Наманганнинг Поп туманидаги Чодак қишлоғи вилоятнинг Нанай, Ғова, Парда Турсун каби гўзал ва баҳаво манзилларидан. Ёз ойлари бу ердан меҳмонларнинг қадами аримайди. Шу сабабли бу ҳудуд ҳақида кўпчилик эшитган, биладигандек тасаввур уйғонади. Бироқ Чодакнинг ҳали ўрганилмаган қирралари, очилмаган сирлари кўп. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев қишлоққа сафари давомида бунга амин бўлди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон....

Чодакнинг тарихи бир неча минг йилга бориб тақалади. Шу маънода бу ерни Наманган вилоятининг энг кўҳна манзилларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Қамчиқ довони яқинида ўрнашган қишлоқ номи «жойитаг», яъни «пастликдаги ҳудуд» атамасидан келиб чиққани айтилади.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Чодакда зардўштийлик ва ислом дини билан боғлиқ жойлар кўп. Бу ердаги «Чир-чир момо», Исмоил Атоий, Бобо Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳлари, Шайх Сулаймон Маҳжур мақбараси, Подшо Хўжа мозори, Муғхона, «Келинчак тош» обидалари узоқ йиллик тарихдан сўзлайди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Бугунги кунда Чодак таркибида 9 та маҳалла бўлиб, уларда аксарияти тожик миллатига мансуб 30 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқнинг ҳудуди катта, шунга яраша аҳолиси ҳам зич. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам англаса бўлади: Поп тумани Наманган вилояти ҳудудининг қарийб ярмини ташкил этади. Чодак эса шу улкан ҳудуднинг учдан бирига тенг.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Поп туманида ҳар бир квадрат километрга 76 киши тўғри келса, Чодакда бу кўрсаткич 2943 кишини ташкил этади. Яъни бу ерда аҳоли туманнинг бошқа ҳудудларига нисбатан 20—30 баробар зич жойлашган.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қишлоқ аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келади. Поп туманида бугунги кунда 152 та оилавий меҳмон уйи расман фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 148 таси Чодакда жойлашган.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Меҳмонларни кутиб-кузатиб, оиламизни боқяпмиз»

Гулбаҳор Баҳорова Чодакнинг «Гулистон» маҳалласидаги «Дуоб» оилавий меҳмон уйи иш юритувчиси. Бу ердаги 6 та хона олдидаги сўрилари билан бирга меҳмонлар ихтиёрида.

Гулбаҳор Баҳорова.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Турмуш ўртоғим, ўғлим, келиним, қизлар, ҳаммамиз шу билан бандмиз. Ўзимизни ўзимиз иш билан таъминлаяпмиз-да! Асли, мавсум кўп давом этмайди, асосан, уч ой — июнь, июль ва қисман август. Меҳмонлардан бир кун учун жон бошига 10—15 минг сўмдан оламиз. Қишлоқда бундан арзонлари ҳам, қимматлари ҳам бор. Топган пулимизни яна шу ерга сарфлаяпмиз: иситиш тизими ўтказиб, ҳар бир хонага телевизор, музлатгич қўймоқчимиз. Лекин аслида одамлар бу ерга телевизор кўргани ёки музлатгични егуликлар билан тўлдиргани эмас, Чодакнинг тоза ҳавосидан нафас олиш, жазирамада жон сақлаш учун келишади», — дейди Гулбаҳор опа.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Салкам 90 ёшни қаршилаган поплик Мавлон ота Мирзатиллаев Чодакка оилавий — фарзандлари ва невара-эваралари билан келибди.

Мавлон ота Мирзатиллаев

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Бу ерда бир кун дам олган одамнинг бир йиллик чарчоғи чиқади, десам ишонаверинг. Шунинг учун нафақат Наманган, балки Фарғона ва Андижон, буёғи Тошкентдан ҳам меҳмонлар келаверади. Бир келган одам яна шу жойларга талпинади, қандайдир оҳанрабоси бор. Мен ҳам бу ерда ўзимни худди ёшлигим қайтиб келгандек, танамга қувват киргандек сезаман», — дейди Мавлон ота.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Риштонлик ўқитувчи Комилжон Набиевнинг айтишича, жорий йилги мавсумнинг ўзида Чодакда бешинчи бор бўлиши.

Комилжон Набиев

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Бу ерга анча йиллардан бери келамиз. Ҳавоси, табиати, иқлими ёқади. Айниқса, тонгда жуда ажойиб: қушларнинг сайраши, тоғ манзараси, тошлар оралаб оқаётган сувлар кишига завқ беради, чарчоғини ёзади. Қишлоқ одамлари ҳам содда, самимий. Дам олиш учун тўланадиган пул ҳам кишига малол келмайдиган даражада», — дейди Комилжон.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Тоғ ёнбағридаги кема ва извош

Чодакда кўнгилочар масканлар ҳам кўп. Улардан бири шоирона тарзда «Бахт пиллапоялари», халқ тилида эса «Шаршара» деб номланади. Бу ерга бориш учун олис ва тош-тупроқ йўллари, хавфли бурилишлари сабаб, асосан, кажавали мотоцикл хизматидан фойдаланилади.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Мотоцикл эгалари эса кўпроқ одам сиғиши учун темир кажавани олиб ташлаб, ёғоч тахта ўрнатиб, кўрпача солиб қўйишади. Қарабсизки, бир киши сиғиши мумкин бўлган жойда уч-тўрт кишини олиб кетиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Чодакнинг «Гулистон» маҳалласида яшовчи Дилшод Ҳозировнинг айтишича, маҳаллада камида 200 та шундай мотоцикл бор. Чодак бўйича эса уларнинг сони 500 тадан ошади.

