган Чингиз Аҳмаровнинг бошқа асарлари, ижоди билан батафсилроқ танишиш илинжида уй-музейини суриштирсак, рассом узоқ йиллар ишлаган устахонадан бўлак манзил дарагини тополмадик. Уй-музей масаласи лойиҳалигича ҳалиям қоғозда турган экан. Қачон, ким келиб иш бошлаб юбориши эса номаълум.

Мустақилликдан олдин Чингиз ака учун уй-музей қуришни ўша пайтдаги рассомлар уюшмаси кўриб чиқаётганди. Ҳов, манави тарафдаги ҳовли ўрнида қурилиши керак эди, — дея эслайди рассомнинг шогирди Содиқ Раҳмонов. — Минг афсус, яхши ният ниятлигича қолди. Чингиз ака оламдан ўтгач, у кишининг хотирасини абадийлаштириш учун ҳокимиятга керакли ҳужжатларни йиғиб бергандим. Лекин, мана, ҳеч қандай жавоб бўлмади шу чоққача.

Чингиз Аҳмаров шогирди, рассом Содиқ Раҳмонов

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Отанинг хасталиги ва яна айрим катта-кичик кўнгилсизликлар ортидан Троискдаги туғилиб-ўсган ҳовли-жойини ташлаб, Ўзбекистонда қўним топган Аҳмаровлар оиласи тақдири вақт ўтиб шу заминга маҳкам боғланади. Серфарзанд Абдураҳмон отанинг бошқа болалари орасида бошини китобдан кўтармайдиган Чингизи бошқача чиқади. Зиёли отанинг Арабистон, Туркия, Миср, Туркистонга қилган сафарларидан қайтишда сандиқ тўла китоб келтиришлари ўғиллар орасида шунисининг келажагига катта таъсир қилади.

«Болалигимда отамнинг кўп, жуда кўп китоб келтириши ва уларнинг барини ютоқиб ўқиганларим рассомликка ҳавасни уйғотган», — деган экан рассом шогирдларига.

Отанинг ҳар гал дастурхон теграсида аҳли оиласига кўрган-кечирганлари, маҳобатли иморатлар, улкан иншоотлар ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилиши ёш Чингизнинг бутун шуури, хаёлини чирмаб олади. Хонадондаги нодир китоблар жам кутубхона, қўлёзма асарлар тўла токчалар, сандиқларда сақланадиган суратли китоблар — ҳаммаси бўлғуси ранг-тасвир устасининг ақлини пешлайди.

1927 йили мамлакатдаги нотинчлик ортидан Абдураҳмон ҳожи уйи, кутубхонасини сотиб, оиласи билан Қарши шаҳрига йўл олади. Ўғли Чингиз эса Перм рассомлик мактабига киргани учун Россияда қолади. Ёзги таътилда уйдагиларни йўқлаш баҳонасида Қаршига бориб, йўл-йўлакай Самарқандга ҳам киради-ю, эртакмонанд шаҳар гўзалликларини кўриб ҳайратини яширолмайди. Шарқнинг ғала-ғовур, сершовқин ҳаёти, бозор-у чойхонаси, иморатларидаги ёрқин безаклар, нақшинкор шифтлар ўсмир тасаввурини остин-устун қилади. Вақт ўтиб санъат оламида дадил қадам қўйишни ўрганган рассом: «Рассомчилик мактаби менга санъатнинг асосини ўргатди, ҳаётга йўлланма берди. Аммо ҳақиқий рассом бўлиб шаклланишимга Самарқанд сабабчи бўлди», деган экан.

Чингиз Аҳмаров ижодхонаси

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Рассомчиликка ўқиётган йиллари Қаршида босиладиган «Янги йўл» журналига бир нечта ишини юборган ёш рассом орадан анча вақт ўтса ҳам таҳририятдан тайинли гап эшитмайди – на суратлар чоп этилади, на рад жавоби берилади. Йиллар ўтиб, Тошкентда муқим яшаётганида журнал таҳририятига йўли тушган рассом Усто Мўмин (Александр Николаев — журналнинг бош рассоми)дан нега ишлари нашр этилмаганини сўрайди.

Усто Мўмин сал хижолат бўлиб:

— Биласанми, Чингиз, мен бундай сувратни ёш бир бола чиза олишига шубҳаландим. Уни қандайдир уста рассомдан кўчирилган нусха деб ўйлабман... — дейди.

