АҚШ ҳукумати келаси ҳафта бошида Беларусга қарши янги санкциялар пакети жорий этилганини эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ Конгрессидаги манбаларига таяниб хабар тарқатган.
Маълумотларга кўра, Беларусга қарши янги чекловлар 9 август куни, яъни мамлакатдаги сайловларга роппа-роса бир йил тўлганида эълон қилинади. АҚШ Молия вазирлиги, давлат департаменти ва Оқ уй «ТАСС» агентлигининг ушбу ахборотни тасдиқлаш ёки бу бўйича қўшимча маълумот бериш юзасидан сўровига жавоб бермаган.
Ушбу қарорлар АҚШга Беларусь президентлиги учун собиқ номзод, мухолифат вакили Светлана Тихановксаянинг Нью-Йоркда Беларусь диаспораси, Вашингтон вакиллари билан учрашувларда Минскка қарши санкцияларни кенгайтириш бўйича мурожаат қилгани ва бу борада унга ҳеч қандай ваъдалар берилмагани туфайли чиқарилган бўлиши мумкин.
Ўз навбатида Тихановскаянинг Вашингтонга сафари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлган манба «ТАСС» агентлигига АҚШнинг Беларусга қарши янги санкциялар борасида иш олиб бораётганини билдирган, аммо у ҳам айнан қайси соҳаларга нисбатан чекловлар ўрнатилишига аниқлик киритмаган.
«Тихановская АҚШ ҳукумати вакилларидан бу ҳақда илтимос қилган, лекин Вашингтон санкциялар жорий этиш ёки этмаслик масаласини мустақил белгилайди», – дея қўшимча қилган манба.
Беларусда 2020 йил 9 августда президентлик сайловлари ўтказилган ва унда Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонган. Тихановская иккинчи ўринни эгаллаган ва сайловлар ҳаққоний ўтмаганлигини билдириб, мамлакатдан чиқиб кетган. Кейинчалик Тихановксая ташаббуси билан Мухолифат мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилган ва унинг асосий вазифаси ҳукуматдан бошқарувни олиш деб белгиланган. Кейинчалик кенгаш фаолияти республиканинг амалдаги ҳукумати томонидан ноқонуний деб топилган.
Аввал Светлана Тихановскаянинг Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан учрашгани, тадбирда Беларусдаги фуқаролик жамияти, сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилаларига, талабаларга, тиббиёт ходимлари, ишчилар ва бошқа аҳоли қатламларига ёрдам бериш дастурини муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди.