Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Қора денгизда нима бўлди?

7 август, шанба куни кечқурун Каспий қувур консорсиуми (КҚК; унинг эгаларидан бири Россия давлати ҳисобланади)да нефть отилиб чиқиши юз берди. Ҳодиса Грециянинг Minerva Symphony танкерига қирғоқдан олти километр узоқликда жойлашган тиркама причал ускунаси ёрдамида хом ашё ортиш чоғида юз берди. Терминалнинг ўзи Жанубий Озереевка (Новороссийск)да жойлашган. КҚК авария сабаби сифатида причал ускунаси таркибига кирувчи «гидрокомпенсатор ички бўшлиғининг емирилиши»ни айтди.

Авария ҳақидаги хабарни консорсиум икки кун ўтибгина, 9 август, душанба куни эълон қилди. Релизда айтилишича, компания сузувчи тўсиқлар қўйиб, нефтни йиғиб олиш учун тўртта нефть тўплаш тизимини ва идишларни ишга солиб, 7 август куни кечқурун нефть ёйилишини тўхтатган, 8 август куни эса вазият «нормаллаштирилган ва маҳаллий аҳоли, флора ва фауна учун хавф туғдирмаган». Шунингдек, консорсиум денгизга тахминан 12 кубометр нефть оқиб кетгани ва у 200 метр квадрат майдонга ёйилганини маълум қилди.

Қора доғ — нефть ёйилган майдон

Қора доғ — нефть ёйилган майдон
Фото: Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти

Аммо эртасигаёқ, 10 август куни Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти (РФА КТИ) сунъий йўлдошдан олинган маълумотларга асосланиб, 8 август куни нефть тарқалган майдон 400 минг марта каттароқ бўлганини, яъни 200 метр квадрат эмас, балки 85 километр квадрат бўлганини хабар қилди (бу янгилик ОАВларда 11 август куни кенг тарқалди). РФА КТИ маълумотларига кўра, авариядан кейинги кунлар ичида нефть оқиб тушган майдон 0,26 дан 85 километр квадратгача кенгайган.

Ҳозир нима қилиняпти?

Нефть билан ифлосланиш изларини Абрау-Дюрсо ва Анапада аллақачон сезишди — улар авария жойидан соҳил бўйлаб тегишли равишда 15 ва 35 километр узоқликда жойлашган. «РБК» ёзишича, нефть ёйилиб кетганидан кейин Катта Утриш (Краснодар ўлкасидаги қўриқхона)да Анапа дельфинарийси ходимлари сув юзасида ёғ доғларини кўрган ва жониворлар заҳарланмаслиги учун тўсиқлар ўрнатиб чиққан.

Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF)нинг Россиядаги бўлинмаси бизнеснинг экологик жавобгарлиги дастури раҳбари Алексей Книжников маҳаллий аҳоли томонидан олинган фото ва видеотасвирларга таяниб маълум қилишича, Абрау-Дюрсо ва Утриш қўриқхонаси ўртасидаги қирғоқнинг тахминан 7 километр қисми, шу жумладан, «жуда қимматли ҳудудлар» нефть билан ифлосланган.

2020 йилда Норилскда дизель ёнилғиси оқиб кетишидан етган зарарни баҳолашга раҳбарлик қилган Россия бош вазири ўринбосари Виктория Абрамченко «Росприроднадзор» (Табиатдан фойдаланиш соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмат)га РФА КТИ ахборотини текширишни ва Қора денгизга нефть оқиб кетишининг ҳақиқий кўламини аниқлашни топширди.

«Росприроднадзор» ҳозир нефть оқиб тушган жойда иш олиб бормоқда. «Биз намуналар олдик, зарарни ҳисоб-китоб қиляпмиз», — деди идора вакили ва уларда коинотдан тасвирга олиш имконияти йўқлигини айтди. Бундан ташқари, «Росприроднадзор» нефтни насос билан тортиб оладиган ускунанинг маҳсулдорлигини ва суюқликнинг оқиш вақтини аниқлаши керак. Идора раҳбари Светлана Радионова тегишли сўровларни Новороссийск портига ва маҳаллий полицияга юборганини маълум қилди.