1930 йили ўқишини тамомлаб, Чингиз Аҳмаров Қаршига қайтади. Уйдагилари Самарқандга кўчиш тараддисида юрганига бу имконият йўл бошида турган ижодкорга жуда қўл келади. Шарқона ранг-тасвир усули, йўналиш ва анъаналарини ўрганиш учун бу чинакам толе. Ўша йиллари Самарқанд санъат мактаблари орасида етакчи эди. Маҳаллий ҳунарманд, кулол-у заргарларнинг бутун бир сулоласи атрофга донг таратиб, амалий санъат анъаналарини маҳкам сақлаб келардилар. Нафақат Марказий Осиё, яна Россия ва бошқа ўлкалардан келган ёш рассомлар айнан Самарқанд рассомлик мактабида ном чиқарган. П.Бенков, V.Еремян, Н. Кашина, О.Татевосян шулар жумласидан.

Чингиз Аҳмаровнинг маҳобатли ранг-тасвир йўналишида йирик асарлар яратиши Тошкентдаги қурилиш-тиклаш ишлари билан боғлиқ. Иккинчи жаҳон урушидан аввал қурилиши бошланиб, кейинчалик жараён тўхтаб, урушнинг охирги йиллари битказилган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри залларидан биридаги — Ҳазрат Навоий «Хамса»си қаҳрамонлари тасвирланган суратлар Чингиз Аҳмаровнинг йўлини очиб берган асарлардан.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри залларидан бири

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Чингиз ака Ўрта Осиё рассомлари орасидан биринчи бўлиб деворга суврат чизган ижодкор, — дейди Содиқ Раҳмонов. — Ўша пайтда Москвада аспирантурада ўқирдилар. Театрни қурган меъмор-муҳандис Алексей Шусев театрни маҳорат билан безайдиган рассом бўлмаса керак, «бу ердагиларнинг кучи етмайди», деб дўсти Грабарга телефон қилиб, Навоий ижоди, лирикасини тушунадиган рассомни топиб беришини сўрайди. Грабар эса Чингиз акани тавсия қилади. Шусев бошида шубҳаланади. Лекин Чингиз аканинг билими, маҳоратини кўриб, гумонлари тарқайди. Иккиси ҳаммаслаҳат бўлиб ишни тугатишади. Ҳукумат Чингиз акани муносиб тақдирлайди. Аммо айрим маҳаллий рассомлар норози кайфиятда Москвага хат ёзишади. «Чингиз Аҳмаров феодал санъатини тарғиб қилмоқда», деб. Қатағон сиёсати айни авжига чиққан кунларга тўғри келади бу. Лекин ўша чақув хати етиб бормайди, шекилли, Чингиз акага ҳеч қандай босим, тазйиқ бўлмайди.

Театр деворларидаги суратлар ҳақиқатда улкан истеъдод, нодир қобилият эгаси мўйқаламидан чиққан. Орадан етмиш йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам неча-неча авлодни ҳайратлантириб, қанчадан қанча ёшнинг танловига таъсир қилган. Тўрт достон — «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Садди Искандарий», «Сабъаи сайёр» воқеалари тасвирланган деворий суратлар олдидан шунчаки ўтиб кетилмайди. Четроқдаги курсиларда соатлаб томоша қилишга арзийди.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театридаги деворий сурат

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театридаги деворий сурат

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Рассом ижодига қизиқадиганлар орасида « ‘Етти гўзал’ ва бошқа аёллар учун Чингиз Аҳмаров турмуш ўртоғи Шамсирўй Ҳасановани прототип қилиб олган», деган гап юради. Бу тахмин рост ё шунчаки миш-мишмикан, деб Содиқ Раҳмоновдан сўрадик:

Йўқ, бу сал нотўғри фикр. Тошкентда бир муддат яшагач, Чингиз ака Шамсирўй опа Ҳасанова (ўзбеклар орасида биринчи рассом аёл)га уйланадилар. Опа ҳақиқатда гўзал, беҳад чиройли аёл эдилар. Ҳар қайси рассом қаршисидаги (айниқса, рафиқаси бўлса) сулув аёлдан нимадир кўчиради, асарларининг қайсидир қисмини унинг ёрдамида тўлдиради. «Етти гўзал» учун, менимча, бутун ўзбек қиз-аёллари прототип қилиб олинган. Фақат Шамсирўй опа эмас. Афсуски, уларнинг бахтли турмуши узоқ давом этмайди. Шамсирўй опа анча йиллардан бери бир хасталикдан қийналардилар. Опа вафот этгач, Чингиз ака қайта уйланмадилар. «Қисқа муддат бўлса ҳам ҳаёт нималигини билдим, энди умримни санъатга, ишимга бағишлайман», деб тоқ ўтдилар.

