Қашқадарё вилоятида муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга 1 миллиард 158 миллион сўм моддий ёрдам бериладиган бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов маълум қилди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

Таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилнинг 23 июль куни бўлиб ўтган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектор йиғилишдаги топшириққа кўра, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳар куни аҳоли билан учрашиб, узоқ ҳудудлардаги фуқаролар билан Zoom орқали жонли мулоқот қилмоқда.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

«Вилоят ҳокими томонидан Яккабоғ ва Касби туманларида ўтказилган сайёр қабуллар ва барча туман (шаҳар)ларда яшовчи фуқаролар билан Zoom орқали онлайн ўтказилган қабулларда тушган мурожаатларга кўра, ‘Саховат ва кўмак’ жамғармаси вилоят бўлимидан муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси қарори билан 1 миллиард 158 миллион 300 минг сўм маблағ ажратилди», — дейди Аҳрор Содиқов.