Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Электр тармоқларига уланишдаги жараёнларнинг мураккаблиги, муддатлар узоқлиги ва харажатлар юқорилиги тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Масалан, истеъмолчиларнинг 75 фоизи 20 киловаттгача қувватли электр ишлатадиган кичик цехлар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳисобланади. Лекин уларга ҳам худди йирик корхоналар билан бир хил талаблар қўйилган.

Мисол учун, оддий савдо дўконини электр тармоғига улаш учун 4 та босқичдан ўтиш, 7 миллион сўм харажат ва бунга камида бир ой вақт талаб этилади.

Энергетика вазирлиги томонидан келгуси йил бошидан ушбу масалада янги, қулай тизим жорий этилади. Бунда, электр тармоғига уланиш тўлиқ электрон платформага ўтказилади ва барча жараёнлар бир босқичга туширилади.

Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди.

Ушбу ишлар Давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этилиб, мунтазам назорат қилиб борилади.

Умуман, тадбиркорларни керакли ҳажмда энергия ресурслари билан таъминлаш масъулияти ва жавобгарлиги Энергетика вазирлиги зиммасига юкланишини қонун билан мустаҳкамлаб қўямиз», — деди Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирда давлат раҳбари электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани айни ҳақиқат эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сонидан хавотирда эканлиги, инфляция даражасини келгуси икки йилда 5 фоизга тушириш режа қилингани, Ўзбекистонда тадбиркорларга кредитни миллий валюта — сўмда бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилди.

Тадбиркорларга ўз корхоналари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилишини, мамлакатдаги 13 мингта умумий овқатланиш объекти 2021 йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинишини, ташаббус кўрсата олмайдиган, янги-янги ғояларни кўтариб чиқишга, ўзгариш қилишга интилиши бўлмаган раҳбарларга нисбатан жуда қаттиқ талаб ва чоралар бўлишини ҳам айтди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Чегара масаласининг якуний ҳал этилиши Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади” —  Садир Жапаров 
Дунё
“Бизга ҳайвонлардан ёмонроқ муносабатда бўлишади” — Афғонистонлик қиз “Толибон”нинг чекловлари ҳақида (видео)