1991 йилнинг 19 августига ўтар кечаси СССРда путч бошланган эди: партия раҳбарияти ва генералитет Иттифоқ президенти Михаил Горбачёв ҳокимиятдан четлатилгани, ҳокимият ГКЧП (СССРда Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси)га ўтгани ва фавқулодда ҳолат ҳақида эълон қилган. Тонгда Москва кўчаларида танклар пайдо бўлган, марказий кўчалар ва майдонларни армия бўлинмалари эгаллаган, телемарказ ва марказий телеграфга олиб борувчи йўллар тўсиб қўйилган. Орадан уч кун ўтиб путч якунига етган: Борис Ельцин бошлиқ РСФСР (Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси) раҳбарияти ГКЧП талабларига бўйсунишдан бош тортган, одамлар кўчаларга чиққан, путчистларнинг ўзи эса намойишларни куч билан тарқатиш ва РСФСР парламенти жойлашган Оқ уйни штурм билан эгаллаш ҳақида буйруқ беришга журъат қила олмаган. Meduza ўша даврнинг 10 та энг муҳим суратларида путч воқеаларини тушунтиришга ҳаракат қилади.

ГКЧПнинг СССР Ташқи ишлар вазирлиги биносидаги матбуот анжумани. Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси аъзолари 19 август куни соат 17:00 да журналистлар олдида чиқиш қилган. Суратда марказдаги шахс — СССР ички ишлар вазири Борис Пуго, унинг ўнг тарафида — СССР вице-президенти, ГКЧПнинг номинал етакчиси Геннадий Янаев. Фитнанинг бош ташаббускори деб СССР КГБси раиси Владимир Крючков (бу суратда у йўқ) кўрилади. Матбуот анжуманида Янаев президент Горбачёвнинг бетоблиги ва мамлакатни фалокатга қулашдан сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида гапирган. 24 ёшли журналист Татяна Малкина Янаевга тарихга кирган савол билан мурожаат қилган: «Бугун тунда сизлар давлат тўнтаришини амалга оширганингизни англаяпсизми?».

Фото: Владимир Мусаэлян ва Александр Чумичев / «ТАСС» / Meduza

Оқ уй олдидаги баррикадалар. Бу ерда РСФСР Олий кенгаши, 19 август тонгидан бошлаб путчистларга қаршилик кўрсатиш штаби жойлашган эди. Москвага қўшинлар киритилгач, РСФСР президенти Борис Ельцин ГКЧПнинг ҳаракатларини давлат тўнтариши деб атаган ва ўз тарафдорларини муддатсиз иш ташлаш уюштиришга чақирган эди. 19 август оқшомига келиб, баъзи маълумотларга кўра, Оқ уй олдида бир неча юз минг одам тўпланган. Бино штурм билан эгалланишини тахмин қилган оломон баррикадалар қуришга ва қуролсиз кўнгиллилар ҳаракатини тузишга киришган.

Фото: Александр Неменов / AFP / Meduza

Танк устидаги Борис Ельцин — у ўз тарафдорларини ГКЧПга бўйсунмасликка ва демократик Россияни ҳимоя қилишга чақирмоқда. Телемарказ армия томонидан назорат қилинаётгани ва расмий янгиликлар дастурлари оралиғидаги танаффусда фақат классик мусиқа ва «Оққуш кўли» балети намойиш этилганига қарамай, Ельциннинг мурожаати «Время» дастурининг кечки эфирида кўрсатилган.

Фото: Владимир Павленко / PhotoХПресс / Meduza

Москванинг Калинин шоҳ кўчаси (Янги Арбат кўчаси)даги БМП (пиёданинг жанговар машинаси), 1991 йил, 20 август. Қўшинлар ва ҳарбий техника комендантлик соати ижросини назорат қилиши лозим эди. 21 августга ўтар кечаси Москванинг бир қатор нуқталарида ҳарбийлар ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Садовая ҳалқа йўли ва Калинин шоҳ кўчаси кесишмасида уч киши ҳалок бўлган.

Фото: Владимир Федоренко / «Спутник» / Meduza

Садовая ҳалқа йўлидаги баррикадалар олдидаги одамлар, 1991 йил, 21 август. Шу куни тонгда СССР мудофаа вазири Дмитрий Язов Москвага қўшинларни киритиш ҳақида буйруқ берган. Оқ уйни штурм билан эгаллаш ва намойишчиларни куч билан тарқатиш ҳақидаги буйруқ берилмаган. ГКЧП аъзолари ўз хотираномаларида Олий кенгашни штурм билан эгаллаш мақсади ҳеч кимда бўлмаганини таъкидлайди, аммо танкларни қўллаган ҳолда ва КГБ махсус бўлинмаси иштирокида бинони штурм қилиш бўйича батафсил режа ишлаб чиқилган бўлган.

Фото: Александр Неменов / AFP / Meduza

Михаил Горбачёв Москвадаги «Внуково» аэропортида, 1991 йил, 22 август. Путч кунлари СССР президенти Қримдаги дала-ҳовлисида бўлган. ГКЧПнинг ташкил этилиши арафасида бўлажак путчистлар фавқулодда ҳолатнинг жорий этилишини муҳокама қилиш мақсадида Горбачёвнинг олдига учиб борган. Ундан рад жавоби олингач, дала-ҳовлидаги алоқа узилган, ҳудуд қуршаб олинган, президент самолётига тўсиқ қўйилган.

Фото: Юрий Лизунов / «ТАСС» / Meduza

Москвадаги «Ғолиблар митинги», 1991 йил, 22 август. Путчнинг муваффақиятсизлигидан кейин Оқ уй олдида бўлиб ўтган намойишга бир неча юз минг киши чиқди. Митингда чиқиш қиларкан, Борис Ельцин ГКЧПга қарши кураш байроғига айланган триколор (уч рангли байроқ) шу кундан эътиборан Россия давлат байроғи бўлишини эълон қилди. Пешинда байроқ Олий кенгаши биноси узра ҳилпирай бошлаган.

Фото: Дмитрий Коротаев / AFP / Meduza

Москвада Феликс Дзержинский шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг олиб ташланиши, 1991 йил, 22 август. ГКЧПнинг мағлубиятдан сўнг СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) биноси олдида катта оломон тўпланган. Кўплаб гувоҳликларга кўра, КГБдагилар оломоннинг бинога бостириб киришидан хавотирланган, бироқ РСФСР Олий кенгаши депутатлари қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида намойишчиларни тажовузкорликдан қайтарган.

Фото: Сергей Мамонтов / «ТАСС» / Meduza

Москва марказида ҳарбийлар билан тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлган намойишчиларнинг дафн маросими, 1991 йил, 24 август. 37 ёшли Владимир Усов, 28 ёшли Иля Кричевский ва 22 ёшли Дмитрий Комар ўлимидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Фото: Дмитрий Коротаев / AFP / Meduza

Оқ уйнинг мармар фасадида ғолиблар томонидан қолдирилган ёзув. 1991 йил, 22 август.

Фото: Владимир Машатин / «ТАСС» / Meduza