Кобул халқаро аэропорти яқинида портлаш содир бўлди. Ушбу ахборотни Пентагон вакили Жон Кирби тасдиқлаган, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: AP Photo

«Биз Кобул аэрпорти яқинида портлаш содир бўлганини тасдиқлаймиз. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳозирча номаълум»,— дея ёзган Жон Кирби Twitter’даги саҳифасида.

Кейинчалик «Толибон» ҳаракати вакили теракт оқибатида 11 кишининг ҳалок бўлганини маълум қилган.

Pajhwok агентлиги берган хабарга кўра, ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Al Jazeera телеканали хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб, портлаш туфайли камида 15 нафар одамга жароҳат етганини аниқлаган.

The Wall Street Journal ахборотига кўра, портлашдан кейин америкалик аскарларга ҳам талафот етган.

Reuters агентлиги ахбороти бўйича аэропортга шимол томондан кириш йўлида ҳудкуш террорчи ўзини ўзи портлатган. Al Jazeera агентлиги портлашдан кейин аэропорт ҳудудида отишма овозлари эшитилганини ёзган, Туркия Мудофаа вазирлиги ахборотида эса аэропорт яқинида бир эмас, иккита портлаш юз бергани айтилади. Sky News Британия Мудофаа вазирлигига асосланиб берган хабарга кўра, Кобулдаги иккинчи портлаш бомба ўрнатилган автомобиль воситасида амалга оширилган.

Фото: Sky News

Фото: Sky News 

Фото: Sky News

Fox News камида уч нафар АҚШ ҳарбийси портлаш оқибатида жароҳат олганлиги ҳақида хабар берган. Бу «Толибон» ҳаракати мамлакатда ҳокимият тепасига келганидан кейин юз берган биринчи теракт.

Портлаш оқибатида жароҳат олган фуқаролар касалхоналарга киритилмоқда.

Фото: Reuters

Айни вақтда Кобул аэропорти — Афғонистондан бошқа ерга учиб кетиш мумкин бўлган ягона жой. «Толибон» ҳаракати 15 август куни мамлакатда ўз ҳукмронлигини ўрнатганидан кейин аэропорт ҳудудига минглаб одамлар келган ва улар хорижлик дипломатлар, чет эл фуқароларини эвакуация қилаётган самолётларда Афғонистондан қочиб кетишга уринмоқда.

Аввал Ғарб разведка хизматлари ИШИД ҳудкушларининг Кобулда терактлар уюштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. «Толибон» ҳаракати вакили ҳам ИШИД террорчилари томонидан ҳужумлар бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган.