Ер юзида пандемия таъсир қилмаган ҳудуд, унинг алоқаси бўлмаган соҳа, уни лаънатламаган одам қолмади ҳисоб. Жумладан, Самарқанд аҳлининг ҳам аксари (балки барчасининг ҳам) турмуш тарзи айнан шу бало туфайли ўзгарди. Пандемия Самарқанднинг фақат унинг ўзигагина хос бўлган анъаналарига ҳам путур етказди ҳатто. Бу шаҳарни азалдан билган киши кўҳна кўчалар оралаб ҳаётни кузатганида буни сезиши қийин эмас.

Коронавирусдан қочган фестиваль

Иссиқнинг тафти бир оз қайтиб, оқшом чўкаётганида Регистонга чиқаман. Гўдакларини аравачасида айлантириб юрган ёш оналар, давра-давра ёшлар, велосипедда учаётган болалар, самарқандлик эмаслиги билиниб турган уч-тўрт нафар меҳмон... Очиғи, одам кам эмас — улкан майдонда 100 дан ортиқ кишини чамалаш мумкин. Оқшомги сокин Регистонни кузатишарди улар. Одатдаги кунлардан бири бу.

Фото: «Дарё» / Мустаҳкам Тангриёрова

Аслида бу — тоқ сонли — йилда Регистон ҳозиргидан-да байрамонароқ шукуҳга тўлиши керак эди. 1997 йилдан бери ҳар икки йилда бир, Мустақиллик байрами арафасида — август ойининг сўнгги ҳафтасида — бу ерда халқаро «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ўтказиларди. Аммо ўнлаб мамлакат вакиллари қатнашиб келган мусиқа танловининг бу йилгиси ҳаммага аён, сабаб — пандемия туфайли ўтказилмади (Маданият вазирлигининг Концерт ва томошалар бошқармаси бошлиғи Фаррух Ботировнинг «Дарё»га маълум қилишича, 2021 йилги «Шарқ тароналари» 2022 йилга қолдирилган).

«Шарқ тароналари»нинг биринчиси ўтказилган йилда туғилган болалар бу йил 24 га тўлди, тўляпти. Бу вақт ичида Самарқандда мазкур фестиваль билан боғлиқ ўзига хос табиий анъаналар шаклланган эди. Ҳали саратон кирмаёқ, усталар «тақа-туқ» қилиб саҳна ўрнатишга киришар экан, шаҳар аҳли, айниқса, ёшлар, болалар, санъат ихлосмандлари ҳеч қаерда эълон қилинмаган, ҳақиқий халқ сайли, байрам яқинлигини ҳис этишар, бир-бировларига эслатишарди.

Кейин репетициялар бошланар, фестивалдаги саҳналар, қўшиқлар ҳар куни такрорланаверарди. Шунда фестивалнинг ўзига кириш имкони йўқ аҳолининг асосий қисми ясан-тусан қилиб майдонга келар, Регистон тунги соат 11—12 гача шу қадар гавжум бўлардики (эҳтимол, минглаб одам йиғиларди), атрофдаги муваққат ўрнатилган кабобхонаю музқаймоқхоналарда, фастфуд нуқталаридаги гиргиттонларнинг қўли қўлига тегмасди.

Амфитеатрга кириш мумкин бўлмаса-да, бепул концертни узоқдан бемалол томоша қилиш мумкин, майдондан янграётган куй-қўшиқ овози мадрасалар деворлари бўйлаб ўйнаётган чироқ шуълалари атрофдаги маҳалла-мавзеларни салкам бир ой «безовта» қиларди. Машҳур санъаткорларнинг концертларига боришга имкони йўқ самарқандлик уй бекаларидан тортиб, фақат концерт учун Тошкентга қатнайдиган хонимларгача ҳаммаси шу ерда бўларди. Камига келин излаётган соддароқ аёлларни ҳам учратардингиз, боиси Самарқанддаги олийгоҳ ва коллежларнинг бўйдор, «ярқ» этиб кўзга ташланадиган ҳамма қизлари фестивалнинг оммавий саҳналарига жалб қилинарди.

«Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор» деганларидек, пандемия «шарофати» билан Регистон бу йил детонациядан, резонансдан қутулди, деб хурсанд бўлаётган шаҳарликлар ҳам бор. Байрамона фестиваль, у баҳона шаҳарга кўплаб хорижий меҳмонлар келиши яхши, аммо томоша охирида бўладиган катта мушакбозлик, Самарқанднинг тарихий обидалари тақдирига бефарқ бўлмаган аҳоли фикрича, муаммо эди. Хусусан, 2001 йилги фестивалдан сўнг Самарқанд вилоят Тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат назорати хизмати қошидаги Эксперт кенгаши «Шарқ тароналари» доирасидаги мушакбозлик Регистондаги мадрасаларга салбий таъсир кўрсатгани ҳақида хулоса берган.