Шамсирўй Ҳасанованинг портретини чизаётган Чингиз Аҳмаров

Фото: Айсел

Бироқ хотираномаларида рассомнинг ўзи: «Мен Шамсирўйнинг қатор портретларини ишлаб кўрганман. Алишер Навоий номидаги театрга тасвир этганим образларнинг барчасида Шамсирўйдан илҳом олганман, десам муболаға бўлмайди. Бироқ шулардан энг муваффақиятлиси, 1943—44 йилларда севиб тасвир этганим — «Ширин» асарим деб ҳисоблайман. Бу расмда Шамсирўй қиёфаси ўйчан, гўзал образ сиймосига мос тушганидан ташқари, Шириннинг қандайдир келгусидаги бахтсизлигидан ҳам дарак бериб тургандай» деб ёзади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Чингиз Аҳмаров ўз йўналиши, йўлини белгилаб олишга астойдил киришади ва монументал ранг-тасвир, портрет жанри қолганларидан устун келади. Бирин-кетин «Алпомиш ва Ойбарчин», «Ширин», «Қизлар», «Мукаррама Турғунбоева портрети», «Ганалик қиз», «Африкалик», «Рассом Рашид Темиров портрети», «Аълочи Зотова портрети», «Зулматдаги зиё», «Шоира Зулфия портрети», «Раққоса», Алишер Навоий лирикасига бағишланган расмлар, «Мушоира», «Беҳзод ҳузурида» каби ранг-баранг мавзудаги асарлар чизилади.

Аёллар портрети, қиёфаси, сўлим нигоҳини чизишда Чингиз Аҳмаровга тенг келгулиги йўқ, менимча. Бежиз «Шарқ аёлларининг рицари» деб алқашмаган-ов. Мураккаб ва нафис қиёфаларда тасвирланган қиз-жувонлар эртаклардаги парини эслатади, лекин аксари гўё заминда, одамлар орасида юргандек. Буниям сабабини изласам, аёл образини гавдалантиришда рассом нафақат, шарқ манбаларини, яна замондошларининг турфа қиёфаларини синчиклаб кузатгани, йиллар бўйи назардан қочирмагани равшанлашди. «Студентлар» ва «Аёл портрети», Индонезия, Шарқий Африка сафарида чизилган суратлар, «Сурмахон» кабиларни бунга далил қилиб кўрсатишди.

Чингиз Аҳмаровнинг «Ширин» асаридан нусха

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

«Пешонабанд таққан қиз»

Фото: fi.pinterest.com

Нодира портрети

Фото: art-blog.uz

Халқ артисти Мукаррама Турғунбоева портрети

Фото: Ўзбекистон рассомларининг онлайн каталоги

Ҳалима Носирова Ширин ролида

Фото: art-blog.uz

«Бухоролик қиз»

Фото: Ўзбекистон рассомларининг онлайн каталоги

Шеърият аллегорияси

Фото: Ўзбекистон рассомларининг онлайн каталоги

Шоиралар

Фото: liveinternet.ru

Миниатюра санъати нафосатини деворларга муҳрлаган, ўндан зиёд иморатларни шу йўналишда безаган рассом бир гал:

«Мен ҳеч қачон асарларимни миниатюрада яратишни мақсад қилмаганман. Мен уни бутун қалбим билан севаман, холос. Беназир санъат мактабини яратган таниқли миниатюрачиларнинг асарларини астойдил ўрганаман. Бунда тасвирланган воқеаларнинг ҳаётийлиги, одамлар, табиатнинг гўзаллиги, рангларнинг ҳайратланарли уйғунлиги, рассом ҳис-туйғуларининг самимийлиги мени қувонтиради. Бу мен учун битмас-туганмас бойлик, илҳомим, мактабим. Мен учун бу Италиянинг буюк рассомлари Жотто ва Мазаччо санъатига тенгдир» деб айтган.