Дилшод Ҳозиров

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Ўзим ҳам 25 йилдан бери мотоцикл ҳайдайман. Кунига шаршара тарафга уч маротаба бориб қайтаман. Тўрт-беш кишини олиб кетамиз. Борди-келди ўртача киши бошига 20 минг сўм. Мавсумда шу орқали ойига 1,5 миллион сўмгача топаман. Қолган пайт боғ ва чорва билан шуғулланаман. Мотоциклда йўловчи ташиш, аввало, қўшимча даромад, қолаверса, шунга ўрганиб қолганман. Мана энди ўғлим ҳам бу ишни қўлимдан оляпти», — дейди Дилшод Ҳозиров.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Дилшодбек билан биз ҳам ўша машҳур шаршарага чиқдик. Тоғ ёнбағридан пастга қараб шитоб билан сув оқиб турибди. У ерга ҳатто кичикроқ кемани ҳам ўрнатиб қўйишибди. Ундан сал пастда ниҳоятда чиройли извош ҳам бор. Извошнинг ёнига ўрнатилган тўшамадан то пастгача мазза қилиб сирғаниб тушиш мумкин. Гўзал манзара, ёш-яланг кўп, қўшиқ ва рақслар ҳам авжида.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Шаршаранинг юқори қисмидан эса Чодак кафтдек намоён бўлади. Унинг гўзаллиги ва тароватидан бемалол тўйиб-тўйиб баҳра олиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Айтганча, шу атрофда икки тоғ ўртасига тортилган сим арқон ҳам бор. Юраги дов берганлар арқонга ўрнатилган ўриндиққа жойлашиб, қарама-қарши томонга йўл олади. Мана сизга экстрим, ана сизга драйв.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Ўқилмаган китоб, очилмаган саҳифалар

Юқорида айтганимиздек, Чодак бир неча минг йиллик тарихга эга қадимий қишлоқ. Лекин ҳали-ҳануз мукаммал ўрганилмаган. Таъбир жоиз бўлса, тадқиқотчилар учун очилмаган китоб.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Айтайлик, қишлоқда муғхона деб аталадиган кўплаб тош кулбаларни учратиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Кимдир бу ерларда қадимги одамлар истиқомат қилган дея тахмин қилса, яна кимдир бошқа мақсадларда фойдаланилгани ҳақидаги фикрни илгари суради.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Чодакда «Келинчак тош» деб аталадиган ғаройиб табиат асари ҳам бор. Ривоят қилишларича, қадим замонларда бир қабиладан иккинчисига келин олиб кетилаётганда карвонга қароқчилар ҳужум қилади. Карвонда кетаётганларнинг кўпчилигини ўлдиришади, келинчак эса қочади ва тоғ ёнбағрига яширинади. Аммо қароқчилар у беркинган манзилни топиб, яқинлаша бошлайди. Шунда келинчак «Худойим, буларнинг қўлига тушгандан кўра мени тошга айлантир» дея илтижо қилади. Унинг илтижоси ижобат бўлади.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қишлоқда бундай афсона ва ривоятларга қоришиқ масканлар жуда кўп. Улар тарихчи ва археологлар, фольклоршунослар томонидан жиддий ўрганилса, айни муддао бўлар эди.

Чодак туризм қишлоғига айланади

Ўтмиши бой ва гўзал бўлган Чодак охирги йилларда бироз эътибордан четда қолган эди. Шу сабаб бу манзилдан мурожаат ва эътирозлар кўп бўлган. Ҳозирги кунга келиб муносабат ва манзара буткул ўзгарди. Жорий йил апрель ойида ҳатто ҳукуматнинг Чодакни ривожлантириш бўйича махсус қарори ҳам қабул қилинди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Поп туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Эрматовнинг айтишича, ушбу қарор доирасида умумий қиймати 280 миллиард сўм бўлган 257 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши, йўллар обод бўлиши, электр ва ичимлик сувидаги муаммолар барҳам топиши, янги мактаб, боғча ва спорт иншоотлари қурилиши, асаларичилик, эчкичилик ривожлантирилиши кўзда тутилмоқда.

Фурқат Эрматов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Энг асосийси, Чодак туризм қишлоғига айлантирилади ва бунинг учун зарур инфраструктура яратилади.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Чодакда ушбу лойиҳалардан айримлари аллақачон бошланди ҳам. Жумладан, «Апарт Ҳотел Космос» масъулияти чекланган жамияти томонидан Чодакнинг энг юқори қисмида замонавий меҳмонхона ва дам олиш зонаси қурилмоқда. Бу ердан меҳмонлар учун шинам хоналар, кузатув майдончалари, тренажёр зали, бассейн, фитобар, ресторан ва автотураргоҳ ўрин олади.

Фото: Фурқат Эрматов

Чодакка борганимизда энг истиқболли ва жозибали йўналишлардан бири бўлган ушбу лойиҳа жадал амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Асосий мақсад эса Чодакни нафақат ёз ойларида, балки йил бўйи меҳмонларга хизмат кўрсатадиган ҳудудга айлантириш.

Фото: Фурқат Эрматов

Хуллас, кўҳна Чодакда ана шундай гаплар. Наманганга йўлингиз тушса, бу қишлоқни четлаб ўтманг. Келинг, кўринг, гўзал табиатидан баҳраманд бўлинг. Шундан сўнг келгуси гал бундай чорловимизга ўрин қолмаслиги аниқ...