«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
17:59, 24.08.2021 13040

Шаҳло кўзлар гарови: Киприкларни бўяшда фойдаланиладиган тушнинг қандай ўзига хос хусусиятлари бор?

Макияжда муҳим роль ўйнайдиган ва образнинг мукаммал бўлишида ҳиссаси катта бўлган тушдан фойдаланишда нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Кўз шакли

Сиз бунга ҳеч қачон унчалик эътибор қилмаган бўлишингиз мумкин, аммо киприкларни бўяётганда доимий равишда чўткада туш миқдори қанча эканига эътибор қаратиш керак. Ташқи томонига кўпроқ суртиш кўзларни чўзиқроқ кўрсатади. Киприкларни ўртасига урғу бериб бўяш эса кўзларни катта кўринишига ҳисса қўшади. Думалоқ кўрсатиш учун эса пастки киприкларни буткул ёки илдизининг ўзини бўяш керак. Эксперимент қилишдан чўчиманг: кўзларингизни турлича бўяб кўринг ва қайси шакл сизга кўпроқ ёқиши ҳамда ярашишига эътибор беринг. Оддий ва аҳамиятсиздек туйилган жиҳатлар муҳим рол ўйнаши мумкин.

Чўтканинг шаклига эътибор қаратинг

Узунлаштирадиган, қайирадиган ва ҳажм берадиган – аслида буларнинг бари тушнинг эмас чўтканинг ўзига хослиги саналади. Киприкларни қайириш ва кўтариш учун қайрилма, ҳажмли кўрсатиш учун овал шаклидаги ёки ингичка, узунлаштириш учун эса конуссимон ё бўлмаса бурмали, итоатсиз киприклар учун думалоқ шаклдаги чўткалардан фойдаланинг.

Кўз ранги

Туш билан кўз рангига урғу берса бўлади. Бунинг учун жигар ранг кўзли нозик жинс вакилларига жигарранг, мовий кўзли аёл ва қизларга кўк, кўзлари яшил бўлганларга яшил тушдан фойдаланиш тавсия қилинади. Макияждаги бундай усул кўзларни катта кўринишига ҳисса қўшади. Аммо жигарранг кўзлар учун – кўк, мовий кўзлар учун жигарранг, яшил кўзлар учун эса сиёҳранг тушлардан ҳам фойдаланса бўлади. Бундай қарама-қаршилик сабаб кўзларнинг ранги янада ёрқин ва шаҳло кўринади. Биринчи усулда макияж ортиқчаликдан ҳоли ҳамда ва табиий бўлиб чиқса, иккинчисида образ

янада ёрқин бўлади.

Ультразамонавий макияж

Биргина тушнинг ўзи билан камида икки хил ультразамонавий образ яратса бўлади. Бир неча мавсум давомида подиумларда долзарб бўлган образ учун тушни яхшилаб қайта-қайта суртиш керак бўлади. Бунда такрор суртишдан олдин аввалгиси қуриганига эътибор қаратиш керак. Киприкларни узунлаштиришга мўлжалланган тушдан фойдаланиб нафақат юқори, балки пастки киприкларни ҳам бўяш керак.

Иккинчи вариант учун эса – ёрқин рангдаги: пушти, қизил, мовий, кўк ҳамда яшил тушдан фойдаланилади. Улар ёрдамида ҳам юқоридагидек образ яратиш ёки киприкларни керакли йўналишга қараб урғу бериб бўяш мумкин. Бунда асосийси кўз макияжнинг бошқа элементларини ошириб юбормаслик муҳим саналади. Тен сифатида битта рангдан (тилла ранг, мовий, пушти) фойдаланиш керак. Ёрқин рангли туш билан ялтироқ тенлар чиройли кўринади.

Эътиборга молик жиҳат

Туш танлашда киприкларингизнинг ўзига хослиги ва қовоқларингизнинг тузилишини инобатга олинг. Узунлаштирадиган ва ҳажм берадиган тушни танлаш осон, аммо қолганлари билан янглишиш мумкин. Киприк улагандек кўрсатадиган тушлардан яхшиси кечки зиёфат ва тадбирлар учун фойдаланинг. Мимикаларнинг фаоллиги ва қовоқ терисининг намланиши сизни безовта қиладиган бўлса, термотушдан фойдаланиб кўринг. Фақатгина иссиқ сув билан ўчиши мумкинлиги ҳисобига бундай туш билан ҳатто ҳовузда ҳам сузса бўлади. Таркибида силикон бўлган туш ҳам шунингдек, киприкларни алоҳида ва узун кўрсатиш хусусиятига эга – қовоқларингизда из қолмайди.