«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
18:09, 05.08.2021 15077

COVID-19 туфайли Хитой ўз фуқароларига хорижга чиқиш паспорти беришни вақтинча тўхтатади

Дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг ортиши муносабати билан Хитой ҳукумати ўз фуқароларига хорижга чиқиш паспорти беришни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда ХХР Давлат миграция бошқармаси чегара назорати бўлими бошлиғи Лю Хайтаога асосланиб, Sinxua агентлиги хабар берди.

Фото: Getty Images

Хитойликлар фақат фавқулодда ҳолатлардагина мамлакатни тарк этиш учун рухсат олиши мумкин бўлади. Ҳукумат бошқа давлатга сафар қилиш бўйича берилган аризаларни қатъий текширади. Лю, шунингдек, Хитойга олиб кириладиган товарлар эпидемиологик назоратдан ўтиши ҳақида огоҳлантирди.

Бошқа мамлакатдан Хитойга кириб келувчи ҳар қандай турдаги транспортда коронавирус излари ёки инфекция юқтирганлар бор-йўқлиги текширилади. Чегара хизматлари инфекциянинг ХХРга киришининг олдини олиш учун ноқонуний миграция устидан назоратни кучайтиради. Шунингдек, Хитой чегарачилари қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан биргаликда касаллик тарқалишига қарши чоралар самарадорлигини оширади.

Хитойнинг 25 та шаҳрида, шу жумладан, пойтахт Пекин ва Уханда 400 га яқин одам COVID-19 юқтирган. Бу ўтган йили у ерда биринчи марта коронавирус авж олган вақтлардан буён илк маротаба кузатилмоқда. Касалликка чалиниш ҳолатлари 31 провинциянинг 17 тасида аниқланган.

Бир кун аввал 71 та маҳаллий вирус юқиш ҳолати қайд этилди, бу январь ойидан буён энг юқори кунлик кўрсаткич. Касалланиш ҳолатларининг деярли ярми аэропорт кластери жойлашган Сзянсу шаҳрига тўғри келади. Провинция ҳукуматлари аҳолига ўз ҳудудларини тарк этмасликни маслаҳат бермоқда.

Июль бошида бутун дунёда дельта штамм тарқалаётгани оқибатида Хитойда ҳам COVID-19 билан касалланган беморлар кўпая бошлади. Коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари туфайли Хитойнинг бир нечта шаҳарларида аэропортлар ёпилди, поездлар ҳаракати чекланди ва карантин жорий этилди. Нанкин шаҳрида деярли барча аҳоли, яъни 8,7 миллион кишидан коронавирусга тест олинди.

Бошқа янгиликлар