11 август куни Россия Тергов қўмитаси денгиз муҳити ифлосланиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғагани маълум бўлди; жиноятга алоқадор шахслар аниқланмоқда.

https://www.instagram.com/p/CSWWXN1iicN/?utm_source=ig_embed&ig_rid=e18e6f83-e548-4ad9-ad9d-ea2e54522846

Вазият қанчалик ёмон?

«Қирғоқдан денгиз томонга эсаётган шамол туфайли нефть соҳилгача келмади ва уни тозалаш керак бўлмайди, ёғ доғи эса 11 август куни кечқурунга келиб йўқолиб кетиши мумкин, чунки нефть зарралари тез буғланади, айниқса, ҳозир Новороссийскда кузатилаётган иссиқ ҳавода», — деганди РФА Океаншунослик институти бош илмий ходими Андрей Костяной. Айнан у ўз ҳамкасби билан 8 август куни кечқурун акваторияни сунъий йўлдошдан мониторинг қилиш чоғида нефть оқиб тушганини аниқлаган эди.

Аммо WWF Россия бўлинмасидан Книжниковнинг айтишича, ифлосланишларнинг ҳаммаси ҳам сув юзасида кўринмайди: «Нефть сув остига оқиб тушган, юзага эса унинг енгил парчалари қалқиб чиқади, улар жуда юпқа плёнка кўринишида оқиб кетавериши мумкин; уни йиғиб олиш имконияти деярли йўқ ва у мисли кўрилмаган даражада кенг майдонларга тарқалиб кетади, биз бунга гувоҳ бўлдик ҳам — қарийб бир кунда ифлосланиш майдони 100 километр квадратга етди. Йилнинг илиқ даврида бундай плёнкалар ҳақиқатан ҳам тез буғланади, тўлқинлар таъсирида тез парчаланади ва бир-икки кундаёқ сезиларли излар қолмайди — аммо бу денгизда нефть қолмайди дегани эмас».

Нефтьнинг оғирроқ парчалари сув қатламида тарқалади, деб ҳисоблайди Книжников, тўлқинлар сабабли эса бу нефть сувда қисман эриб кетади ва атроф-муҳитга заҳарли таъсир ўтказади, эҳтимол соҳилни ҳам ифлослантиради.

WWF Россия дастури раҳбари 2002 йилда Испания соҳилларидан 200 километр узоқликда чўкиб кетган Грециянинг «Престиж» танкер тарихини эсга олди. Ўшанда денгизга 63 минг тонна мазут (нефть қолдиғи) оқиб кетган, бироз вақтдан кейин эса нефть маҳсулотлари қирғоқни ифлослантиришни бошлаган эди. Оқибатда Португалиядан жануби-ғарбий Францияга қадар бўлган бутун қирғоқ бўйи нефть маҳсулотлари билан ифлосланди, 250 мингдан ортиқ қуш ҳалок бўлди, бу Европа тарихидаги рекорд кўрсаткич.

Minerva Symphony’га юк ортиш чоғида Қора денгизга қанча нефть оқиб кетгани аниқ эмас. КҚКнинг 12 кубометр нефть ҳақидаги маълумотлари авариянинг биринчи кунига тааллуқли, ўшанда консорсиум ифлосланиш майдони бор-йўғи 200 метр квадратни ташкил этишини маълум қилганди. Денгизга тушган нефть миқдорини аниқлаштириш билан «Росприроднадзор» шуғулланмоқда.

Кейинроқ «Роспотребнадзор» Новороссийскда чўмилиш зонасидаги денгиз суви гигиена меъёрларига жавоб бериши ҳақида маълум қилди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Ўзбекистонда банан нархи ошиб бормоқда. Энди мева истеъмоли камаядими?
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 декабрь ёғингарчиликсиз ўтади
Дунё
Совуқ урушни бошлаган Черчилл, Чехиядаги шифохонада оммавий қотиллик ва Чили диктатори Пиночетнинг ўлими. Кун хронологиясида 10 декабрь