Чегирмага ишлаётган, лекин барибир ҳувиллаган меҳмонхоналар

Самарқанд неча ўн йиллардан бери Ўзбекистоннинг бош сайёҳлик шаҳри. Шаҳар тўла меҳмонхона — Эски шаҳарда ҳам, халқ орасида «янги шаҳар» деб ном олган ҳудудда ҳам, тор кўчаларда ҳам, кенг йўллар бўйида ҳам, оддий уйларда ҳам, хуллас, ҳаммаёқда меҳмонхона. Мен истиқомат қиладиган маҳаллада ҳам номи чиқиб улгурган бир неча меҳмонхона бор, айримлари иш бошлаганига бир неча ўн йил бўлди. Ўзига яраша яхши бизнес, аммо коронавирус ишнинг белига тепди, кўплаб режаларни бузиб юборди.

Самарқанддаги обида ва зиёратгоҳларга ташриф буюрувчилар сони икки йил аввалгига нисбатан сезиларли камайган. Регистон ансамбли мустақил дирекцияси раҳбари Хонқул Самаровнинг таъкидлашича, «пандемия сабаб Регистонга келувчилар сони кескин камайиб кетган». «Бугунги меҳмонларимиз, асосан, якка сайёҳлар. Тўғри, карантин бир оз енгиллашгач, ички туризм бир жонлангандек бўлди. Шундай бўлса-да, ташриф буюрувчилар сони аввалги оқимнинг ярмини ҳам ташкил этмайди», — дейди у.

Самарқанд Регистони, 2019 йил 28 сентябрь.

Фото: Eduardo Teixeira de Sousa / 500px

Маҳалламдаги меҳмонхоналарни ташқаридан кузатаман. Улар орасида энг талабгир ҳисобланганининг автотураргоҳида икки йил аввал ўндан зиёд машина турарди. Ҳозир бўлса, иккитагина машина турибди, шунда ҳам биттаси меҳмонхона соҳибиники; оқшомлари кўчага қараган хоналарнинг яккам-дуккамида чироқ ёнади.

Гўри Амир мақбарасига туташ «Хон Саид Имом» маҳалласида яшовчи Комил Ашуров яхши ният билан кредит олиб, чоғроққина ҳовлисидаги эски иморатлар ўрнига интуристга ёқадиган қилиб уч қаватли меҳмонхона қурганди. Қурилишда акаси билан бирга коржома кийиб, бирга лой қорди. Рафиқаси юрист — ҳужжатлар рисоладагидек қилиб расмийлаштирилди. Не балоки, ҳали битта ҳам меҳмон қабул қилинмай, карантин бошланди. «Ҳар замонда бир солиқчи келиб туради. Аҳволни тушунтираман, хоналарни кўр, дейман. Тушунган бола экан, индамай кетади-ю... улардан ҳам талаб қилишади-да», — дейди Комил ака, эҳтимол, ичида коронавирусни яна бир бора сўкиб.

«Booking.com», TripAdvisor, Expedia каби сервисларни «варақласангиз», Самарқандда 200 дан ортиқ меҳмонхона «келинг, меҳмон!», деб турганига гувоҳи бўласиз. Аммо Комил Ашуровнинг уй-меҳмонхонаси ҳозирча бу рўйхатларда йўқ ва интернетдаги бу рўйхатларга кирмаган ягона меҳмонхона ҳам эмас у (энди шаҳарда қанча «карвонсарой» борлигини тасаввур қилаверинг). Рақобат зўр, мижоз эса саноқли, шу боис айрим меҳмонхоналар катта чегирмалар эълон қилган. Юқорида таъкидланганидек, карантин юмшатилгач, сайёҳлар сони ҳаминқадар кўпайган, бироқ уларнинг деярли қўшни вилоятлардан шаҳарни бир кунда кўриб, қайтиб кетадиган — меҳмонхонага эҳтиёж сезмайдиган меҳмонлардир.

Европалик эгаларини кутаётган эсдалик совғалар

Эшитганмисиз ёки йўқ, шундай нақл бор: «Сиёб бозорига кирмабсиз — Самарқандга келмабсиз». Аммо бозор атрофида яшовчилар бу гапга эътибор ҳам бермайди — улар бозорга Самарқандни кўргани эмас, зарурат учун боради. Бозор бизнинг уйимиздан пиёда борганда кўпи билан 10 дақиқалик йўл. Яёв борарканман, ўтган йилнинг ёз фасли арафасидаги манзарани хотирамда тиклайман.

2020 йил май ойида, кучайтирилган карантин даврида Сиёб бозорига кириш жараёни.

Фото: «Дарё» / Мустаҳкам Тангриёрова

Кучайтирилган карантин, кўчада машина тугул одам йўқ, йўллар ҳувиллаб, кенгайиб қолгандек эди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ аҳвол ҳозир ҳам ўтган йил май—июнидагидан ёмон бўлса ёмонки, асло яхши эмас, аммо энди бозор гавжум, унинг атрофи машиналарга тўла. Камига бутун шаҳар бўйлаб кавлаб ташланган йўллар туфайли асаббузар, чанг-тўзонли тирбандликлар юзага келган.