Камолиддин Беҳзод даврида энг юқори чўққисига чиққан миниатюра санъати вақт ўтиб Чингиз Аҳмаров мактабида деворга кўчди ва ўрни, шуҳратини топа олди.

Амалий санъат музейи деворларидаги суратлар

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Амалий санъат музейи деворларидаги суратлар

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Чингиз акам Москвадаги катта-катта объектларни безашга қатнашиб юрадилар, — эслайди шогирди Содиқ Раҳмонов. — Қозондаги опера ва балет театри билан вокзални безайдилар. 1960—61 йиллари яна Тошкентга чақиришади. Қурилишлар авжида эди ўшанда. Адабиётшунос Ҳамид Сулаймонов Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейидаги битта зални ўзингиз безаб беринг, деб илтимос қилади. Мана, ўша деворий асар ҳозиргача яхши сақланган. Алишер Навоий лирикасига бағишланган залнинг бир тарафини тўлиғича Чингиз ака безаб бердилар.

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Лирика зали

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Лирика зали

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Чингиз Аҳмаров тасвирий санъатни адабиёт билан боғлаган ижодкор. Фолклорми ё бадиий адабиётми — санъатга бегона эмас. Рамзларнинг тили битта. Чингиз Аҳмаров ўтган асрнинг 60 йилларидан умрининг охиригача умрини ҳам санъатга, ҳам адабиётга сарфлаган. Адабиёт музейининг Лирика залидаги суратни чизишда, биринчи навбатда, Навоийни тушуниш керак. Навоийни ҳаммаям тушунавермайди. Расм билан ифодалаб бериш жуда мураккаб жараён. Тасвирий санъатни адабиётга яқинлаштиришда Чингиз Аҳмаровнинг хизмати катта. Тўғри, бошқа рассомларда ҳам бу борада тажриба, йўналиш бор, лекин Чингиз Аҳмаровда бу яхлит. Метродаги бўладими ёки музейлардаги ишлар — ҳаммасида, бевосита адабиёт билан боғлиқликни кўриш мумкин. Чингиз Аҳмаров шахси, ижоди, назаримда, етарли даражада ўрганилмади. Алоҳида альбомлар, китоблар чиқариш керак. Бутун бошли даврни айнан шу киши бошлаб берган. Тасвирий санъат билан адабиётдаги уйғунликни топа олган.

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, Жаббор Эшонқул

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқул

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Рассомнинг энг машҳур асарларидан «Етти гўзал»нинг чинни лаганга туширилган нусхаси Амалий санъат музейидан жой топган. «Сабъаи сайёр» достонидаги етти ўлка гўзали Чингиз Аҳмаров талқинида чинакам парига айланган. Шарқ аёлининг бор жозибаси, латофати, ҳаё, нафосати, виқорини бу қадар табиий, ийманаётган навниҳолдек тасвирлаш ҳақиқий истеъдоднинг қўлидан келади фақат.

Фото: Ринфом

Фото: Ринфом

Фото: Ринфом

Фото: Ринфом

Фото: Ринфом

Фото: Ринфом

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Умри давомида ижод ва педагоглик фаолиятини бирлаштирган Чингиз Аҳмаров бир қанча шогирдларининг ҳаётда йўли, мақсадини топишга, орзулари ушалишга сабабчи бўлган. Талабага буйруқларни бажарувчи толиб эмас, шахс деб қарашга одатланган рассом давомчиларининг турмуш тарзи, рўзғори, кам-кўсти ҳақида ҳам астойдил қайғурган экан. Мабодо, бирор йигит-қиз стипендиясини етказолмай, танг аҳволга тушиб қолганини эшитса, уни уйига чақириб, бўёқ, чўтка ва керакли асбоб-ускунани бадастир қилган, оилавий шароити, аҳволи ҳақида қизиқиб, гоҳ ошкора, гоҳ яширин кўмак берган экан.

