Microsoft компаниясининг асосчиси Билл Гейтс Мелинда Гейтс билан ажрашиши юзасидан изоҳ берди. CNN’га берган интервьюсида миллиардер рафиқаси билан айрилишини ҳаётидаги энг «нохуш давр» деб атаган.
«Мелинда — ажойиб инсон. Мавжуд ҳамкорлигимизни якунига етиши катта қайғу, албатта. Биз аввалгидек мулоқот қилишда ва Bill & Melinda Gates Foundation фондида ишлашда давом этамиз ҳамда ушбу ҳамкорликни сақлаб қолишга уринамиз», — деган Гейтс.
Жуфтликнинг ажрашишини эҳтимолий сабаби Билл ва Microsoft ходими ўртасидаги муносабат билан боғлиқлиги айтилмоқда. Гейтс бунга изоҳ бермаган, аммо содир бўлган ҳодисадан афсусдалигини тан олган. «Бу мулоҳаза қилиш вақти ва бу даврда мен олға ҳаракат қилишим керак. Ишим мен учун жуда ҳам муҳим», — деган у.
2020 йилда миллиардер Microsoft директорлар кенгашини тарк этган. У ўз хоҳишига биноан кетаётганини маълум қилган, аммо The New York Times’да ёзилишича мазкур қарор можародан қочиш учун қабул қилинган. Қайд қилинишича Билл Мелинда билан ажрашишга қарор қилишидан аввалроқ Microsoft ёки хайрия фондида ишлайдиган аёлларни учрашувга таклиф қилган.
Ажрашишга Гейтснинг жинсий зўравонликда айбланган молиячи Жеффи Эпштейн билан дўстлиги ҳам сабаб бўлган, деган тахмин бор. Миш-мишларга қараганда Мелиндага Биллнинг айбловларга қарамай Эпштейн билан мулоқот қилишда давом этгани ёқмаган. Гейтс берган интервьюсида Жеффи билан дўстлашганидан афсусда эканини таъкидлаган. «Миллиардларни унинг алоқалари орқали глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги хайрияларга йўналтиришни умид қилган ҳолда у билан бир неча марта овқатландим. Бу содир бўлмаслигини ҳис қилганимдан кейин муносабатларимиз якунига етди. У билан вақт ўтказиш катта хато эди», — деган миллиардер.
Маълумот учун, 56 яшар Мелинда ва 65 ёшли Биллнинг ажрашмоқчилиги 2021 йилнинг майида маълум бўлган. 27 йил бирга яшаган жуфтликнинг турмуши давомида уч нафар фарзанд дунёга келган. Айни вақтда тўнғич фарзанди Женнифер 25, ўртанча ўғли Рори 22 ҳамда кенжа қизи Фиби 19 ёшда. Жуфтлик расман 2 август куни муносабатларига нуқта қўйган. Мелинда ажримдан кейин фамилиясини ўзгартирмаган. Суд томонидан эълон қилинган ҳужжатларда мулкни тақсимлаш ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Forbes маълумотига кўра, молиявий аҳволи 130 миллиард долларга баҳоланадиган Гейтснинг исми Сайёранинг энг бадавлат кишилари рўйхатида тўртинчи бўлиб туради. Ажрашгунига қадар Гейтслар Сиэтлдан узоқ бўлмаган соҳил бўйидаги 125 миллион долларлик уйда яшаган. Шунингдек, жуфтлик Калифорния штатидаги 43 миллион долларлик уйга, Флоридадаги 59 миллион долларлик ранчо ва Ваёмингдаги турар жойга эгалик қилади.
Уларнинг кўчмас мулкдан ташқари, шахсий самолёт ҳамда Леонардо да Винчининг ишларини ўз ичига оладиган 30 миллион долларлик бадиий тўпламни ҳам бўлишишига тўғри келади.
Аввалроқ Биллнинг Бодрумда дўстлари билан бирга дам олаётгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- «Ишдаги ишқ» ва 1 миллион долларлик тўй: 27 йиллик турмушдан сўнг ажрашаётган Билл ва Мелинда Гейтснинг муҳаббат тарихи (фото)
- Билл Гейтс, Марк Цукерберг ва пулларини фарзандларига қолдиришни хоҳламайдиган бошқа машҳурлар (фото)
- Билл Гейтсдан Арнольд Шварсенеггергача: коронавирусга қарши эмланган машҳурлар (фото)