Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АҚШда аниқланган – юқиш ва ўлим хавфи юқорилиги айтилган йота штамми республика ҳудудига кириб келгани борасидаги изоҳларга жавоб берди.
«Ҳозирча АҚШнинг Нью-Йорк штатида аниқланган йота штаммининг Ўзбекистон ҳудудида аниқлангани ҳақида маълумотлар йўқ. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳудудида қайси вирус айланиб юрганини аниқлаш мақсадида этиологик омилни аниқлаш нуқтаи назаридан идентификация ва мониторинг ишлари амалга ошириляпти. Шу сабабли бу каби штамм мамлакат ҳудудида аниқланадиган бўлса, хабар берилади», — дейди Нурмат Отабеков.
Отабековнинг таъкидлашича, дунё ҳамжамиятининг фаол иштирокчи давлати сифатида мазкур штаммнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас.
Унга кўра, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эпидемиологик вазият жиловланмаган, касалланиш ҳолатлари юқорилигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 январь куни коронавируснинг «британча» штамми Ўзбекистонга кириб келгани маълум бўлганди. 24 июнда эса мамлакатда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқланганди.
Изоҳ (0)