Чингиз ака миллий қадриятлар, урф-одатлар, тарихни чуқур биладиган инсон эдилар, — дейди Содиқ Раҳмонов. — Шогирдларига ғамхўрликда отадан ўзиб кетардилар. Менга ҳам «Шу ерга келиб ишла, устахонамда бўлсанг, кўнглим хотиржам тортади. Нима каминг бўлса, менга айт» дердилар. Бошида унамай юрдим, анчагача аниқ жавоб бермадим. Кейин келиб ишлайдиган бўлдим. Ҳозир шу ердаман. Хотираларга кўмилиб ишлайман.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Режиссёр Латиф Файзиевнинг «Улуғбек юлдузи» фильми декорациялари, тарихий либослар яратилишида рассомнинг хизматлари катта. «Фильм яратилишида Чингиз аканинг ҳам ҳиссаси бор. У кишининг маслаҳат-тавсияси билан, билмадим, бундай асарни ниҳоялай олмасдим, шекилли», — деганди бир гал режиссёр.

Бугун Ўзбекистон давлат санъат музейида рассомнинг «Ўзбекча рақс» деб номланган триптихи осиғлиқ туради. Хоразм, Бухоро, Тошкент—Фарғона рақслари акс этган суратдан ташқари музейда Чингиз Аҳмаровнинг 40 ортиқ рангтасвир ва 400 га яқин график асарлари сақланади.

Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган «Ўзбекча рақс» деб номланган триптих

Фото: Ринфом

Санъат музейида жуда кўп асарлари бор. Минг афсус, экспозициялар алмаштириб турилмайди, — дейди Содиқ Раҳмонов. — Маслаҳат берамиз, лекин фойдаси бўлмаяпти. Халқ ҳам баҳраманд бўлишга ҳаққи бор.

Хоразм рақси

Фото: Ўзбекистон рассомларининг онлайн каталоги

Бухоро рақси

Фото: Pinterest

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг эски биносидаги манзара эса кўнгилга ботади. Девордаги санъат асарининг бир тарафи реставрация учун номига (полиэтилен билан) ёпиб қўйилган-у, бир томони янги лифт ўрнатиш пайти ўйилиб қолган. Лекин шу чоққача на ўйилган жой тузатилган, на бошқа қисмлардаги дарзларига эътибор берилган. Санъатни тушунмасак ҳам уни авайлаб-асрашимиз кераклиги, моддий-маънавий ёдгорликларнинг ушоқдек зарраси ҳам бутун дунёда кўзга тўтиё қилинишини қачон тушуниб етишимиз мумкинлигини билмайман, очиғи. Кўп қаватли уйларнинг мозаикасини авайлаб-асрашга уринаётган пайт халқ рассоми қаламига мансуб дурдонани авайламаслик — нодоннинг иши.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг эски биносидаги реставрация қилиниши режалаштирилган деворий сурат

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг эски биносидаги суратга лифт томонларини кенгайтириш пайти шикаст етган

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Охирги манзилни зўрға топдик. ЎзФАнинг Санъатшунослик институтида Чингиз Аҳмаровнинг тўрт малак сиймоси аксланган суратлари борлигини эшитибоқ, манзилини даракласак, кўпчилик билмас экан. Охири, излаб-излаб топгач, институт биноси махсус қўриқланадиган иморатлар орасида жойлашгани маълум бўлди.

Санъатшунослик институтидаги суратлар

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Санъатшунослик институтидаги суратлар

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Тошкент бўйлаб кезаркансиз, энг диққатга сазовор жойларда — музей, театр, институтлар биносида Чингиз Аҳмаровнинг нодир, замон долғаларига дош бериб келаётган асарлари манаман деб турибди. Ҳар куни фойдаланадиган метро бекати, ойда йилда (эсга келса, кўнгил тортса, албатта) бир тушадиганимиз театр заллари, камдан кам борадиган музейлар девори, фоеларида сақланаётган буюк рассомнинг (кимдир бузиб, савдо маркази қуришни мўлжалламаса агар) асрларга тенг имзоси — асарлари халқ бойлигига айланган аллақачон. Уни асраб-авайлаш, авлодларга ҳам етказиш ҳар қайси виждони уйғоқнинг вазифаси. Эҳтимол, сиз-у бизга «бегона» бу асарлар келажакда минглаб, миллионлаб тақдирларнинг йўлини ёритар, ҳеч қурса, дунёқарашига зарра нур қўшар...

Чарос Низомиддинова тайёрлади.