15 августдан буён «Толибон» ҳукмронлиги остида бўлиб келаётган Афғонистонда сўнгги кунларда содир бўлган янгиликлар — «Дарё» дайжестида.

Кун янгиликлари

Фото: Getty Images

«Толибон» ҳаракати 31 августдан кейин Кобулдан эвакуация қилишни тақиқлайди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди. Унинг айтишича, Ғарб мамлакатларида ўз фуқароларини олиб кетиш учун етарлича вақт бор. Аввалроқ «Толибон» АҚШ ва Буюк Британияни 31 августгача Кобулдан ўз ҳарбийлари ва иттифоқчиларини олиб кетмаса, бунинг «оқибатлари» бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Шунингдек, «Толибон» Афғонистон фуқароларини Кобул аэропортига киритмай қўйди, энди аэропортга фақат чет элликлар кириши мумкин. «Толибон» Афғонистон фуқароларининг пойтахт аэропортига боришига ортиқ рухсат бермайди, бунга аэропортдаги тартибсиз вазият сабаб бўлмоқда. Мужоҳиднинг айтишича, аэропорт ҳудудида тўпланган афғонлар уйларига қайтиши керак, уларга ҳеч ким таҳдид қилмайди.

Журналистлар билан суҳбат чоғида Мужоҳиднинг айтишича, «Толибон» АҚШдан афғонларни ўз мамлакатини тарк этишга ундамасликни сўрамоқда, чунки ҳаракат «уларнинг истеъдодларига муҳтож».

Кун воқеалари

«Катта еттилик» (G7) мамлакатлари «Толибон» ҳукуматини қандай шарт билан тан олишини маълум қилди. «Бўлғуси ҳукуматнинг қонунийлиги у халқаро мажбуриятларини ва Афғонистонда барқарорликни таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажаришга қандай ёндашишига боғлиқ бўлади», — дейилади баёнотда.

G7 етакчилари виртуал учрашув якунлари бўйича Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» ҳаракатига мурожаат қилди. Баёнот 24 август куни Буюк Британия ҳукумати томонидан эълон қилинди.

АҚШ, Германия, Франция, Италия, Япония, Британия, Канада ва Евроиттифоқ етакчилари Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади, шунингдек, афғонистонлик қочқинларни қўллаб-қувватлаш ниятини билдирди ҳамда афғонистонлик шерикларини минтақавий барқарорликка қаратилган интилишларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бундан ташқари, G7 «Толибон»ни терроризм, инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ва озчиликлар ҳуқуқлари бузилишига қарши кураш бўйича мажбуриятларни бажармаслик учун жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Бу орада Жаҳон банки Афғонистонга ёрдам дастурини музлатиб қўйди. Банк томонидан 24 август куни эълон қилинган хабарда қайд этилишича, у ҳукумати Жаҳон банкига аъзо бўлган 189 та давлатнинг ҳаммаси томонидан қонуний деб тан олинмаган мамлакатга маблағ ажратиш ҳуқуқига эга эмас.

Кун иқтибоси

«Биз жангни тўхтатмоқчи эмасмиз. Бу ерда, Панжшерда ҳаммаси энди бошланяпти… Таслим бўлиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», — деди Афғонистон Миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд Paris Match нашрига берган интервьюсида. У «Толибон» томонидан тарқатилган, гўёки, Панжшердаги дарада улар қуршовга олингани ҳақидаги хабарни ёлғон деб атади.

Айни пайтда Масъуд «Толибон» билан музокаралар олиб бориш эҳтимолини ҳам истисно қилмади. «Музокараларни ўтказиш мумкин. Ҳамма урушлар чоғида музокаралар олиб борилади. Аммо таслим бўлиш — умуман бошқа нарса. Яна бир марта қайтариб айтаман: мен ҳам, менга бўйсунувчи командирлар ҳам таслим бўлмоқчи эмасмиз», — дея таъкидлади у.

Масъуд АҚШ ҳукуматини қурол бериб, уни қўллаб-қувватлашдан бош тортгани учун танқид қилди. «Саккиз кунгина аввал мен қурол сўраганларнинг тарихий хатосини унута олмаяпман. Рад жавоби олдим. Бу қуроллар — Америкада ишлаб чиқарилган артиллерия, вертолётлар, танклар энди ‘Толибон’ қўлида», — деди у.

Шу билан бирга, у Афғонистон ҳукуматининг тезкорлик билан қулашига тўртта сабаб келтирди. «Бу шунчалик тез содир бўлишининг сабаблари — коррупция, худбинлик сиёсати ҳамда улар ва халқ ўртасидаги улкан, вайронкор жарлик. Яна битта сабаб шундан иборатки, афғон армияси Американинг шартнома асосидаги аскарлари ва унинг кўмагига шунчалик узоқ вақт давомида боғлиқ бўлиб келганки, бусиз у фаолият юрита олмай қолган», — деди Масъуд.

Кун рақами

Фото: Getty Images

600 миллион евро миқдорида гуманитар ёрдам ажратиш ниятини Германия маълум қилди. Дастлаб фавқулодда вазиятда гуманитар ёрдам сифатида 100 миллион евро тақдим этилади, кейинроқ эса яна 500 миллион евро ажратилади, деди Германия канцлери Ангела Меркель G7 вакиллари билан учрашув якунлари бўйича.

Кун таклифи

Фото: Anadolu Agency

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Афғонистонда ушбу мамлакатдаги тожиклар жамоатчилиги иштирокида инклюзив ҳукумат тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 25 август, чоршанба куни Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан Душанбеда бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.

Тожикистон томони қайд этишича, қўшни мамлакатда хавфсизлик борасидаги сиёсий муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча миллий озчиликлар, айниқса Афғонистондаги тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузиш зарур. Таъкидланишича, Афғонистон аҳолисининг 46 фоиздан ортиғини тожиклар ташкил қилади.

Кун фотоси

Фото: AP Photo

Ушбу сурат 2021 йил 24 августида Американинг Германиядаги Рамштайн ҳарбий базасида олинган. Суратдаги болалар Афғонистондан эвакуация қилинган. Уларнинг қаршисида эса америкалик аскар укулеле чалиб бермоқда.