Ўзбекистон–Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 150 нафар Афғонистон фуқароси ватанига қайтариб юборилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, шу кескин кунларда Ўзбекистон–Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларининг хавфсизлик кафолатларини олиш учун «Толибон» ҳаракати вакиллари билан музокаралар ўтказилган.
«Толибон» раҳбарияти вакиллари билан ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилди.
Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари билан бирга.
Бундан аввал ўзбек-афғон чегарасига элтувчи йўлда автомобиллар ҳаракати яна жонлангани, афғонлар Ўзбекистон ҳудудига баклажкалардан ясалган соллар ёрдамида сузиб ўтаётгани ҳамда Ўзбекистон афғон қочқинларини қабул қилиб, Сурхондарёдаги чодирли шаҳарчага жойлаштиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)