Бозорга яқинлашар эканман, таққослашда давом этаман. Ўтган йили бозор дарвозаси олдида турган дезинфекция туннели ҳозир йўқ (аслида ундан фойда ҳам йўқ эди, буни охири расмийларимизнинг ўзлари ҳам тан олишган). ИИБ ходимлари патруль машинасида ўтириб олиб, коронавирусдан огоҳ бўлиш ҳақидаги даъватларни ўқимай қўйганига ҳам анча бўлган. Талаб ҳали расман бекор қилинмаган бўлса-да, ҳозир устингиздан биров сув (ростан дорили бўлганмикин?) пуркамайди, иситмангизни ҳам ўлчамайди.

Сиёб бозори дарвозаси олдидаги манзара. 2021 йил, июнь.

Фото: «Дарё» / Мустаҳкам Тангриёрова

Эрта бўлсин ё кеч бўлсин, Сиёб сайёҳларсиз қолган кун бўлмаган. Аммо бу ҳам энди пандемиягача бўлган гап, албатта. Сайёҳларни кўпроқ писта-бодом, турли шарқона ширинликлар сотиладиган расталар ёнида учратиш мумкин эди: кўзларида ҳайрат, қай бири суратга олган, бошқаси видеога... Бугун бу расталарда бозорчи бор-у, сайёҳ камёб. Самарқанд вилоят Туризм ва спорт бошқармасидан «Дарё»га маълум қилишларича, 2019 йили шаҳарга 560 минг нафар хорижлик турист келган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 51 970 нафарни — бир йил аввалгига нисбатан салкам 11 баробар камроқни ташкил этган.

Сиёб гарчи деҳқон бозори ҳисобланса-да, «Бибихоним» мадрасаси тарафдаги дарвозасидан бошлаб сайёҳларбоп қаторасига ўнлаб дўконлар жойлашган. Дўкондорлар эрталаб маҳсулотларининг бир қисмини ташқарига ёяди. Бу дўконлар айниқса ёз оқшомларида гавжум бўларди. Шу боис ҳар дўконда сотувчининг икки-уч ёрдамчиси ҳам бўларди. Ҳозир эса дўкон эгалари бекорчиликдан ташқарига чиқиб ўтирибди.

Фото: «Дарё» / Мустаҳкам Тангриёрова

«Пандемиядан аввал Германия, Франциядан катта-катта гуруҳлар келарди. Ҳаммаси дўконга бирдан кириб келса, улгуролмай қолардик. Ҳозир хориждан келаётган бўлса ҳам, икки-уч киши бўлиб келяпти. Ички туризм дейсизлар, аммо бошқа вилоятдан келганлар дўконга кириб, фақат томоша қилиб чиқиб кетади», — дейди исмини айтишни истамаган ёши каттароқ сотувчи аёл. «Ижарага 3 миллион сўм берамиз, буёқдан солиқни тўла дейди. Ёрдамчиларга ҳам жавоб берганмиз. Кўпинча ўтириб-ўтириб кетамиз. Ношукрчилик бўлмасин — рўзғорни амал-тақал қилиб тортишга етиб турибди», — дейди унинг шериги.

Фото: «Дарё» / Мустаҳкам Тангриёрова

Сайёҳлар ташрифининг камайиши Самарқанддаги бошқа касб эгаларининг ҳам турмуш тарзига таъсир кўрсатган. Хорижий меҳмонлар бўладиган жойлар атрофидаги кафе ва ресторанлар ходимлари ҳам ишлари сустлашганини айтади. Сайёҳларни люкс шароитли уловларида олиб юрган ҳайдовчилар энди эл қатори киракаш. Таржимон ва гидлар эса худди катта таътилга чиққандек таассуротда. Немис сайёҳларга таржимонлик қилувчи келиннинг айтишича, қизалоғи каттагина бўлиб қолганига қарамай, иккинчи фарзандни дунёга келтиришга вақти бўлмай турган экан — пандемия баҳона ўғилчали бўлибди. Туристлар кела бошлагач, у боласини энагага бериб, ишга чиқмоқчи.

Кўҳна Самарқандда ҳамон коронавирус санғимоқда (ёдингизда бўлса, июнда вилоят касалланишлар сони бўйича пандемия бошидан бери доимий иккинчи бўлган Тошкент вилоятидан ўзиб кетган эди, ҳозир ҳам, тахминан, шундай «етакчи»). Одамлар бевақт ўлимлар (айниқса ёшлар орасида) кўпайгани ҳақида гапиради. Шифокорларнинг айтишича, аҳолининг вакцина олишга бўлган иштиёқи, ҳар ҳолда, Тошкентдагидан яхшироқ, аммо барибир етарли даражада эмас.

Муаллиф:Мустаҳкам Тангриёрова